Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:48

Шаҳрисабз мулозимларига чироқ учун 500000 сўмдан "солиқ" солинди


Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида барча идора-ташкилотларнинг раҳбарларига 500 минг сўм, бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлайдиганларга 300 минг сўм, бошқа ишчиларга эса 200 минг сўмдан электр энергияси учун пул тўлаш мажбурияти юклатилди. Шаҳрисабздаги манбаларга кўра, бу электрдан қарзи бор ёки йўқлигидан ташқари барча ишчи-хизматчиларга бирдай тааллуқли. Акс ҳолда ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.

Куни кеча Шаҳрисабз туман ҳокимлигида ўтган йиғилишда шаҳар ва тумандаги барча ишчи-хизматчиларга электр энергияси учун пул тўлаш мажбурияти юклатилди. Бу ҳақда ушбу йиғилишда қатнашган шаҳрисабзлик манба Озодликка маълум қилди.

"Шаҳрисабзда ажойиб ишлар бўляптида. Туман ҳокими Норов жаноблари бугун барча ташкилот раҳбарларини йиғиб "ҳамманг свет учун 500 минг, замларинг 300 минг, бошқа ходимларинг 200 минг сўм тўлайсанлар, бўлмаса, аризангни ёзиб ишдан бўшайсан. Туманнинг карзи 5 миллиард сўм бўлиб кетган. Шунинг учун ҳамманг шу қарзни ёпиш учун ўз ҳиссангни қўшишинг керак" деб йиғилишда айтди", дея маълум қилди шаҳрисабзлик манба.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигидаги масъул шахс ишчи-хизматчиларга чироқ учун "солиқ" солинганини тасдиқлаб, буни электр энергияси бўйича қарздорликни тугатиш тадбири сифатида изоҳлади:

"Селекторда ҳар куни светни разбори бўлаяпти. Ҳар куни соат 9га отчёт олинаяпти. Свет бўйича қарздорликни ёпиш учун туманда олтита ишчи гуруҳ тузилган. Штаб ҳам ишлаяпти. Шу йўл билар қарздорликни тугатишни режалаштираяпмиз. Бўлмаса қарздорлик ошиб кетаяпти. Ҳеч ким ўзидан билиб тўламаяпти", деди ҳокимлик масъули.

Лекин суҳбатдош туман ҳокими Фахриддин Норов томонидан ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинганини инкор қилди:

"Ҳеч қандай бунақа гап бўлгани йўқ. Ким қанча тўлаши ҳақида кўрсатма берганмиз холос. Ҳамма ўзи хоҳиши билан тўлаяпти. Қанча ташкилот бўлса, барчасига юклатилган. Мактаб ва коллеж директорлари, қурилиш идоралари бошлиқлари, барча бюджет ва тижорат ташкилотлари раҳбарлари 500 минг сўмдан тўлашади. Идораларда зам бўлиб ишлайдиганлар, бухгалтерлар 300 минг сўмдан. Ўқитувчилар, докторлар ва бошқа ишчилар 200 минг сўмдан бериши керак. Пул ўзини ҳисобига ёзилади. Бошқа биров учун тўламаяпти-ку", деди Шаҳрисабз туман ҳокимлиги масъули.

Шаҳрисабзлик манба туман ҳокимлигининг бу тадбиридан норози эканлигини айтади:

"Бу қарз кимники бўлса, ўшаларни ўзига тўлатса бўлмайдими. Бизни бу ерда айбимиз нима? Давлатдан ойлик олганимизми? Қарз ўзи давлат ишида ишламайдиган одамларники бўлса. Уларга тўлата олмагандан кейин, бизга ёпишиб олган. Ўзи бу ёғи янги йилга тайёргарлик кўриш керак", дейди шаҳрисабзлик манба.

Туман ҳокимлигининг электр бўйича қарздорликни тугатиш борасидаги топшириғини бажариш учун Шаҳрисабзда олтита ишчи гуруҳ тузилган. Почта ходимлари эса аҳолидан пулни қабул қилиш билан шуғулланмоқда.

"Биз қарздорликни териб, қабул қилиб оламиз. РЭСда туман ҳокимлиги ва вилоят ҳокимлигидан одамлар ўтирибди. Селектордаги гапдан кейин раҳбарлар ҳам тўлашни бошлади. Масъуллар қарзи борларни чақиртириб, гаплашаяпти. Қарзи йўқлиги ҳақида справка олиб келса, бу инобатга олинаяпти", деди "Шаҳрисабз почтаси" идораси масъулларидан бири.

Шаҳрисабз туман электр тармоқлари идорасининг ўзини таништирмаган мулозими туман аҳлининг электр энергиясидан қарздорлиги кўплигини таъкидлади, бироқ қарз миқдорини очиқламади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда электр тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда.

Электр таъминотидаги чеклашлар нафақат қишлоқларда, балки мамлакат пойтахтида ҳам кузатилаяпти.

Жорий йилда электр тақчиллиги боис ҳатто Тошкентдаги бош арча чироқлари бир ҳафтага кечикиб ëқилди.

Ўзбекистон вилоятларида свет йўқлиги билан боғлиқ оғир шароит боис туғруқхоналарда чақалоқлар нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG