Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:15

Россия муҳожирларга жорий қилган янги тартиблар қандай?


2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Россия муҳожирларга оид қатор янги тартиб-қоидаларни жорий қилди. Ozodjavobнинг навбатдаги сонида ушбу тартиб-қоидалар ортидан туғилган бир қанча саволларга жавоб излаймиз.

Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлари учун киритган тартиб-қоидалардан қуйидаги 5таси энг асосийси ҳисобланади:

1. МДҲ фуқаролари эндиликда Россияга фақат хориж паспорти билан киради.

2. Россияда ишлашни истаган хорижлик янги турдаги патент олиши керак.

3. Янги йилдан бошлаб меҳнат муҳожирлари 3 та имтиҳон топшириши лозим.

4. Меҳнат муҳожирларига тиббий суғурта олиш мажбурияти ҳам юклатилди.

5. Эндиликда қонунни бузган муҳожир 10 йил давомида Россияга киритилмайди.

Озодлик муштарийларидан айнан ушбу 5 та ҳолат бўйича кўплаб саволлар келдики, мутахассислар кўмагида уларга жавоб излаймиз.

Россияга фақат "загранпаспорт" билан кирилади

Янги йилнинг 1 январидан МДҲ давлатлари фуқаролари Россияга фақат хорижий паспорт билан кириши мумкин.

Ўзбекистондан ташқари МДҲдаги деярли барча давлатларда икки паспортлик режим амалда бўлиб, фуқаролар ўз мамлакати ҳудудида ички паспорт билан юради. Чет элга чиқиш учун эса хорижий паспорт олиши лозим бўлади.

Шунинг учун бу мамлакатлар фуқаролари Россияга хорижий паспортлари билан боради.

Ўзбекистонда эса, фуқаронинг биттагина - ички ва айни пайтда хорижий паспорти бор. Бироқ Ўзбекистон виза тартиби бўлган хориж давлатларига чиқаётган фуқаролари учун чиқиш визасини жорий қилган.

Лекин Россия борди-келди тартиби визасиз бўлгани боис ушбу мамлакатга бориш учун ўзбекистонликлар чиқиш визаси олиши шарт бўлмайди.

Москвадаги “Ватандош” Ўзбеклар жамияти раҳбари, юрист Усмон Баратов худди шу ҳолатни тушунтирар экан, бундай деди:

- Ўзбекистоннинг паспорти автоматик "загранпаспорт" ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаролари бемалол олдин қанақа кириб юрган бўлса, шундай киришади,- дейди юрист Баратов.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтидаги маълумотга кўра, Божхона иттифоқига аъзо Қозоғистон ва Беларус фуқароларига ҳам ушбу тартиб қўлланилмайди.

Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановскийнинг матбуотга билдиришича, Қирғизистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиш ҳаракатлари бораётгани учун қирғизистонликларга ҳам бу тартиб қўлланилмайди. Май ойида Қирғизистоннинг ушбу Иттифоқ аъзосига айланиши кутилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Украинадаги ички сиёсий вазият боис украиналикларнинг ҳам ички паспорт билан Россияга кириш имконияти ҳозирча сақлаб қолинган.

Янги патент тизими ҳақида:

Россия 1 январдан бошлаб меҳнат муҳожирлари учун ишлашга рухсат берувчи патент тизимини жорий қилди.

Янги тартибга кўра, меҳнат муҳожири Россияда ишлаш учун патентни бир ой муддатга олади ва уни бир йилгача узайтириши мумкин бўлади.

Муҳожир ишлаш учун патентни Россияга кирганидан бошлаб 30 кун ичида олиши лозим.

Бир йилдан сўнг муҳожир патентни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқига эга. Шундан сўнг у Россияни тарк этиши лозим. Лекин қонунга кўра, муҳожир Россиядан чиққанининг эртасига қайтиб келиш имконига ҳам эга.

Патент олиш учун меҳнат муҳожири қуйидагиларни:

судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома;

яшаш учун турар-жойи борлиги ҳақидаги маълумотнома;

тиббий суғурта полисини

тақдим қилиши лозим.

Янги қонунга кўра, муҳожирга ишлаш учун патент берилмаслиги ёки амалдаги патенти бекор қилиниши ҳам мумкин.

2014 йилда берилган патентлар ўзининг амал қилиш муддати якунлангунига қадар ўз кучини сақлаб қолади ва уларнинг аванс тўловлари аввалги нархлар асосида патент муҳлати якунига қадар ишлайди.

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб:

Москва шаҳри ва Москва вилояти, Томск вилоятида меҳнат муҳожири патент учун ойига 4 000 рубль,

Санкт-Петербургда – 3 000 рубль,

Севастополь ва Самара вилоятида – 2 500 рубль,

Рязань вилоятида – 2807 рубль қилиб белгиланган.

Россиянинг бошқа вилоятлари бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

Рус тилини билмаган муҳожир Россияда ишлай олмайди

1 январдан кучга кирган янги қонунга кўра, Россияда ишламоқчи бўлган муҳожир 3та турдаги:

рус тили,

Россия тарихи

Россия қонунчилиги

бўйича имтиҳон топшириши шарт ҳисобланади.

Патент олиш учун муҳожир Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича 10тадан саволга жавоб бериши лозим.

Доимий яшаш рухсатномаси (Вид на жительство) олмоқчи бўлган муҳожир эса 20тадан саволга жавоб беришига тўғри келади.

ФМС ходимларига кўра, 3та имтиҳон учун 2,5 соат вақт ажратилган бўлиб, меҳнат муҳожири ҳар 10та саволдан 5тасига тўғри жавоб бериши етарли ҳисобланади.

Имтиҳон муҳожир ишлаётган ташкилотнинг ўзида ҳам топширилиши мумкин. Бунинг учун махсус мутахассислардан иборат мобил гуруҳ муҳожирларнинг иш жойига боради. Лекин бу муҳожирлар сони 25 одамдан кам бўлмаган ташкилотлардагина амалга оширилади. Иш берувчи муҳожирлар имтиҳони учун олдиндан буюртма бериши лозим бўлади.

Муҳожир имтиҳондан ўтгани ҳақидаги махсус сертификатга эга бўлсагина Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини олиши мумкин. Ушбу сертификат беш йил давомида ҳақиқий ҳисобланади.

Ҳар бир имтиҳондан ўтиш учун 5000 рубль тўлаш лозим бўлади. Имтиҳондан ўта олмаган муҳожир уни қайта топшириши мумкин. Айни пайтда Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар имтиҳондан ўтиш учун пора таклиф қилиниши мумкинлигини ҳам айтишмоқда.

Юқори малакали мутахасислар, 18 ёшга тўлмаган болалар ва Ватандошлар дастури (ўзи ёки ота-боболари аввал Россия ёки СССР фуқаролари бўлганлар) бўйича келганлар ушбу учта имтиҳонни топширишдан озод қилинганлар.

Тиббий суғурта мажбурияти

Эндиликда Россияда ишламоқчи бўлган муҳожир тиббий суғурта полисига эга бўлиши лозим. Акс ҳолда унга ишлаш учун патент берилмаслиги мумкин.

Агар иш берувчи муҳожирга тиббий кўмак кўрсатишни ўз зиммасига олган бўлса, муҳожирдан тиббий суғурта полиси талаб қилинмайди.

Иш берувчи агар меҳнат муҳожирининг тиббий суғуртаси муддати ўтган тақдирда уни ишдан ҳайдаш ҳуқуқига эга.

Тиббий суғурта полисининг энг арзон пакети 10 минг рублни ташкил қилади.

Депорт бўлган муҳожир Россияга 10 йил киритилмайди

Президент Владимир Путин 31 декабрь куни имзолаган янги қонунга кўра, миграция қонунчилигини бузган муҳожирнинг Россияга 10 йил давомида кириши тақиқланди.

Ушбу қонунга кўра, агар муҳожир Россияда бўлиш муддати тугагач, ноқонуний равишда 270 кундан ортиқ қолган бўлса, унга 10 йиллик тақиқ қўлланилади.

Агар муҳожир 180 кундан 270 кунгача Россия ҳудудида ноқонуний юрган бўлса, унинг 5 йил давомида ушбу мамлакатга кириши тақиқланади.

Федерал Миграция хизмати маълумотига кўра, сўнгги икки йил давомида 1 миллион 200 минг муҳожирнинг Россияга кириши тақиқланган.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG