Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:00

Мусулмон олами матбуоти Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужумни кенг ёритмоқда


Европада Charlie Hebdo журналистлари хотирасига ўтказилган намойишлардан бири.
Европада Charlie Hebdo журналистлари хотирасига ўтказилган намойишлардан бири.

Муслумон олами матбуоти Парижда Муҳаммад пайғамбарга карикатура эълон қилган Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужум юзасидан кенг қамровли ва турлича нуқтаи назардаги муносабатларни эълон қилмоқда. Журналга 7 январь куни уюштирилган ҳужум оқибатида 12 одам ҳалок бўлган.

Эрон матбуоти Ғарбга мусулмон давлатлар билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни тавсия қилмоқда

Эрон матбуоти Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужум борасида турлича нуқтаи назардаги, аммо Европа нашрларига нисбатан анча босиқроқ бўлган муносабатларни билдирди.

“Эрон” ҳукумат газетаси биринчи саҳифасининг асосий қисмини “Парижда террорчиларнинг қонли шоуси” деган сарлавҳа ва бу воқеа юзасидан фотосуратларга бағишлади.Нисбатан мустақил ва ислоҳотчилик позициясидаги “Шарқ” ва “Итимод” газеталарида Париждаги воқеага камроқ жой ажратилди.

“Шарқ” газетаси “Европа марказидаги отишма” мақоласида “Франция президенти террорчилик ҳаракатидан сўнг ҳам сўз эркинлигини ҳимоя қилиб нутқ сўзлаши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Бу оммабоп журнал Ислом Пайғамбарини ҳақоротловчи тасвирларни эълон қилган эди”, деб ёзади ва мақола давомида ғарбга “экстремизмни қабул қила олмайдиган Эрон каби мўътадил ислом давлатлари билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни” тавсия қилади.

Айни дамда консерватив нашрлар воқе учун масъулиятни Франциянинг Яқин Шарқда олиб бораётган сиёсатига юқламоқда. Исломий инқилоб посбонлари корпусига яқин экани айтиладиган “Жаван”нинг “Франциядаги исломдан қўрқиш сурати” деб номланган бош мақоласида ёзилишича: “Франция Сурияга террорчиларни юборган мамлакатлар қаторига киради... ва бу террористларнинг ортга қайтиши нақадар хавфли эканини тасаввур қилиш ҳам қийин”.

“Рисолат” газетаси эса Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужум Францияда исломга қарши нашрларни ва гуруҳларни қўллаб қувватланаётгани маҳсулидир, деб ҳисоблайди.

Ироқда Париждаги воқеага қизиқиш кам, Толибон эса огоҳлантирди

Ироқда фақат учта катта нашргина Париждаги воқеага эътибор қаратди. Бу нашрлар ҳам воқеа тафсилотларини, бу қонли воқеага халқаро ҳамжамиятнинг муносабатини ёритиш билан чекланган. Газеталарда Мисрдаги Ал Азхар масжиди уламоларининг Ислом зўравонликка қарши экани тўғрисидаги баёноти ҳам ўрин олган.

Афғонистонда дам олиш кунлари бўлгани учун ҳам газеталар чиққани йўқ. Аммо Толибон гуруҳи Париждаги воқеа юзасидан 8 январь куни ўз расмий сайтида мақола эълон қилди. Унда С журналига қилинган ҳужум “ўтмишда Ислом ва Пайғамбарни ҳақорат қилганлар учун кучли огоҳлантириш” сифатида баҳоланган.

Араб нашрларининг айримлари ҳужумда журналистларнинг ўзини айбламоқда

Турк матбуоти Париждаги қонли воқеани кенг қамровли тарзда ёритмоқда. Кундалик “Миллий газета”: “Энг аввало қилиниши керак бўлган иш, бу мазкур ҳаракатни қоралашдир. Лекин асосий масала террорчиликка қарши кураш ва бу курашда фақатгина ҳарбий кучга таянишга йўл қўймасликдир”, деб фикр билдирган.

Араб оламида эса айрим нашрлар журнал таҳририятига қилинган ҳужумни қораласа, айримлари журналистлар бундай ҳужум уюштирилишига ўзлари сабабчи бўлди, қабилида муносабат билдирмоқда. Бир қатор нашрлар террорчилик ҳаракатининг пайдо бўлишига Ғарбнинг мустамлакачилик сиёсати асосий омил бўлганлигини таъкидламоқда. Араб газеталарида Ар Риёд расмийлари мазкур воқеани қоралаганлари ҳақида маълумотлар берилган.

Миср газеталари Париждаги воқеа исломга ҳурматсизлик маҳсули эканини ёзмоқда

Мисрнинг “Shorouk” газетаси ҳужумга Charlie Hebdo журналистларининг исломга ҳурматсизлиги сабаб бўлди, деб ҳисоблайди. Газетанинг ёзишича, пайғамбарни ҳақорат қилганлар тақдири оловда куйиб кул бўлиш билан якунланади.

Мисрнинг “ Masr Alarabiya” газетаси эса “Исломий давлат” гуруҳи ўз таҳдидларини амалга оширмоқда ва Францияга ҳужум қилмоқда, деб ҳисоблайди. Мисрнинг бир қатор газеталари Париждаги ҳужумни “Исломий давлат” гуруҳи билан боғламоқдалар.

Марказий Осиёда ҳам Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужум кенг ёритилмоқда. Минтақа матбуоти воқеага нисбатан билдирилаётган муносабатларга камроқ ўрин бериб, асосан ҳужум қораланган расмий хабарларни чоп этиш билан чекланмоқда.

XS
SM
MD
LG