Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:26

Қирғиз-Тожик чегарасида отишма: бир зобит ҳалок бўлди


Номаълум шахслар 17 январга ўтар кечаси Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги постга ҳужум қилгани оқибатида Қирғизистон чегара хизмати офицери ҳалок бўлди ва икки аскар яраланди. Бишкек расмийлари мазкур воқеа чегара ҳудудидан 30 километр ичкарироқдаги Қирғизистон ҳудудида содир этилганини айтмоқдалар.

Чегарага ҳужум қилганлар қидирилмоқда

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гульмира Бўрибоеванинг айтишича, қирғиз-тожик чегарасининг Боткен вилояти Лайлак тумани ҳудудидан ўтувчи қисмидаги Айкўл чегара пунктига номаълум шахслар 16 январь куни тунги соат 11лар чамасида ҳужум қилган.

Яраланган чегарачилар Қирғизистоннинг Исфана шаҳар касалхонасига ётқизилди. Айрим хабарларда яраланганлардан бирининг аҳволи ўта оғир бўлгани учун Ўш вилоят касалхонасига жўнатилгани айтилмоқда

Қирғизистон чегара хизмати раисининг ўринбосари Искандер Мамбеталиев воқеа жойида вазиятни ўрганмоқда.

Айни пайтда ҳужум қилган шахсларни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Қирғизистон – Тожикистон чгеараси кучайтирилган режимда қўриқланмоқда.

2014 йилда қирғиз-тожик чегарасида 8 марта ўқ отилди

Қирғизистон-Тожикистон чегараси энг нотинч ҳудудлардан ҳисобланади. Ўтган йилнинг 25 август куни қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган нохуш ҳодиса чоғида тожикистонлик 2 фуқаро нобуд бўлган, 5 нафари яраланганди.

2014 йил 10 июль куни чегарада бўлган отишмада Тожикистоннинг Ворух қишлоғида истиқомат қилган 36 ёшли Сафоиддин Шаропов вафот этган. Тожикистонлик яна 7 киши ўқотар қуролдан олган жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилган. Аниқланган маълумотларга кўра, тожикистонликлар чегаранинг аниқланмаган ҳудудида сув келтириш учун қувур кўмаётган пайтда қирғиз чегарачилари билан зиддият келиб чиққан. Шундан сўнг отишма бошланган.

2014 йилнинг 7-8 май кунлари қирғиз-тожик чегарси ҳудудида жойлашган Боткен вилоятининг Кўк-Терак қишлоғида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари иштирокида тартибсизликлар содир этилган, савдо дўконлари, ёқилғи қуйиш шаҳобчаси, автомашиналарга ўт қўйилганди.

Қирғизистон ва Тожикистон расмий манбалари тарқатган маълумотга кўра, тартибсизликларда жами 25 киши жароҳат олган. Уларнинг 17 нафари қирғизистонлик, 8 нафари тожикистонликлардир.

Ўтган йилнинг 11 январь куни икки давлат чегарачилари содир этган отишмада 7 нафар қирғиз чегарачиси яраланган.

2014 йилда Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан чегарасида содир бўлган жами низолар сони 40 та экани айтилмоқда. Буларнинг 32 таси қирғиз-тожик, 5 таси қирғиз-ўзбек, 2 таси қирғиз-қозоқ чегараси, 1 таси қирғиз-хитой чегарасида содир бўлган.

Қирғизистон чегара хизмати қурол қўлланилган 8 низо қирғиз-тожик чегарасида содир бўлганини айтмоқда ва чегаранинг бу қисмида можаролар кўпайган. Яъни, 2013 йилда қирғиз-тожик чегарасида 19 та инцидент кузатилган бўлса, 2014 йилнинг 10 ойи ичида 32 та инцидент қайд этилди.

XS
SM
MD
LG