Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:19

Россияга авиаширкатлар қатнови камайди


Uzbekistan - Uzbekistan airways planes on Tashkent airport
Uzbekistan - Uzbekistan airways planes on Tashkent airport

Рубль қадрининг пасайиши ва меҳнат муҳожирлари сонининг камайиши туфайли Россиядаги қатор авиаширкатлар кўплаб йўналишлар, жумладан, Марказий Осиё давлатларига авиақатновлар сонини камайтирмоқда. Айни пайтда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро авиақатновни тиклаш тўғрисида келишиб олингани тўғрисида хабар пайдо бўлди.

Ўзбекистондан Россияга авиапарвозлар сони қисқарди

Январ ойи бошидан буён қатор авиаширкатлар Россиядан Марказий Осиё давлатларига учоқлар қатновини камайтирди.

“Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” ширкатининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси вакили Ўзбекистондан авиақатновлар сони камайганини Россияда рублнинг қадрсизланиши оқибатида йўловчилар оқими сусайиши билан изоҳлади.

- Режага киритилган битта рейсни қисқартирдик. Тошкент ва Фарғонага бўлган йўналиш бўйича қатновлар давом этмоқда. Олдинроқ биз ҳафтасига Тошкентга иккита ва Фарғонага битта рейс режалаштирган эдик. Умуман олганда, йўловчилар сони камайди. Шунинг учун учта ўрнига иккитани сақлаб қолдик,- деди ўзини таништирмаган Екатеринбургдаги “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” ширкати вакили.

“Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” Тюмень-Тошкент йўналиши бўйича авиарейслар 2015 йилнинг январь ва февраль ойларига вақтинчалик тўхтатганини хабар қилди. Ўзбекистон авиакомпанияси, шунингдек, Самара, Волгоград ва Ростов-Дондан Ўзбекистон шаҳарларига қатновларни ҳам қисқартирди. Ширкатда Тюмень-Тошкент йўналиши бўйича учоқлар сафарлари март бошларидан бошлаб Россияга йўл олган меҳнат муҳожирлари кўпайиши ортидан яна тикланиши мумкинлигини ҳам эслатиб қўйишди.

Айни пайтда, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг Москвадаги ваколатхонаси Россиядан Ўзбекистонга бўлган рейслар қисқартирилишини ҳар йили кузатиладиган иш мавсуми якуни билан изоҳламоқда.

- Москвадан Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларига ҳам қатновлар вақтинчалик қисқартирилди. Бу барча авиакомпанияларда қўлланилувчи маркетинг йўли. Масалан, Москвадан Ўзбекистон шаҳарларига учоқлар тўлиб кетяпти,- дея маълумот авиаширкатнинг Москвадаги ваколатхонаси.

Ширкат вакили баҳор фасли бошланиши билан Ўзбекистондан Россияга мигрантлар сони кўпайишини тахмин қилди.

Россияда авиайўловчилар сони камайди

Россияда фаолият юритувчи кўплаб бошқа авиакомпаниялар ўз хизматларига бўлган талабнинг кескин пасайиши ва олдин кузатилмаган қийинчиликларни бошдан кечираётганини маълум қилмоқда.

Тожикистоннинг “Tajik Air” ширкати ҳам 2015 йилнинг январидан Екатеринбург шаҳрига ўз учоқлари ҳафталик қатновларини икки баробарга камайтиргани маълум бўлди.

Шунингдек, Chech Airlines, Flydubai, “Хайнань авиалиниялари”, Air Berlin, Finnair, “ЮТэйр”, “Руслайн” ва бошқа авиаташувчилар ҳам Россияда йўловчи авиатранспортига бўлган талабнинг кескин пасайиши оқибатида учоқлар сафарларини қисқартирганини эълон қилмоқда. Оғир молиявий инқирозга юз тутган Татаристоннинг "Ак Барс Аэро" авиакомпанияси 13 январдан бошлаб умуман ҳаво қатновини тўхтатганини билдирди.

Озодлик аввалроқ хабар берганидек, Россиянинг бизнес жамоалари ва маҳаллий диаспора вакиллари меҳнат муҳожирлари орасида ишсизлик сонининг ошгани ва мамлакатни тарк этаётган мигрантлар сони кўпайганини қайдга олган.

Россия Федерал миграция хизмати директори Константин Ромодановский сўнгги чиқишларидан бирида ФМС 2015 йилнинг январ ойида мигрантларнинг Россияга кириб келиши ўтган йилга нисбатан 70 фоизга камайганини қайд этганини айтди. Бу тенденцияни рублнинг доллар ва еврога нисбатан кескин тушиб кетиши ва янги жорий этилган қаттиқ миграция қонунчилиги билан изоҳлаш мумкин, деди мулозим.

Тошкент-Душанбе рейси қачон тикланади?

Айни пайтда, авиапарвозларга бағишланган қатор Интернет нашрларида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида учоқлар қатнови тикланиши тўғрисида хабар тарқалди.

Бу сайтларнинг айримларида ҳатто рейслар аллақачон эълон қилингани тўғрисида маълумот пайдо бўлди. Унда Airbus “A-320” учоғи ҳафтасига икки маротаба Душанбега Тошкентдан парвоз қилиши айтилган.

Бироқ, Tajik Air авиаширкати Тошкентга ҳеч қандай рейсларни режага киритмагани ва бу Ўзбекистон тарафининг ташаббуси эканини билдиришди.

- Биз ҳам оммавий ахборот воситаларидан “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” 29 январь куни рейс очиши тўғрисида хабар топдик. Бошқа ҳеч нарса билмаймиз. Ҳар ҳолда, бизнинг авиаширкат режасида бундай қатнов пайдо бўлиши тўғрисида ҳозирча гап йўқ,- деди Тожикистон авиакомпанияси режалаштириш департаменти вакили.

Душанбе шаҳар аэропорти вакиллари Озодлик сўровига икки қўшни давлат ўртасида авиарейсларқатнови йўлга қўйилиши тўғрисида давлат раҳбарларининг сўнгги учрашувида музокаралар олиб борилгани тўғрисида маълумотлар борлигини тасдиқлашди.

Душанбе аэропорти матбуот хизмати раҳбари Муҳаммадюсуф Шодиев шахсан ўзи ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида парвозларнинг қайта тикланишида манфаатдор эканини Озодликка тушунтирди:

- Бугун бизда матбуот анжуманида ҳам журналистлар бу саволни беришди. Бизнинг раҳбаримиз – аэропорт ва Tajik Air авиакомпанияси бош директори Рустам Ҳолиқов қуйидагича жавоб берди: “Мумкин. Аммо, ҳозирча аэропортимиз ва Tajik Air номига бу ҳақда ҳеч қандай расмий хат келиб тушмаган. Яъни, ҳозирча Тошкент-Душанбе йўналиши бўйича қатновларни рўйхатимизга киритиш тўғрисида маълумот йўқ. Бундай сўровнома келиб тушса, биз парвозларни икки ҳафтада йўлга қўя оламиз”. Бу Ҳолиқовнинг сўзлари. Лекин менинг шахсий маълумотларимга кўра, икки президентларимиз билан бўлган суҳбатда ва яқинда - Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчиси ҳамда Тожикистон Ташқи ишлар вазири муовини ўртасида бўлган учрашувда, бу масала кўтарилган. Қолаверса, биз ўзимиз ҳам қўшни давлат билан муносабатлар яхшиланиши ва авиақатнов йўлга қўйилишини интизорлик билан кутяпмиз. Биз нафақат Тошкент, тезроқ Самарқанд ва Бухоро йўналиши бўйича парвозлар очилиши тарафдоримиз – у ерда бизнинг қариндошлар яшайди, дейди Душанбе аэропорти матбуот хизмати раҳбари Муҳаммадюсуф Шодиев.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Абдулфайз Атоев Тошкент ва Душанбе виза режимини соддалаштириш юзасидан иш олиб бораётганини билдирган эди. 9 январь куни Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари бу борадаги таклифларини Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчисига тақдим қилган ва айни пайтда бу таклифларга Тошкентнинг жавоби кутилаётгани айтилмоқда.

Охирги йилларда Роғун масаласи ва темир йўл можаролари туфайли икки мамлакат ўртасида нафақат сиёсий ва маданий алоқалар, ҳатто ўзаро савдо ҳажми ҳам кескин қисқаргани қайд этилди: у йилига атиги 4,6 миллион долларни ташкил этгани маълум.

Тожикистон расмийлари бу кўрсаткич Тожикистоннинг ташқи савдосининг 0,1 фоизини ташкил этишини гапирмоқда.

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиапарвозлар 1992 йилда – Тожикистонда бошланиб кетган фуқаролар уруши вақтидан буён тўхтатилган.

XS
SM
MD
LG