Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:39

Москвада 4 кунда 2 ўзбек қочқини ўғирлангани айтилмоқда


Наманганлик қочқин Ҳамидулло Акбаров Владимир вилоятида шу машинада олиб қочилган.
Наманганлик қочқин Ҳамидулло Акбаров Владимир вилоятида шу машинада олиб қочилган.

4 февраль куни соат 13 атрофида Москванинг қоқ марказида Ўзбекистонда қидирувда бўлган яна бир ўзбек муҳожири ўғирлаб кетилгани айтилмоқда.

Яқинларининг айтишича, қашқадарёлик Зуҳриддин Раҳимов Павелецкий темир йўл вокзалида кўпчилик кўзи ўнгида кўринишидан ўзбек бўлган шахслар томонидан калтакланиб, енгил машинага босиб олиб кетилган.

Ҳуқуқ фаоллари бу сўнгги тўрт кунда рўй берган иккинчи шундай ҳодиса эканига эътибор қаратмоқда.

“Зуҳриддин куппа-кундузи вокзалнинг ўртасидан ўғирлаб кетилди”

1983 йилда туғилган қашқадарёлик қочқин Зуҳриддин Ғуломович Раҳимов Россия пойтахтининг энг гавжум жойларидан бири саналган Павелецкий вокзалидаги метродан чиқаверишда номаълум кимсалар томонидан ўғирлаб кетилганини Озодликка унинг укаси Ғофур Раҳимов хабар берди.

У ҳодиса 4 февраль куни соат 13 ларда содир бўлгани ва шахсан ўзи базўр улардан қочиб қутулганини гапириб берди.

- Зуҳридинни прокурор чақирди. Аввал Сухаревскийга, кейин Павелецкий вокзалга боринглар, деди. Бордик. Бир вақт, битта ўзбек турган экан, “Range Rover”га минаётган экан. Қарасам, Зуҳридинни босишяпти! Мен унга “Туш, туш!”, деяпман, улар эса Зуҳридинни уряпти. Акамни ерга ётқизиб уряпти, у бақиряпти. Одамлар тўпланиб кетди. Мен бақирсам, қўйворди, кейин яна тутиб олди. Кейин тушундим – илож йўқ, қочдим. Улар иккита ўзбек, битта ўрис эди. Ўзбекни афтидан билиб қолдим. Уларнинг афтини ҳам таниб қолдим, дейди ҳаяжони босилмаган Ғофур.

У Павелецкий вокзалида акасини олиб кетган машина “390” рақамли “777 регион”, яъни Москва минтақасига тегишли қора рангли “Range Rover” эканини эслаб қолганини ҳам айтди. Ғофур акаси калтакланиши ва машинада ўғирлаб қочилиши ҳодисага гувоҳ бўлган бошқа йўловчилар телефон орқали видеотасвирга олаётганини ҳам эслади.

Ғофур акаси Зуҳриддин Раҳимов оилали экани, Қаршида унинг юрак оғриғи билан касал бўлган қизчаси ва рафиқаси борлигини ҳам маълум қилди.

Ака-ука раҳимовлар ҳимояси билан шуғулланиб келаётган “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти, “Ёрдам” маркази раҳбари Баҳром Ҳамроев қаршилик Зуҳридинни тузоққа туширган шахслар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари эканлигига шубҳа қилмаслигини гапиради.

- Кеча менга ҳам прокуратурадан телефон қилишган эди. Зуҳриддин Раҳимовнинг “подпискасини” чўзиш керак экан. “Майли, борсин”, дедим. Лекин, улар алдаб, Зуҳридинни ўғирлаб кетаётган экан. Ўзбекистон уни қидирувга берган эди, биз уни бу ерда чиқариб олганмиз. Уларга бу алам қилиб, ҳозир Ўзбекистонга ўғирлаб кетмоқчи. Биз БМТ, бошқа жойларга хабар бердик. Бу ҳақда аэропортларга ҳам хабар бериш керак, чунки уни МХХ ходимлари “чиқишга сертификат” ёрдамида самолётда ўғирлаб чиқишлари мумкин, дейди ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроев Зуҳриддин Раҳимовнинг ўғирланишида бевосита прокуратура ва маҳаллий ФСБ ҳам қўли бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

- Бу йигитлар (ака-ука раҳимовлар) қонуний юрибди бу ерда: Москва вилояти вақтинчалик қочқинлик мақомини сўровчи эканлиги тўғрисида ҳужжат берган иккови ҳам. СНБдагилар қонуний юрган одамларни ўғирлашга тушган. Бу ака-ука экстрадиция сўрови билан бир йиллаб ўтириб чиққан. Буларни бир неча маротаба қамашди, айби исботини топмагач, қўйиб юборишди, дейди “Мемориал” аъзоси Баҳром Ҳамроев.

4 кун олдин ўғирланган қаршилик бошқа муҳожир изи топилмади

Ҳуқуқ фаоли 31 январь куни Подмосковьенинг Люберци шаҳарчасида 1986 йилда туғилган қаршилик яна бир қочқин - Муротов Соҳиб ўғирланганини маълум қилди.

Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан бундай ҳолатларда одатий бўлган Жиноят Кодексининг 159- моддаси 3 қисми “а","б” бандлари асосида қидирувга берилган Соҳиб Москва шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирида юриспруденция факультетида таҳсил олиб келган. Бу қочқин йигит 2011 йилда МХХ офицерини ҳақорат қилгани учун 16 сутка қамоқда ўтириб чиққан. Кейинчалик у ўз оиласи билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

2013 йилнинг июлида Ўзбекистонга қайтиб келган унинг рафиқаси Нигора Эрназарова Қарши шаҳрида худди 159-чи ва шу каби бошқа қатор моддалар асосида ҳибс этилган. 2014 йилда Нигора “жиҳодчилик гуруҳи”га аъзоликда айбланиб, 9 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Ҳозиргача Россия полицияси Соҳиб Муротовнинг ҳам қаерда эканини аниқлагани йўқ.

***

Материал чоп этишга тайёр бўлган дақиқаларда “Ёрдам” ташкилоти бошлиғи Баҳром Ҳамроев Москвада кўтарилган шов-шув туфайли Зуҳриддин Раҳимовнинг ноқонуний олиб чиқилиши тўхтатилганини маълум қилди.

У ўзбек қочқини ҳозирда прокуратурада эканини ва бу ҳақда унга шахсан Замоскворецкий туманлараро прокурори қўнғироқ қилганини айтди.

- Менинг телефонимни эшитиб ўтиришларини энди билдим. Ҳозиргина менга Замоскворецкий туманлараро прокуратурасидан прокурор телефон қилиб, “бунчалик шов-шув кўтарманг: Зуҳриддин Раҳимов ўғирлаб кетилгани йўқ, мана бизнинг прокуратурада ўтирибди”, деди. Қаранг, прокурор шахсан танийдиган Зуҳриддинни нега ўзбеклар ўғирлаб кетяпти?! дейди унинг ҳимоясида бўлган Зуҳриддин Раҳимовнинг ўғирлаб кетиш амалиёти барбод бўлганини хабар қилган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Озодлик сўнгги йилларда Россиянинг турли минтақалари, айниқса Москвадан ўнлаб ўзбекистонлик муҳожир-қочқинлар деярли бир хилдаги айбловлар билан ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилганини хабар бериб келмоқда.

Хусусан, 2014 йилнинг 23 октябрь куни Владимир вилоятида жойлашган 2-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиқарилган наманганлик меҳнат муҳожири Ҳамидулло Акбаров номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган эди.

Ҳамидулло Акбаров ҳам, бошқа ўғирланаётган ўзбеклар каби, Россия қонунчилиги томонидан тан олинмаётган Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159- моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз) ва 244-2 моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосида қидирувга берилган.

XS
SM
MD
LG