Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Президент девони олдида пикет ўтказган фаоллар милицияга олиб кетилди


Тошкентда Олий мажлис олдида пикет ўтказаётган ҳуқуқ фаоллари.
Тошкентда Олий мажлис олдида пикет ўтказаётган ҳуқуқ фаоллари.

Бугун Ўзбекистон президенти маъмурияти биноси олдида мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини яхшилаш ҳамда коррупцияга барҳам бериш талаби билан пикет ўтказган ҳуқуқ фаоллари Тошкент вақти билан 12.15да Яккасарой ИИБ олиб кетилди.

Бугун Тошкенда Ўзбекистон президенти маъмурияти биноси олдида бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини яхшилаш ҳамда коррупцияга барҳам бериш талаби билан пикет ўтказди.

Пикетда қатнашган ҳуқуқ фаоли Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, пикет 5 дақиқа давом этган. Шу аснода милиция ходимлари етиб келиб, соат 12.15да пикетга чиққан Суръат Икромов, Елена Урлаева, Жаҳонгир Шосалимов ва Манзура Ахмедовани Яккасарой туман ички ишлар бошқармасига олиб кетган.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари милиция бўлимида бўлгани учун, улар билан телефон алоқаси узилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ва ҳуқуқ фаоллари альянси томонидан уюштирилган пикетда беш нафар одам иштирок этди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов пикет бошланишидан бир неча дақиқа олдин мазкур тадбирнинг ўтказилишига мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашаётгани туртки бўлганини айтди.

-Президент аппаратига кириб, президент билан шахсан учрашиш талаби бор. Коррупцияга қарши талаблар билан пикет ўтказмоқчимиз, -деди Суръат Икромов.

Пикетда қатнашаётганлар орасида тошкентлик тадбиркор Манзура Ахмедова ҳам бор. У ўзига мансуб бўлган хусусий клиника коррупциялашган амалдорлар томонидан ноқонуний равишда тортиб олингани ва ўз мулкини қайтариб олиш учун бир йилдан бери судларга қатнаб, адолат топмаётгани учун пикетга чиққанини айтди:

-Пикетга чиқишдан бошқа иложим қолмади. Ҳамма инстанцияга мурожаат қилиб бўлдим. Энди президентдан умид қилиб турибман, -деди тадбиркор.

Ҳуқуқ фаоллари альянси раиси Елена Урлаева эса пикетга Норвегиядаги меҳнат муҳожирлигидан Тошкентга қайтгач диний мотивлар билан айбланиб 12-13 йилга қамалган олти маҳбусга нисбатан тергов жараёнида қийноқлар қўлланилгани юзасидан текширув ўтказиш талаби билан чиққанини айтди.Тошкент вилоят жиноят ишлар судининг 2014 йил 24 декабрдаги ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси билан айбланиб қамалган мазкур шахслар тақдири ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган эди.

Елена Урлаева, шунингдек, мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова, ҳуқуқ фаоллари Шуҳрат Рустамов, Аделиада Ким, Ўктам Пардаев ва ўзига чиқиш визаси берилишини ҳам талаб қилмоқда.

-Биз Сеулда халқаро мукофотни олишимиз керак. Альянсни Жанубий Кореянинг Сон Хак номидаги тинчлик ва адолат учун курашчилар халқаро мукофоти билан тақдирлашган. Мукофотни топшириш маросими 11 март куни Сеулда ўтказилади. Биз 10 март куни учиб кетишимиз керак. Бироқ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бизга чиқиш визаси беришдан бош тортиб келаётир. Куни-кеча биз бу масалада юқори тузилмаларга, жумладан, президент маъмуриятига ҳам шикоят қилдик. Раҳбарлар бу масалани ўрганиб, жавоб беришни ваъда қилишди. Бироқ бу қачон бўлади, ҳали номаълум, - деди Елена Урлаева.

12 февраль куни пикетда иштирок этган ҳуқуқ фаолларининг айримлари президент Ислом Каримов номзоди яна бир бор президентликка кўрсатилганидан ҳам норозилик билдириб келмоқда. Масалан, 3 февраль куни ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова Ислом Каримов президентликка номзод сифатида рўйхатга олинмаслигини талаб қилиб Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ўзбекистон Конституциявий суди ва Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ташаббус гуруҳи эса 3 февралда 29 мартдаги президентлик сайловларида Ислом Каримовга овоз бермаслик ёки сайловларни бойкот қилишга чақирган баёнотни Интернет тармоғи орқали эълон қилган.

Ҳуқуқ фаоллари Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига зид равишда уч марта президентлик муддатини ўтаб бўлган, деб ҳисоблайди.Конституциянинг мазкур моддасида бир шахс қаторасига икки муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги қайд этилган.

XS
SM
MD
LG