Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Кореяда мукофотланган ўзбек ҳуқуқ фаолларига чиқиш визаси берилмаяпти


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоллари Олий мажлисни пикет қилмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоллари Олий мажлисни пикет қилмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева бошчилигидаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси Жанубий Кореядаги Tji Hak-Soon жамғармасининг “Адолат ва тинчлик” мукофотига сазовор бўлди. Айни пайтда Кореяда мукофотланган ўзбек ҳуқуқ фаолларига чиқиш визаси берилмаяпти.

Мукофот топшириш маросимининг 11 март куни Сеулдаги Sejong саройида ўтказилиши белгиланган.

Мукофотни олиш учун Кореяга таклиф қилинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева ва тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Рустамовга чиқиш визаси берилмаяпти.

Озодлик билан суҳбатда Шуҳрат Рустамов Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихонасидан таклифномани қабул қилиб олгани ва чиқиш визаси берилмагани боис тантанада иштирок этиш истиқболи номаълумлигини айтди:

- Аввало Жанубий Кореядаги ташкилот ўз ташвишидан ортиб Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор берганинининг ўзи тахсинга лойиқ. Ташкилотимизга мукофот берган Жанубой Кореядаги жамғармага ташаккур билдираман. Бизни бу мукофотни ўз қўлимиз билан олиш имконидан мосуво қилаëтган ОВИР идораси олдида пикет ўтказдик. Айни пайтда, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини бузаëтган мамлакат сифатида шуҳрат топганидан ҳурсанд эмасман. Кошки, инсон ҳуқуқлари бузилмасаю биз ҳам мукофот олмасак, кўпроқ ҳурсанд бўлар эдим¸- дейди Халқаро “Тинчлик ва адолат” мукофотига сазовор бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоли Шуҳрат Рустамов.

Жанубий Кореядаги Tji Hak-Soon жамғармасидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсига келган мактубда ўзбек ҳуқуқ фаолларининг фаолияти эътироф қилинади.

"Биз сизнинг ташкилотингизнинг мажбурий ва болалар меҳнатини барҳам бериш йўлидаги фаолиятига тасанно айтамиз. Tji Hak-Soon жамғармасининг бу йилги “Адолат ва тинчлик” мукофоти сизнинг ташкилотингизга берилишини мамнунлик билан билдирамиз. 18 йилдан бери ҳар йили бериб келинган бу мукофот тақдимоти 11 март куни Сеулдаги Sejong саройида соат 19да бўлиб ўтади. Сизларни 10 мартдан 14 мартгача бўлган муддатда Жанубий Кореяда меҳмон бўлишга таклиф қиламиз. Сизнинг ташрифингиз давомида интерьвю¸ лекциялар ва Корея жамоат ташкилотлари билан учрашувлар белгиланган"¸ дейилади Жанубий Кореянинг Tji Hak-Soon жамғармасидан келган мактубда.

Мукофот ҳақида

Жанубий Кореядаги Tji Hak-Soon жамғармасининг йиллик “Адолат ва тинчлик” мукофоти репрессив мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари фаолларига бериладиган халқаро совриндир.

Бу мукофот Корея фуқаровий жамияти асосчиси Tji Hak-Soon шарафига таъсис қилинган.

Tji Hak-Soon 1921 йилда ҳозирги Шимолий Корея ҳудудида туғилган. Диний семинарияни ҳатм қилиб пастор бўлиб фаолият кўрсатган. 1950 йилда Шимолий Кореяда иқтидорга келган Коммунистик режим тазйиқлари боис Жанубий Кореяга кўчиб ўтган.

Ижтимоий адолат талаби билан митинглар ташкил қилган Tji Hak-Soon 1972 йилда Халқаро амнистия ташкилотининг Корея бўлимини бошқарган.

Танқидий чиқишлари боис 1974 йилнинг август ойида қамоққа олиниб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Халқаро босимлар туфайли Tji Hak-Soon 1975 йилда қамоқдан озод қилинган.

Tji Hak-Soon 1993 йилда оламдан ўтганидан кейин унинг номидаги жамғарма ташкил қилинди.

Tji Hak-Soon жамғармаси 18 йилдан бери инсон ҳуқуқлари соҳасидаги шахс ва ташкилотларга йиллик “Адолат ва тинчлик”мукофотини бериб келади.

XS
SM
MD
LG