Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:13

Президент резиденцияси олдида пикет ўтказган онахон ижара уйидан ҳайдалди


Оила аъзолари билан 2007 йилда босқинчиликда айбланиб қамалган ва 2010 йилда амнистия туфайли озодликка чиқарилган 71 ёшли Раҳбархон Одилова Ўзбекистон президенти резиденцияси ҳамда Олий мажлис бинолари олдида пикет ўтказганидан сўнг ижарада ўтирган уйидан ҳам ҳайдалди.

“Президент қамалганларни қабул қилмас экан”

Қўқонлик Раҳбархон Одилованинг қизи Ироданинг айтишича, айни пайтда саратон касалига чалинган онасининг аҳволи оғирлашган. Ўтган ҳафтада Раҳбархон Одилованинг ўз ҳуқуқлари тикланиши учун президент Ислом Каримов қабулига кириш илтимосига рад жавоби олингани унинг саломатлиги ёмонлашишига асосий сабаб бўлган.

-Президент девонига бордик. Ўтган ҳафта ҳам, ундан аввалги ҳафта ҳам бордик. Уларга топширган аризаларимизнинг ҳаммасини числома число таҳлаб, сақлаб қўйганмиз. Президент девонидаги мутахасислар бизни қабул қилиб, аризамизга “Президент қамоқда ўтирганларни қабул қилмайдилар”, деб жавоб беришди. Мана шу жавобни олганимиздан кейин онамнинг соғлиғи жуда ёмонлашди, ҳамма нарсага ишончларини йўқотдилар. Жуда қийналиб кетдик, айтиб бўлмайдиган даражада, - деди Ирода.

Раҳбархон Одилованинг саломтлиги ёмонлашгани учун унинг ўзи билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. 71 ёшли Раҳбархон Одилова ўтган йилнинг декабрида ва жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон президенти резиденцияси ҳамда Олий мажлис бинолари олдида ўзи ва оила аъзоларининг ҳуқуқлари тикланишини талаб қилиб пикетлар ўтказган эди.

“Ижарада турган уйимиздан ҳам ҳайдалиб, кўчада қолдик”

Мана шу пикетлардан сўнг Раҳбархон Одилова ва унинг оила аъзолари Қўқонда ижарада турган уйидан ҳам ҳайдалган.

-Ички ишлар ходилари келиб ҳайдашди. Паспорт текширган бўлишди ва “уч куннинг ичида рўйхатга туришинглар шарт деб айтишди”. “Рўйхатга турадиган еримиз йўқ, қаерга рўйхатга турамиз” десак , “Ёлғон гапираяпсизлар”, дейди. Шундан бери уникида уч кун яшаймиз, яна бир уй топиб икки кун турамиз, яна бошқа жойга кўчишга мажбур бўламиз. Чунки сайлов арафасида милиция ходимлари уйма-уй юриб паспорт текшираяпти. Уй топиш ҳам осон бўлмаяпти, - деди Ирода.

“Қизимни қамоқхонада зўрлаганлар жазоланмай қолмоқда”

Раҳбархон Одиловага унинг Қўқон гўшт комбинатида инжинер бўлиб ишлаган қизи Ирода комбинатнинг ўша даврдаги раҳбарларининг ишлаб чиқариш корхонасини талон-тарож қилишига қарши чиққани ортидан оила аъзоларига нисбатан тазйиқлар бошланганини иддао қилиб, ўзининг ва фарзандларининг ҳуқуқлари қайта тикланиши учун курашиб келаётган эди.

Раҳбархон Одилова ўтган йилнинг декабрида Озодлик радиосига берган суҳбатида кичик қизи Муҳайё эса тергов давомида зўрлангани ва қийноқларга дучор этилганини айтган.

-Қизим Одилова Муҳайёни 27 кун управлениянинг подвалида сақлашди. Урушаяпти, сочларини кесиб ташлашаябди... Саккиз ой мобайнида мен қизимни фақат судда кўрдим. Суд уни 7 йилга ҳукм қилганидан кейин, уни Тошкентга жўнатишаяпти. Тошкентдаги қамоқхонада эса қизимнинг бўйидан уч ойлик боласи тушаяпти. Қизимни қамашганида ҳеч қандай ҳомиласи йўқ эди. Кейин билсам, Қўқонда бунинг олдига начальник управления бўлган одам кириб, қизим билан тўла алоқа қилаверган. Мен бу ишни эшитганимдан кейин қизим Иродахон билан адолат излаб хатлар ёза бошладик, -деди Раҳбархон Одилова.

Раҳбархон Одилова ўшандан бери ўтган тўққиз йил мобайнида ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб келаётганини, бироқ шу кунгача бу урунишларидан натижа бўлмаганини афсус билан айтган эди.

Озодлик радиоси 2011 йилнинг 21 ноябрида ва 24 ноябрда Муҳайё Одилованинг қамоқда зўрланиши билан боғлиқ мақолаларни эълон қилган эди. Мазкур мақолаларда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Абдукарим Шодиев Олий мажлисда бўлиб ўтган йиғинда қўқонлик Муҳайё Одилова 2006 йилда тергов пайтида милиция зобити томонидан зўрлангани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлагани айтилгани ва бир неча кундан сўнг Ўзбекистон ИИВ Муҳайё Одилова зўрлангани расман тан олингани ҳақидаги маълумотларга раддия бергани хабар қилинган.

Раҳбархон Одилованинг айтишича, оила аъзолари қамоқда ўтирган пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларининг қариндошлари жабрланувчилар сифатида уларнинг мол-мулкларини ўзлаштириб олган.

XS
SM
MD
LG