Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:52

Қримтатарларнинг ягона телеканали ёпилиш арафасида


АТР канали ТВ экранга лицензия бекор қилинишига қолган вақтни акс эттирувчи соатни қўйди.
АТР канали ТВ экранга лицензия бекор қилинишига қолган вақтни акс эттирувчи соатни қўйди.

Екатерина Кочкина

Симферополнинг АТР телеканали қримтатар тилида чиқадиган дунёдаги ягона каналдир. Аммо бу канал 1 апрель куни ёпилиши мумкин.
АТР журналисти Сафие Абляева “1 апрель куни одатдагидек ишга чиқамиз”, дейди. “Аммо нимага дуч келишимизни билмаймиз, сабаби бошқа қримтатарлар нимани билса, биз ҳам ўшани биламиз”, дея қўшимча қилади мухбир.

Ҳозир АТР канали дастурларини томоша қилар экансиз, экран остида канал лицензияси тугашига қолган сонияларни кўрсатиб турувчи соатга кўзингиз тушади. Канал веб саҳифасида ўтказилаётган сўровда 190 мингдан ошиқ одам иштирок этиб, қатнашганларнинг 99 фоизидан ошиғи канални ёқлаб овоз берди.

Россия 2014 йил Қримни аннексия қилганидан кейин яриморолда Россия қонунлари жорий қилинди. Бу қонунларига мувофиқ АТР 1 апрелгача матбуотни назорат қилувчи Роскомнадзордан рўйхатдан ўтиши керак. Акс ҳолда канал ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.

Аммо канални рўйхатдан ўтказиш осон кечмаяпти. Россия расмийлари АТР каналининг ҳужжатларини тузатиш ва тўлдириш эҳтиёжи важидан уч марта қайтаришди.

АТР каналининг бош директори Эльзара Исламова Озодлик билан суҳбатда дуч келаётган муаммолар ҳақида гапириб берди.

“Дастлаб бир ойдан кейин расмий рад жавоби билан ҳужжатларни қайтариб беришди вақтдан кейин улар бизга расмий рад жавобини беришади. Ҳар сафар уларнинг саволларига жавоб бериб ёки бирор ўзгартиришлар киритиб, кейин ҳужжатларни яна юборамиз. Бир ой жавоб бўлмайди. Улар бунақа расмий эътирозлар орқали аризамизни хоҳласалар юз йилгача кечиктиришлари мумкин”, дейди телеканал бош директори.

Қримнинг де-факто ҳукумати расмийлари бошқача фикрда, уларнинг иддаосига кўра, АТР канали атайин ўзларига ортиқча эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда. Қрим бош вазири Сергей Аксёнов яқинда матбуот анжуманида “улар низо чиқариш учун атайин хатоларга йўл қўйишмоқда”, дея таъкидлади.

Қримда иқтидорга келган Россия расмийлари таниқли QHA татар янгиликлар агентлигининг лицензиясини ҳам узайтиришмади. Январь ойида бўлса ҳуқуқ-тартибот идоралари АТР офисига рейд уюштириб, архив ва компьютер файлларини мусодара қилишди.

АТР директори Исламова канал ўз фаолияти сабаб тазийқларга учраётганига ишончи комил.

“Биз ҳар куни содир бўлаётган воқеаларни, Қримда рўй бераётган барча ҳодисаларни ёритамиз. Биз албатта қримтатарлар ва бошқа гуруҳлар орасидаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ёритамиз. Табиийки, баъзи хабарларимиз расмийларга ёқмайди”, дейди Исламова.

Қримтатар фаоллар ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россия Қримни аннексия қилганидан бери қримтатарлар тазйиқларга учраётганини айтмоқда. Шу ой бошида Amnesty International ташкилоти қримтатарлар яриморолда Россия ҳукмронлигини тан олишга хайрихоҳлик билдирмаётгани боис "қаттиқ таҳдидларга" дуч келмоқда, дея баён қилди.

Қримтатарлари қурултойи сайлов комиссияси раиси Заир Смедляев “Қримнинг ҳозирги ҳукумати бизнинг ривожланишимизни истамайди. Қримтатарлар бутунлай йўқ бўлиб кетишини истайди. Аммо биз бир амаллаб АТР каналини сақлаб қоламиз деб ўйлайман”, дейди.

АТР маъмуриятига кўра, ҳозирда расмийлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Канал 1 апрелдан кейин ўз фаолиятини давом эттиришига ҳали ҳам умид билдирмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган симферополликлардан бири “Балким қрим татарлари арзнома ёзишлари керакдир. Ҳамма канал ёпилишига қарши бўлади. Ахир бу ягона қримтатар тилидаги канал”, дея фикр билдирди.

XS
SM
MD
LG