Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:57

АҚШ терговчилари: VimpelCom, MTS ва TeliaSonera Ўзбекистонда пора берган


Ўзбекистон Бош прокуратураси жиноят иши очган, Гулнора Каримова нимада айбланаётганини аниқлаштирмаган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси жиноят иши очган, Гулнора Каримова нимада айбланаётганини аниқлаштирмаган.

Ўзбекистонда фаолият юритувчи учта йирик телеком ширкати бу мамлакат расмийларига катта миқдорда пора берганига доир иш юзасидан АҚШ расмийлари олиб бораётган тергов жараёни фаоллашмоқда. АҚШ Адлия департаменти жиноят қидирув бўлими Швеция прокуратурасига жўнатган сўровномасида VimpelCom, MTS ва TeliaSonera компаниялари пора тўлаши учун воситачи бўлган Takilant Ltd. фирмасига доир маблағнинг швед банкидан чиқариб олинмаслигини кафолатлаш сўралган. Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган фирманинг Nordea банкидаги 30 миллион 450 минг АҚШ доллари Швеция суди қарорига кўра музлатиб қўйилган.

Озодлик қўлга киритган жорий йил 20 март кунига доир расмий сўровномада айтилишича, АҚШ тергови натижасида “VimpelCom, MTS ва TeliaSonera Ўзбекистонда телекоммуникация бизнеси лицензияларини қўлга киритиш учун бу мамлакат расмийларига пора берганини аниқлаган”. Коррупцион схемага алоқадор маблағлар, дейилади расмий ҳужжатда, бу ноқонуний тўловларнинг асл моҳиятини яшириш мақсадида дунёнинг турли нуқталарида очилган ҳолдинг ширкатлари ва ҳисоб рақамлари, жумладан Швецияда юритилган ҳисоб рақамлари орқали ювилган.

АҚШ терговчилари Швеция суди томонидан музлатиб қўйилган Nordea банкидаги 30 миллион 450 минг долларга даҳл қилиниши олдини олиш учун бу маблағни бутунлай қулфлаб қўйишни сўрамоқда.

АҚШ тергови натижасида “VimpelCom, MTS ва TeliaSonera Ўзбекистонда телекоммуникация бизнеси лицензияларини қўлга киритиш учун бу мамлакат расмийларига пора берганини аниқлаган”, дейилади ҳужжатда
АҚШ тергови натижасида “VimpelCom, MTS ва TeliaSonera Ўзбекистонда телекоммуникация бизнеси лицензияларини қўлга киритиш учун бу мамлакат расмийларига пора берганини аниқлаган”, дейилади ҳужжатда

Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир иддаоларни тергов қилаётган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда, АҚШ расмийлари сўровномаси бу иш бўйича бир неча давлатда олиб борилаётган терговларнинг бир қисмидир, дейди.

Унинг айтишича, АҚШ расмийлари учта йирик халқаро компаниянинг порахўрликка аралашгани ва бу жиноятни фош қилиш ниятида бўлган манфаатдор томон сифатида, Takilant банк ҳисобидаги пуллар ноқонуний эканлиги Швеция судида мабодо ўз тасдиғини топмаса, уларнинг дарҳол озод этилиши олдини олиш чораларини кўрмоқда. Чунки, дейди прокурор, Швецияда фақатгина TeliaSonera иши тергов қилинмоқда, лекин бу ерда гап VimpelCom ва MTS ширкатлари ҳақида ҳам кетмоқда.

VimpelCom, MTS ва TeliaSonera компанияларининг учаласи АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа операциялари бўйича комиссияси томонидан рўйхатга олинган ва акциялари Нью Йорк биржасида айланади. Бу ширкатлар Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора бергани тўғрисидаги иддаолар пайдо бўлиши ортидан Қимматбаҳо қоғозлар ва биржа операциялари бўйича комиссия 2013 йилда ўз суриштирувини бошлаган.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) ўтган ҳафта эълон қилган журналистик тергов ҳисоботида Гулнора Каримова VimpelCom, MTS ва TeliaSonera ҳамда телекоммуникация соҳасида ишловчи яна уч ширкатдан жами 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқроқ пора олгани айтилади. Озодлик ҳам иштирок этган бу тергов жараёнида катта миқдордаги пуллар, жумладан Takilant фирмаси орқали Гулнора Каримова назоратига ўтганига ишора қилувчи ҳужжатлар фош қилинди.

Терговчи Стетлер журналистик тергов натижалари унинг ихтиёридаги фактларга мос келишини таъкидлади. Гулнора Каримованинг пора олганига доир иддаолар Швейцарияда ҳам 900 миллион АҚШ долларининг музлатилишига сабаб бўлганини эслатади швед терговчиси. Озодликнинг АҚШ расмийлари Швейцария расмийларига ҳам бундай сўровнома юборганм бўлиши мумкинми, деган саволни изоҳсиз қолдирди.

Бу иш юзасидан АҚШ ва Европа мамлакатларида жиноят ишлари очилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам 2014 йил сентябрида Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳга қарши тергов олиб борилаётганини эълон қилган, лекин президент қизи айнан нимада айбланаётганини аниқлаштирмаган. Бош прокуратура Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканлигига ҳам ишора қилган.

Швеция прокуратураси бош терговчиси Гуннар Стетлер Ўзбекистон расмийлари унинг бунга оид сўровларини жавобсиз қолдираётганини қўшимча қилди, Озодлик билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG