Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:34

Сафинар Жамилева: "Эркимизни қайтариб берсангиз бас"


Сафинар Жамилева турмуш ўртоғи Мустафо Жамилев билан.
Сафинар Жамилева турмуш ўртоғи Мустафо Жамилев билан.

Россия ўтган йилнинг март ойида Қримни аннексия қилиб олганидан бери ярим оролга қрим татар лидери Мустафо Жамилевни киритмай келади. Аммо унинг рафиқаси Сафинар Жамилева ҳали ҳам қрим татарларнинг анъанавий пойтахти бўлмиш Боқчасарой шаҳрида яшамоқда.

Жамилева Озодлик мухбири Мўмин Шокиров билан ўз уйида суҳбатлашди.

Озодлик: Турмуш ўртоғингизни Боқчасаройда яна кўришга кўзингиз етадими?

Жамилева: Бу бутунлай Путинга боғлиқ. [Эримнинг Қримга келишини ман қилишганида] улар ҳеч қандай ҳужжат беришмади. Ҳеч қанақа тергов ёки суд бўлмади. Шунчаки эримни киргизишмади. Ниқобли, қурол тутган кишилар. Уларнинг юзини кўриб бўлмасди.

Озодлик: Эрингиз ҳозир Киевда Украина парламенти – Олий Рада депутати. У ерда туриб қрим татарлар учун нима қила олади?

Жамилева: У ерда бир неча одам бор [яъни, Украина парламентида қримнинг бир неча вакили бор]. Эрим дунё бўйлаб саёҳат қилади. У биз қрим татарлар Қримнинг маҳаллий аҳолиси эканимиз ва Қрим халқининг розилигисиз ҳеч кимнинг бу ерни эгаллашга ёки бошқаришга ҳақи йўқлиги ҳақидаги қонун қабул қилинишига эришди. Қрим татарлар аннексия қилиш, бошқа мамлакат ерини босиб олиш уруш ҳаракатлари эканини биладилар. Улар бизни сургун ёки қатл қилади деб ўйлагандик. Аммо улар бошқача йўл тутишди. Одамлар фарзандларини сақлаб қолиш учун ўзлари қочиб кетадилар, деган умидда бу ерда жуда оғир шароитларни яратишаяпти. Аммо қрим татарларнинг жуда кичик қисми кетди. Кўпимиз шунчаки кутиб ўтирибмиз.

Озодлик: Россия аннексиясидан бир йил ўтиб қрим татарлар билан ярим оролнинг де-факто расмийлари ўртасидаги муносабат қандай? Уларнинг борлиги сезиляптими?

Жамилева: Бизга яширинча қулоқ солиб юришибди. Изимизга тушишган. Агар бирор жойда уч киши суҳбатлашса, МХХ дарров бундан хабар топади. Бутун Қримда яширинган хабар ташувчиларни ишга солишган. Уларнинг сони бўлса жуда кўп.

Озодлик: Хабар ташувчилар? Қрим татарлар орасиданми?

Жамилева: Улар Украина даврида номақбул ишларни қилиб қўлга тушганларни ишга солишяпти. Уларга бундай одамлар жуда қўл келади. Бундайларнинг бурнидан ип ўтказиб олиб, одамларимизни бўлиб юбориш ҳамда баъзилар Россия расмийларини қўллайди, деган тасаввурни пайдо қилиш учун ҳар қандай мақсадларда фойдаланмоқдалар.

Озодлик: Деярли йигирма йилдан бери “Қрим татар аёллар лигаси” деб номланувчи нодавлат ташкилотга бошчилик қилиб келасиз. Ташкилотингизни рус ҳукуматига бориб рўйхатдан ўтказишдан бош тортдингиз. Ташкилотингиз ўз фаолиятини давом этяптими?

Жамилева: Ташкилотимиз фаолияти Украинадаги, Туркиядаги ташкилотлар билан ўрнатган алоқаларимизга боғлиқ эди. Биз Қизил хоч билан ишлардик, Руминия ҳамда Болгариядаги диаспоралар билан ишлардик. USAID билан ҳам ишлаганмиз. Ўша пайтда Қримга четдан кўп ёрдам келар эди. Энди бўлса ҳамма нарса тўхтатилди. Қримга келишнинг, ундан кетишнинг иложи бўлмаганидан кейин қандай ишлашимиз мумкин? Ишга борганимда бир мавзуда суҳбатлашамиз: қачон кетади улар?

Озодлик: Россиядаги вазиятни кузатиб боряпсизми?

Жамилева: Жуда яқиндан кузатиб боряпмиз. Рублни, долларни, нефть нархини кузатаяпмиз. Бу ҳаммаси Россиянинг ўзида етарлича муаммо борлигидан далолат беради. Қрим уларга юк бўлаяпти. Биз русларга равнақ, иқтисодий ривож, бахт ва бошқаларга ҳасад билан қарамасликни, бошқалар ерини тортиб олмасликни тилаймиз. Улар тараққий қилишларини ва яхши яшашларини хоҳлаймиз. Уларни яхши кўрамиз. Аммо уларни Россияда, ўз уйларида яхши кўрамиз, Қримда эмас.

Озодлик: Сўзимиз якунида, қрим татарлар ҳозирги шароитда яшашлари учун уларга асосан нима керак?

Жамилева: Бизга ҳеч нима керак эмас. Биз нон ва сув билан тирикчилик қилишга тайёрмиз. Электр токисиз, газсиз. Ҳеч вақосиз ўтиришга тайёрмиз. Эркимизни қайтариб берсаснгиз бас.

XS
SM
MD
LG