Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:01

Дума муҳожирлар номига сохталаштирилган тест имтиҳонларини текширмоқда


Россия Давлат Думаси меҳнат муҳожирларидан рус тили, тарихи ва ҳуқуқидан ноқонуний тарзда тест топширилгани юзасидан текширув ўтказмоқда. Дума расмийлари мигрантларга берилган 50 дона сертификат бекор қилинганини билдирди. Кузатувчилар эса муҳожирлар қора бозордан арзон нархда сертификат олиш ёки имтиҳонни бормасдан "топшираётгани"га гувоҳ бўлганини айтмоқда.

Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) раҳбарияти Москва, Обнинск ва Уфада бир қанча меҳнат муҳожири имтиҳонга келмасдан рус тили, тарихи ва ҳуқуқидан сертификат соҳибига айланганини аниқлади.

Бу ҳол юзасидан олиб борилган тафтиш натижасида университетнинг тест маркази раҳбарияти тест олиш ҳуқуқига эга тўртта ташкилот билан ҳамкорликни тугатгани маълум қилинди. Шу жумладан, Уфа шаҳридаги “Динамо” тест маркази томонидан берилган барча сертификатлар ноқонуний деб эълон қилинди.

РУДНнинг тест маркази вакиласи Шаҳноза Султонова, шунга қарамасдан, сертификатга имтиҳон топширган ҳар қайси меҳнат муҳожири ҳужжатсиз қолмаслигига Озодликни ишонтиришга уринди:

- Ҳақиқатан, биз бир қанча шартномаларни бундай ташкилотлар билан бекор қилдик. Сабабларини биз очиқламаймиз. Шунга қарамасдан, пул топширган ва имтиҳон топширган бирорта меҳнат муҳожирини имтиҳон натижаларисиз ёки сертификатсиз қолдирмаймиз – ўз ишимизни охиригача олиб борамиз, деди Шаҳноза Султонова.

Россия Давлат Думаси ва Жамоатчилик палатаси Россиянинг турли минтақаларида ноқонуний берилаётган сертификатлар тўғрисида келиб тушаётган кўплаб шикоятлар юзасидан махсус текширув бошлагани маълум бўлди.

Думанинг Таълим бўйича қўмитаси раиси муовини Владимир Бурматов журналистлар олдида қилган чиқишида Москва, Краснодар ва бошқа ўлкаларда “қора бозорда” муаммосиз 7 мингдан 30 минг рублгача сертификат харид қилиш мумкинлиги аниқланганини айтди.

- Бу масалада саволлар нафақат тест марказлари, балки улар билан шартнома имзоловчи олий ўқув юртларига ҳам берилади. РУДНнинг битта-иккита, масалан, Уфадаги ташкилотни жазолаши –кўзбўямачилик! Бундай қонунбузар ташкилотлар сони, сўзсиз, кўпроқдик, деди Давлат Думаси вакили.

Бурматов келиб тушган шикоятлар асосида олиб борилаётган тафтиш натижалари май ойи охирларида эълон қилинишини билдирди.

Таъкидлаш жойизки, ишга рухсатнома олиш учун мажбуран топшириладиган имтиҳонларни Россияда 5-та олий ўқув юрти назорат қилади, 400 зиёд нодавлат тижорат марказлари эса махсус лицензия асосида тест олиш билан шуғулланади. Бироқ, сўнгги пайтларда Интернетда ва кўча-куйда имтиҳонга бормасдан сертификат олишни таклиф этувчи ташкилотлар сони кўпайиб қолганини кузатиш мумкин.

Озодлик суҳбатлашган бир қанча меҳнат муҳожири имтиҳонларни топширишда бирор қийинчиликка учрамаганини маълум қилди. Уларнинг аксари бу имтиҳонларни коррупциянинг бир тури эканини эътироф қилмоқда.

Москвада меҳнат қилаётган андижонлик Ботир танишларидан бири имтиҳон саволларига жавоб бера олмасдан сертификат олганини Озодликка гапириб берди.

- Бор бунақа ҳолатлар. Бизнинг битта танишимиз русчадан ноль эди. Имтиҳонга кириб, ўтириб, 18 та хато қилиб чиқди, лекин одамлар ўтказворди. Ўзини одамлари бор эканда! Масалан, мен сизга документ қилаётган бўлсам, сизни “Мана шу ерга бориб, имтиҳондан ўтасиз. Ёрдам берворамиз”, деб ваъда беряпман. Кейин сиз бирорта кнопка босмасдан, “Сен ваъда берганмисан ёрдам қиламан деб?” деяпсиз. Хуллас калом, 10-15 кундан кейин отпечаткага чақиртириляпсиз. Булар соққа қилишяпти, холос! дейди Ботир.

Челябинскдаги "Бобур" ўзбеклар жамияти раиси Маъмуржон Қодиров Озодлик билан суҳбатда “қора бозорда” сертификатлар пулланаётганига шахсан гувоҳ бўлмаган бўлсада, бундай ҳолатлар тўғрисида эшитганини гапириб берди:

- Ҳаммасини контролга олиш жуда қийин. Менимча, бундай ҳолатга тушмаслик учун айнан лицензияси бор ўқув юртларга бориб экзамен топшириш керак. Фирмалардан эмас, бевосита ўқув юртлари қошида очилган курслардан. Ўзбекларимиз, айниқса қишлоқлардан келганлар қийналади, арзонига учади, дейди Маъмуржон Қодиров.

Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) тест маркази Озодликка очиқлаган маълумотларга биноан, рус тили, Россия тарихи ва ҳуқуқ асосларидан ўтказилаётган савол-жавоблардан ўртача ҳисобда 95 фоиз мигрант муваффақиятли топшириб ўтмоқда. Санкт-Петербургда бу кўрсаткич 80 фоиздан ортиқроқ экани маълум.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 1 январидан жорий қилинган Федерал қонунга мувофиқ, Россияда меҳнат қилиш истагида бўлган ҳар қайси хорижлик рус тили, ҳуқуқ асослари ва Россия тарихидан имтиҳон топшириши лозим.Имтиҳонни меҳнатга лаёқатсиз, 18 ёшгача бўлган шахслар ҳамда 65 юқори ёшдаги эркаклар ва 60 ёшдан юқори ёшдаги аёллар топширмаслиги мумкин.

Шунингдек, сертификат олишга имтиҳонлардан “Ватандошларни кўчириш” дастури иштирокчилари, юқори малакали мутахассислар ва кундузги бўлимда таҳсил олувчи талабалар озод этилади.

Тест маркази раҳбарияти яқин келажакда тестлар бироз мураккаблаштирилишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG