Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:42

Мафияга яқин Ҳусан Московскийнинг паспорти олиб қўйилди


Ҳусан Зиëмуҳаммедов
Ҳусан Зиëмуҳаммедов

Жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган, бир қатор жиноятларни содир этганликда гумон қилиниб, жорий ойда иккинчи марта 14 апрелда ҳибсга олинган таниқли тадбиркор 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов шаҳарни тарк қилмаслик шарти билан ҳибсхонадан уйига қўйиб юборилди, бироқ унинг паспорти қайтариб берилмади.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ апрель бошидан бери Ҳусан Зиямуҳаммедов икки марта вақтинчалик ҳибс қилинган.

- Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, хўл мева жўнатганликда ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, 6 апрель куни вақтинча қўлга олинган эди. Аммо 3 кундан кейин Зиëмуҳаммедов изолятордан чиқарилиб, уйига қўйиб юборилди. 14 апрель куни Зиëмуҳаммеедов яна қўлга олинди. У мамлакатни тарк қилмоқчи, деган маълумот пайдо бўлганидан кейин¸ махсус гуруҳ тарафидан Зиëмуҳаммедов қайтадан ҳибсхонага келтирилди. Куни-кеча Ҳусан Зиëмуҳаммедов шаҳарни тарк қилмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйганидан кейин изолятордан чиқарилди. Лекин паспорти терговчилар қўлида қолди. Зиëмуҳаммедов устидан тергов давом этмоқда¸ деди Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Мавжуд қоидага кўра¸ шаҳарни тарк қилмаслик тилхати билан ҳибсдан озод қилинган шаҳснинг паспорти ўзида қолиши керак. Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшуноснинг айтишича¸ Ҳусан Зëмуҳамедовдан пасспорт олиб қўйилиши мавжуд ҳуқуқий процедураларга зиддир.

Бу маълумотларни Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг ўғли - Музаффарга яқин бўлган бошқа манбалар ҳам тасдиқлашди.

Шу кунларда Ҳусан Зиямуҳаммедов яшаëтган уй МХХ нинг махсус гуруҳи тарафидан ташқи назоратга олинганлиги ҳам Озодликка маълум.

Зиямуҳаммедов россиялик марҳум вор в законе Дед Ҳасан (Аслан Усоян) нинг Ўзбекистондаги вакили сифатида иш қилгани айтилади.

Озодликка маълум бўлишича¸ шу кунларда Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг камида тўрт ҳамкори ҳам ҳибсдан озод қилинган.

Бу тўрт киши Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, хўл мева жўнатиш билан боғлиқ иқтисодий жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган эди.

Марик ва Обид Карам ҳибсда қолмоқда

Айни пайтда Хусан Московский (Зиëмуҳаммедов)нинг хазинасига оқаëтган икки даромад дарëсини назорат қилиб келаётган Марик ва Обид Карам ҳибсда қолмоқда

Озодликнинг Тошкентдаги манбалари бу ҳибсларнинг ортида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати турганлигини айтмоқда.

Жиноят оламида “Марик”¸“Марик-лошарик” номи билан танилган ва ҳозир ҳибсда қолаëтган тошкентлик Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг тижорий ҳамкоридир.

Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедов билан биргаликда 1993 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида “Фарваб” ширкатини ташкил қилган. Шу билан бирга “Аstе1” ширкати ҳам Биленкога оид экани айтилади.

Бу ширкатлар Ўзбекистонда ”Необыкновенная” ароғини қадоқлаш ва сотиш монополиясига эга бўлган.

Озодлик манбаларининг айтишича ”Необыкновенная” ароғи Ҳусан Зиямуҳаммедовга даромад келтирувчи асосий икки соҳадан биридир.

Марк Биленконинг қамоққа олиниши Озодлик манбалари назарида Ҳусан Зиямуҳаммедовга катта моддий зарар етказган.

- Прокуратура 2003 йилдаëқ Марк Биленко устидан жиноий иш очган эди. Биленкога оид икки ширкатда тафтиш бошланиши билан Биленко мамлакатдан қочиб кетди. Кейин бу масалага Хусан Московскийнинг акахонлари аралашиб жиноят иши ëпилди¸ муаммолар бости-бости бўлди. Ана шундан кейин Марк Биленко Ўзбекистонга қайтиб келиб яна ўз ишини давом эттирган эди. Лекин бу сафар Марик ҳали-бери қамоқдан чиқмаса керак¸ дейди Озодлик манбаси.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг "бойлик денгизи"га қуйиладиган икки дарëдан яна бири қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш соҳасидир.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг бу соҳани назорат қиладиган ўнг қўли Обид Баҳромов ҳам апрель бошидан бери ҳибсда қолмоқда.

Жиноят оламида “Обид карам” номи билан танилган Обид Баҳромов Россияга қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланиб келган.

Тепасида Хусан Московский турган бу пирамида тамалида турганМарк Биленко ва Обид Баҳромовларнинг қамоққа олиниши ортида, Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра, “самарали бизнеснинг қўлдан-қўлга ўтиш” амалиëти ëтибди.

- Бу муваффақиятли ва даромадли бизнес фақат бир одамнинг монополияси бўлиб қолган эди. Обид Карам сельхозэкспорт билан¸ Марик ароқ ишлаб чиқариш билан шуғулланарди. Московский буларга "криша" эди. Масалан, Обид карам ўзича экспортни амалга ошира олмас эди. Маҳсулотлар карвонининг бехатар Россияга боришини ва Озарбайжон бизнесменлари тарафидан предоплатанинг (олдиндан пул тўлаш) кечикмаслигини Московский таъминлар эди. Бу самарали бизнес энди бошқалар қўлига ўтади. Тизим қолади. Лекин эга ўзгаради. Бу эга Ҳусан ҳам, Марик ҳам, Обид карам ҳам бўлмайди¸ деди Озодлик манбаси. Лекин у янги эганинг кимлигини айтмади.

Қудратли қудага зарба

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг вақтинча қўлга олиниши ва унинг атрофидагилар устидан жиноят иши очилиб, қамоққа олиниши Ўзбекистондаги яна бир криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарши қаратилган зарба сифатида кўрилмоқда.

Ҳусан Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевни қариндошлик иплари боғлаб туради.

Ўтган йили криминал авторитет Салим Абдувалиев набирасининг яна бир криминал авторитет Ҳусан Зиямуҳаммедов оиласига келин бўлиб тушгани жиноий тизимларнинг ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланиб кучайганига мисол ўлароқ талқин қилинган эди.

XS
SM
MD
LG