Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:11

Москвада тожик муҳожирининг калласини олган ўсмирлар ҳибс қилинди


Россиядаги бинолар деворида мана шундай рамзларни учратиш мумкин.
Россиядаги бинолар деворида мана шундай рамзларни учратиш мумкин.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирининг калласини олиб ўлдирганликда айбланган уч ўсмир қўлга олингани ҳақида Россия Ички ишлар вазирлиги хабар тарқатди. Расмий маълумотда айтилишича, тергов пайтида ўсмирлар мана каби 9 жиноятни содир этганларини тан олган.

Тожикистонлик 39 ёшли меҳнат муҳожири Комилжон Ҳамдамов Подмосковьенинг Королёв шаҳрида 3 май куни ўлдириб кетилган эди. Муҳожирнинг танасида кўплаб пичоқ санчилган жароҳатлар топилган. Унинг калласи эса узиб ташланган.

Комилжоннинг ўлими ҳақида унинг акаси Улуғбек 4 май куни хабар топган. Улуғбек ҳам укаси каби Москва туманларидан бирида меҳнат муҳожирлигида бўлган.

- Менга телефон қилган одам ўзини жиноят қидирув бўлими ходими сифатида таништирди ва келиб укамни олиб кетишимни илтимос қилди.У менга укамнинг ўлдирилганини айтмади, фақат “Маст бўлиб қолибди, лекин иш жуда жиддий”, деб айтди. Орадан бир соат ўтгач эса бир танишим телефон қилиб,укамни ўлдириб кетишганини айтди. Менимча, жиноят қидирув ходими бу даҳшатли хабарни телефон орқали айтиб, менинг дилимни вайрон қилишни истамаган, -деди Улуғбек.

Унинг айтишича, қотиллар Комилжонни қийнаб ўлдиргани сезилиб турибди. Комилжоннинг бармоқлари кесилган, баданига ўткир нарса билан жароҳатлар еткизилган, калласи эса узиб ташланган.

Россия Ички ишлар вазирлиги 7 май куни Комилжонни ўлдирганликда айбланиб Королёв шаҳрининг балоғатга етмаган уч нафар яшовчиси қўлга олинганини маълум қилди. Тергов давомида гумонланувчилар мана шу каби 9 жиноятни содир этганларини тан олган. Терговчилар бу маълумотнинг нақадар тўғри экани тергов давомида текширилишини айтмоқда. Бироқ айни пайтда қўлга олинганлар камида иккита қотилликни содир этганликда айбланаётир. Ҳозирча мазкур жиноятлар миллий нафрат асосида содир этилганми ёки талончилик мақсадидами, деган савол ҳам очиқ қолмоқда.

Москвадаги миллий нафрат асосида содир этилган жиноятларни рўйхатга олиб борувчи “Сова” ахборот-таҳлилий маркази раҳбари Александр Верховский миллий нафрат асосида содир этилган жиноятлар сони Россияда 2009 йилдан кейин озайгани, бироқ 2012 йилдан кейин яна кўпая бошлагани ҳақида гапирди:

-Бу каби жиноятлар ҳақиқатан ҳам озайган. Айниқса 2009-2012 йилларни оладиган бўлсак, жуда кўп одамлар қўлга олинди ва қамалди. Шунинг учун жиноятчиларнинг кўпчилиги бу каби жиноятларни содир этиш ўзлари учун зиён эканини тушуниб етди. Бироқ 2013 йилдан бу кўрсаткич яна кўтарила бошлади. Масалан, 2013 йилда бизнинг ташкилот экспертлари томонидан миллатлараро нафрат асосида 23 қотиллик, 200 ҳужум қилиш ҳолати аниқланган бўлса, 2014 йилда 27 қотиллик ва 120дан ортиқ жабрланган аниқланди, -дедиАлександр Верховский.

Россияда меҳнат муҳожирларининг ваҳшиёна тарзда ўлдирилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Маслан, Москвада 2014 йил 30 мартга ўтар кечаси Ўзбекистон фуқароси 11 марта пичоқланиб, болта билан чопиб ўлдирилгани юзасидан жиноят иши очилган. 2013 ва 2008 йилда тожикистонлик икки муҳожирнинг миллатчилар томонидан боши узиб ташланган жасади топилган. 2013 йилнинг 4 ноябрида эса 51 ёшли Ўзбекистон фуқаросини 15-17 ёшда бўлган беш миллатчи ўсмир 14 марта пичоқ уриб ўлдирган.

XS
SM
MD
LG