Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:17

Тошкент¸ Нукус ва Зарафшондаги валюта қора бозорлари бир кунда “облава” қилинди


Ўзбекистон банклари валюта конвертациясини амалга ошириш имконига эга бўлмаган бир шароитда¸ валюта қора бозори кучишлатар тизимлари босими остида қолди.
Ўзбекистон банклари валюта конвертациясини амалга ошириш имконига эга бўлмаган бир шароитда¸ валюта қора бозори кучишлатар тизимлари босими остида қолди.

Тошкент¸ Нукус ва Зарафшондаги валюта қора бозорларида сешанба куни қора ниқобли ва қуролланган ИИВ ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилган.

Озодликнинг Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларининг айтишича, ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланаётган шахсларни қўлга олиш бўйича тезкор тадбир прокуратуранинг Солиқ ҳамда валюта амалиëтларига оид оид қонунчилик ижросини таъминлаш департаменти тарафидан ўтказилган.

Республика бўйлаб тезкор тадбир

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси бирданига учта шаҳарда тезкор тадбир ўтказилганига эътибор қаратди:

- Билсангиз¸ куни-кеча тарқаган нақд валюта алмашмаслиги хабари “Қора бозор”ни жунбушга келтирди. Саросима бошланди. Бу ҳолатни бутун республика бўйлаб тартибга солиш вазифаси прокуратурага юкланди. Сешанба куни Тошкент¸ Нукус ва Зарафшонда облава бўлганини аниқ айта олман¸ чунки сводкани кўрдим. Айнан ўша куни бошқа шаҳарларда ҳам тезкор тадбир бўлганини тахминан айта олман¸ дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸ Навоий вилояти прокуратураси Зарафшон шаҳар савдо маркази ҳудудидаги қора бозорни босган. Шунингдек Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туман Миллий банки биноси олдида қора бозор ташкил қилиб банкдан валюта олиб қимматига сотган гуруҳ ҳам қўлга олинган.

Ўзимизникларга тегманг...

Айни пайтда Озодликнинг Нукус шаҳрдаги манбалари ҳам сешанба куни шаҳар марказидаги валюта қора бозорларида “облава” бўлгани хабарини тасдиқлашди.

Нукус бозорида валюта илиб сотиш билан шуғулланадиган ва ўзини Мурод деб таништирган йигит Озодлик билан суҳбатда сешанба кунги “облава”ни тасвирлаб берди:

- Қора бозор бир ошиб¸ бир тушиб турди. Одамлар обменниклар ëпилармиш¸ нақд доллар тақиқланади¸ деб гаплашиб турди. Кейин крупний доллар алмаштирадиган болалар тезда машинага чиқиб бозорни тарк қилди. Кейин бозорни ойналари қорайтирилган машиналар ўраб олди. Бир-икки одамни ушлаб олиб кетишди. Лекин асосий савдогарлар бундан хабардор бўлган шекилли¸ облава пайтида зим-ғойиб бўлишди¸ дейди Озодлик манбаси.

Саросима манбаси Марказий банкми?

Озодлик манбаларининг айтишича Ўзбекистон Марказий банки жисмоний ва юридик шахслар учун валютани расмий курс бўйича айирбошлаш операцияларини вақтинча тўхтатиб қўйгани ортидан қора бозорда саросима бошланган.

Қора бозорлардаги облавалар бу саросимани кучайтирган бўлса-да¸ хуфия валюта айирбошлашга ихтисослашган бозорлар фаолияти давом этган.

Таҳлилчиларга кўра, қора бозор ҳокимият доираларига яқин шахслар ва гуруҳлар учун мўмай даромад манбаига айланган ва шу боис у дахлсиз қолаверади.

Озодликка айнан валюта қора бозоридаги асосий ўйинчиларни яхши билишини иддао қилган шахснинг таъкидича¸ бу бозорни узоқ йиллар "Алп Жамол" банк хўжайини¸ криминал авторитет Салим Абдувалиевнинг яқин одами саналган Муҳиддин Асомутдинов "ўйнатиб" келган. Аммо 2010 йилда Асомутдинов бизнеси тортиб олиниб¸ ўзи бедарак кетиши ортидан бу бозор эгаси ўзгарган. Озодликнинг норасмий манбаси иддаосича¸ ҳозирда бутун Ўзбекистон валюта қора бозорини Бош вазир Шавкат Мирзиëевга қариндош бўлган шахс бошқаради ва унинг атрофида ҳокимият тепасида ўтирган бошқа шахсларнинг ҳам яқинлари бор.

Озодлик манбаларига кўра¸Ўзбекистоннинг ҳар бир алоҳида олинган бозоридаги норасмий валюта алмаштириш бизнесининг ўз эгаси бор. Бу эга тепадан пастга тармоқланиб кетган махсус тизим қоидалари бўйича маҳаллий банк раҳбарлари ҳамда солиқ¸ прокуратура ва ИИБ ходимлари кўмагида самарали ишлайди”

Қора бозор саррофлари қўлга тушган тақдирда қудратли акахонлар кўмагида яна бозордаги фаолиятига қайта олганига оид мисоллар Озодликда бор.

Ўтган ой Тошкентнинг Эски шаҳар мавзесидаги валюта олди-соттиси билан шуғулланувчи саррофларни якшанба куни қора ниқоблилар босиб ўнга яқин сарроф машинага босиб олиб кетилган эди.

Аммо ўша куни кечга бориб, ички ишлар бўлимига олиб борилган саррофлар қўйиб юборилгани маълум бўлди.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларининг маълум қилишича¸ пайшанба куни саррофларнинг “қора бозор”даги фаолияти яна давом этган.

XS
SM
MD
LG