Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:17

Тулада ўзбек муҳожири оммавий қотилликда айбланмоқда


Ўзбекистон фуқароси Россиянинг Тула шаҳрида беш киши, жумладан, уч болани ўлдирганликда айбланмоқда. Қўлга олинганидан кейин айбига иқрор бўлган 30 яшар Фарҳод Шералиев кейинчалик ўз кўрсатмаларидан воз кечиб, рус тилини умуман билмаслигини маълум қилди. Терговчилар жиноятга маиши можаро сабаб бўлганини тахмин қилаётган бўлса, ўзбек жамоаси вакиллари тергов қонунбузарликлар билан олиб бораётганига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Тула шаҳар суди 31 май куни Ўзбекистон фуқароси Фарҳод Шералиевни бир оиланинг беш аъзосини ўлдирганликда гумонлаб, ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Россия Тергов қўмитасининг Тула вилояти бўйича идораси вакиллари пичоқлаб ўлдирилган ва яраланганлар орасида ёш болалар борлигини Озодлика билдиришди:

- Ўлганлар беш нафар: иккита аёл ва учта 10, 9 ва 5 ёшли болалар. Нобуд бўлган болалардан иккита каттаси қизлар, кичкинаси ўғил бола бўлган. Яна бир 7 ёшдаги бола ва 37 ёшли эркак киши реанимацияда ўта оғир аҳволда қолмоқда,- деди тергов тафсилотларини очиқлаган Тула вилоят Тергов қўмитаси раҳбари муовини Зинаида Каминская.

Фарҳод Шералиев Тула шаҳар судида
Фарҳод Шералиев Тула шаҳар судида

Маълум бўлишича, гумонланувчи Шералиев жиноятдан бироз вақт ўтмасдан полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган, аввалига ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган, кеийнроқ эса бу иқрорни маст ҳолатда ва таржимонсиз ёзиб берганини билдирган.

- Тергов қўмитасининг Тула вилояти бўйича бошқармаси шанба куни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105 моддаси 2 қисми “а,в” бандлари бўйича унга нисбатан жиноий иш қўзғатди. Тахминларимизга кўра, жиноят маиший асосда содир этилган. Ҳозирча гапириш эрта. Гумонланувчининг руҳий ҳолатини текшириш бўйича экспертиза тайинланди. У Россияда нима иш қилиб юрганини аниқлаяпмиз. Ҳозирча маълумки, у расман қайдда турган, аммо қайд муддати ўтиб кетган ва у нолегал ҳолатда яшаб келган,- деди терговчи Зинаида Каминская.

Тула шаҳри яқинида жойлашган Косая Гора даҳасида яшовчиларнинг асосий қисми шу атрофда жойлашган металлургия комбинати ишчиларидир. Қотиллик содир бўлган уй эгаси 29 ёшли Надежда Андреева онаси Елена ва фарзандлари билан бу уйни икки йил олдин ижарага олиб, яшаб келган.

Ўзбекистонлик 31 ёшли Фарход Шералиевнинг Надежда билан ишқий алоқалари бўлгани ва у бу уйга тез-тез келиб тургани айтилди.

Тергов маълумотларига кўра, мудҳиш ҳодиса рўй берган кун уй эгалари шашлик пиширган ва спиртли ичимлик ичган: қўшнилар бу уйга ўзбекистонлик муҳожирлар кун ора келиб туриши ва шашликхўрлик қилишини хабар қилган. Терговчилар бундан бир неча йил олдин Надежданикида Умар исмли бошқа бир ўзбекистонлик яшаб келганини аниқлаган.

Тула шаҳар марказий шифохонасида Косая Горадан ярадор ҳолатда олиб келинган 37 ёшли эркак ва 7 яшар боланинг аҳволи бирмунча яхшиланганини билдиришди. Шунингдек, шифохона навбатчиларидан ярадор бўлган киши ҳам Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. Озодлик ўз манбаларидан бу шахснинг исми Б. А. эканини аниқлади.

Маълум бўлишича, 30 май шанба куни тонгги 4:30-ларда маҳаллий полиция бўлимига бир қизалоқ телефон қилган ва манзилни айтиб, “Тезроқ келинг, бизни ўлдиришяпти!” дейишга улгурган. Ҳодиса жойига етиб келган полициячилар 10 яшар бу қизчанинг жасадини эшик олдида топган. 1,5 соат ўтмасдан полиция қўшни қўчадаги уйлардан бирида ижарада яшаётган ўзбекистонлик Фарҳод Шералиевни ҳибсга олгани келди.

Муҳожирнинг қўлга олинишига гувоҳ бўлганлар маҳаллий журналистларга у катта трассага ялангоёқ югуриб чиққани ва “Мен ўлдирганим йўқ! Бу мен эмас!”, дея полициячилардан қочганини сўзлаб беришди.

Воқеани кузатувга олган Россиядаги “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов Туладаги қотилликка ўзбекистонликнинг алоқаси борлигига жиддий шубҳалар пайдо бўлганини иддао қилади:

- Бу одамнинг беш киши, жумладан, ёш болаларни пичоқлаб ўлдириб, биттасини ярадор қилиб, уйига бориб тинчгина ухлаб ётиши, кейин полиция “бобиги”ни кўриб, бақириб кўчага қочиши ақлга сиғмайди! Бундай жиноят қилган одам одатда узоқроққа қочади : полиция ўзи хабар қилдики, қизча қотилнинг кўз олдида полицияга хабар берган. У патент олишга ҳужжат топширган экан, аммо пули етмагани боис шу ерда майда-чуйда ишларни бажариб юрган. Унинг қўшнилари бу яхши бола экани, ичиб юрганини биров кўрмагани, доимо озода кийиниб юргани, бировларга доимо ёрдам бериб келганини гапиришмоқда,- деди Махсуд Абдужабборов.

Жамоатчилик фаоли сўзларича, Тергов қўмитаси ва полиция Шералиевни ҳибсга олиш ва уни сўроқ қилишда жиддий қонунбузарликларга йўл қўйган:

- Тергов қўмитаси ва Ички ишлар ходимлари ўта маст ҳолатда бўлганлиги айтилган шахсни сўроқ қилишга қандай ҳаққи бор?! Улар ўзлари бонг уряптики, у жуда маст эди. Иккинчидан, унга сўроқ пайтида таржимон берилмаган. Тасаввур қилинг: маст ҳолатда тилни билмайдиган одам жиноятга иқрор бўлган! Қолаверса, суд қарори чиқмасдан, ҳатто ўзбекистонликка айблов эълон қилинмасдан, Россия журналистлари ва терговчилари унинг исми-шарифи, Ўзбекистон фуқароси эканини очиқлаб берди. Мигрантлар полиция учун ҳамма балода туғаноқ бўлиб қолган: ҳар қайси шов-шувли жиноятни фош этиш учун доимо мигрантни ушлашади! Чунки улар тезда иқрор бўлади ва терговчилар иши осонлашади,- деди ҳуқуқ фаоли.

Тула вилояти ўзбеклар жамоаси фаоллари Озодлик Радиосига бу ҳодисадан бехабар эканликларини билдиришди. Айни пайтда, ўзбек муҳожири ҳуқуқларини давлат томонидан тайинланган адвокат ҳимоя қилаётгани ҳам маълум бўлди.

Тула вилоят губернатори Владимир Груздев терговни шахсий назоратига олганини эълон қилди.

Озодликка мурожаат қилган ва исмини ошкор қилмаган бир гуруҳ шахслар Россияда фаолият юритаётган ўзбек жамоаларини Тулада ҳибсга олинган ўзбек муҳожири тақдирига бефарқ бўлмаслик ва уни зарурий ҳуқуқий ҳимоя билан таъминлашга даъват этди.

Айбсизлик презумпциясига мувофиқ, “жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”.

XS
SM
MD
LG