Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:10

Петербургда 7 яшар болани зўрлашда айбланиб ўзбекистонлик ўсмир ушланди


Петербургда 7 яшар болага нисбатан “жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатларини” амалга оширишда айбланаётган 15 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Ҳодиса Петербургдаги болалар уйида содир бўлгани айтилмоқда.

4 июнь куни эрталаб Адмиралтейский туман полиция бўлимига 27 ёшли петербурглик аёл мурожаат қилди. У 2008 йилда туғилган укаси шаҳарнинг Курляндская кўчасидаги “Транзит” болалар ижтимоий муассасасида номаълум шахс томонидан зўрланганини маълум қилди.

Бу тафсилотларни Озодликка гапириб берган Санкт-Петербург шаҳри полиция бошқармаси вакиласи Ольга Волкова ҳодиса ортидан болалар уйида 15 ёшли хориж фуқароси ушланганини билдирди:

- Адмиралтейский туман полиция бўлими ходимлари болаларга мўлжалланган ижтимоий муассасалардан бирида 7 яшар болага нисбатан жинсий характердаги амалларни бажарганликда айблаб, 15 яшар шахсни қўлга олди. Бу бола ўз юртига депортация қилинишини кутиб ётган экан,- дейди Санкт-Петербург шаҳри Ички ишлар бошқармаси вакиласи.

Тергов-суриштирув ишлари натижасида аниқланишича, қўлга олинган 15 ёшли шахс Ўзбекистон фуқароси экан.

Изқуварлар ўзбекистонлик вояга етмаган йигитча Санкт-Петербургда қайдда турмагани ва доимий яшаш жойи бўлмагани сабабли мазкур болалар уйига жорий йилнинг 9 дан 21 майига қадар жойлаштирилгани ва яқин кунларда Ўзбекистонга депортация қилиниши кутилаётганини аниқлади.

Озодлик исмини маълум сабабларга кўра ошкор қилмаётган бу болакайга нисбатан маҳаллий Тергов қўмитасида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 132- моддаси 4- қисми (вояга етмаганлиги олдиндан маълум бўлган шахсга нисбатан жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатларини амалга ошириш) асосида жиноий иш очилиши учун тафтиш ишлари олиб борилаётганини аниқлади.

Ўзбекистонликка қўйилаётган айбловга кўра, бу ҳаракатларини у 9 майдан 16 майгача амалга ошириб келган.

Россиядаги “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов “Транзит” болалар уйига одатан тарбияси оғир болалар тушишини Озодликка гапирди. У меҳнат муҳожирларининг фарзандлари депортация қилинишидан олдин бу муассасада ушлаб турилади, дейди:

- Бола ҳозирда Захарьевский кўчасидаги изоляторда сақланмоқда. Уни олдинроқ депортация қила олишмагани сабаби унда тегишли ҳужжати йўқлигида, паспортсиз эса авиачипта сотиб олиш мумкин эмас. Ўзбекистондан бу бола ота-онаси билан Россияга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома билан кириб келган экан. Мен аниқладимки, полиция бу болани қаровсиз қолгани ва тиланчилик қилгани учун болалар уйига жўнатган. Ёши аслида 14-да, 15 киргани йўқ. Май ойидаги байрамлар вақтида қўлга олинган экан. Давогар аёлга кўра, гўё бу бола укасини фақат аниқ бир ҳафта давомида зўрлаган экан. Қолган бир ой вақтда нега унда тегмаган, деган савол пайдо бўляпти. Буни суриштириш керак... Умуман олганда, Россиядаги болаларимиз аҳволи нима кечаётганини яхшилаб ўйлаб кўришимиз, назоратни кучайтиришимиз ва қандайдир чора қўллашимиз керак,- деди ёшлар ташкилоти бошлиғи Махсуд Абдужабборов.

Озодликка исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик бола ҳозиргача Петербурдаги “Транзит” болалар уйи ҳисобида эканини маълум қилишди.

XS
SM
MD
LG