Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:30

Бан Ки Мун: Ўшда умрбод қамалганларнинг кўпи адолатсиз судланган


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ўшда 2010 йил қирғинида ҳалок бўлганлар хотирасига гулчамбар қўйди.
БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ўшда 2010 йил қирғинида ҳалок бўлганлар хотирасига гулчамбар қўйди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 11 июнь куни Ўшга қилган сафари чоғида 2010 йил қирғини қурбонларини хотирлар экан, қирғиндан сўнг кўплаб одамлар адолатсиз судлов натижасида бир умрга қамалганини таъкидлади. БМТ Бош котиби билан учрашувга таклиф қилинган бир неча ҳуқуқ фаоли ва журналист мазкур тадбирга киритилмади.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош котиби Бан Ки Мун билан 11 июнь куни Ўш мэриясида бўлиб ўтган учрашувга БМТ ваколатхонаси томонидан таклиф қилинган, аммо учрашувга киритилмаган ҳуқуқ фаоллари орасида “Бир Дунё Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Абдуназар Маматисламов ҳам бор.

- Мен бир нарсага хайронман. Агар биз учрашувда қатнаша олмасак, улар инсон ҳуқуқларининг ҳозирги вазияти бўйича қаердан маълумот олади? Мен кўриб турганимдек, ҳуқуқ ҳимоячилари рўйхатда йўқ экан, - дейди Абдуназар Маматисламов.

Ҳуқуқ фаоли Абдуназар Маматисламов учрашувда 2010 йил қирғинида айбланиб ноҳақ қамалганлар масаласини кўтармоқчи бўлганини айтиб ўтди:

- Муҳим масалалардан бири, БМТ июнь воқеалари юзасидан ўтказилган маҳкамалар қайта кўриб чиқилсин, деган тавсияни берган эди. Бироқ ҳозиргача бу тавсия амалга оширилмади. Икки - учта бошқа тавсиялар ҳам бор. Бу тавсиялар қоғозда қолиб кетаверадими ёки амалга ҳам ошириладими, деган масалага учрашувда ойдинлик киритиш керак эди,- дейди Абдуназар Маматисламов.

Учрашувга киритилмаган яна бир ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Раҳматуллаев ҳам Озодлик мухбири билан учрашувда тилга олмоқчи бўлган масалаларини ўртоқлашди:

- Бугунги кунда этник озчиликларнинг ҳуқуқлари паймол бўлаётганига оид масала ва инсон ҳуқуқлари билан богғлиқ вазият юзасидан ҳар бир ҳуқуқ фаолининг айтадиган гаплари бор эди, - деди Изатилло Раҳматуллаев.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 11 июнь куни куннинг иккинчи ярмида Ўшга келган эди. У Қирғизистон ҳукумати раҳбари Темир Сариев кузатувида дастлаб июнь воқеасида қурбон бўлганлар хотирасига ўрнатилган “Онанинг кўз ёши” ёдгорлик комплексига гулчамбар қўйиди.

Ёдгорлик олдида сўзлаган нутқида БМТ Бош котиби 2010 йил воқеаларидан сўнг вазиятбарқарорлашувида Қирғизистон ҳукумати ҳаракатларини юқори баҳолашини айтиш билан бир қаторда, Ўш қирғинидан сўнг кўплаб фуқаролар адолатсиз судлов натижасида бир умрга қамалганини таъкидлаб ўтди.

- Бироқ мен ҳис қилаётган туйғуларим орасида, энг аввало ўша воқеаларда оила аъзоларини йўқотган одамлар қайғусига шерик бўлиш ва ҳозиргача адолат қарор топишини кутаётган аёллар ҳамда болаларнинг туйғуларига ҳурмат ҳисси устиворлик қилади. Шунингдек, кўплаб одамлар адолатсиз судлов, қийноқлар қўлланилиб тан олдирилган айбловлар натижасида қамалган ва уларнинг айримлари умрбод қамоққа ҳукум қилинган. Шу масалалар юзасидан хормай - толмай ишлаб келаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига ўзимнинг катта саломимни айтаман, -деди Бан Ким Мун жаноблари.

Шу ўринда эслаб ўтиш жоизки, Хюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари қотилликларда айбланиб бир умрга қамалган 30 одамнинг 28 таси ўзбек экани айтилади.

Шундан сўнг Бан Ки Мун Ўш шаҳар мэриясида ўшлик фаоллар билан учрашди. Журналистлар учун ёпиқ эшик ортида ўтган учрашувда қандай масалалар муҳокама қилингани тўғрисида расман маълумот йўқ. Бироқ айрим манбаларнинг айтишича,учрашувдан журналистлар чиқариб юборилганидан сўнг жаноб Бан Ки Мун ҳам йиғинни тарк этган.Фаоллар билан учрашувни унинг ёрдамчилари давом эттирган.

Норасмий манбаларнинг билдиришича, учрашувда фаолларнинг айримлари Қирғизистонда яқин кунларда қабул қилиниши мумкин бўлган “Хориж агентлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасига норозилик билдирган. Мазкур қонун қабул қилинса, нодавлат ташкилотлари “Хориж агенти” сифатида босим остида қолиши мумкинлиги айтилган.

БМТ раҳбари Ўшга 11 июнь куни Марказий Осиё сафари доирасида ташриф буюрди. Бан Ки Мун Ўшдаги тадбирлардан сўнг 11 июнь куни Тошкентга кетди. Шундан сўнг БМТ Бош котиби туркманистонга йўл олади.

Қирғизистон ва Ўзбекистонга ташрифидан олдин Бан Ки Мун Тожикистон ҳамда Қозоғистонда бўлди.

XS
SM
MD
LG