Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Ўзбек ўлган Свердловск колониясида маҳбуслар очлик эълон қилди


2013 йилда 46-колонияда маҳбуслар ғалаён кўтарган
2013 йилда 46-колонияда маҳбуслар ғалаён кўтарган

Свердловскдаги 46-сонли қаттиқ режимли колонияда маҳбуслар эълон қилган очлик акцияси туфайли қамоқхона раҳбари ишдан олинди, жавобгарликка тортилди. Маҳбуслар норозилигига 3 июль куни қирғизистонлик ўзбек 26 ёшли Акбарали Акбаралиевнинг уриб ўлдирилиши сабаб бўлди. Маҳбуслар бу каби қотиликка барҳам берилмаса, оммавий тарзда томирини кесишидан огоҳлантирмоқда.

Колонияда маҳбуслар очлик эълон қилди

Озодликка боғланган ва ўзини Лола, деб таништирган мухлисаларимиздан бири Россиянинг Свердловск вилояти Невьянск шаҳридаги 46-сонли ахлоқни тузатиш колониясида ўзбек йигити уриб ўлдирилиши туфайли қолган судланганлар очлик эълон қилганини хабар берди.

- У ерда укам бор. У ердан бир бола телефон қилиб, “Опа, ёрдамингиз керак. Бундан 20 кун олдин хоразмлик бир одамни уриб ўлдириб қўйган эди. Мана бугун яна бир болани ўлдириб қўйишди. Бу қанақаси – ҳаммамизни ўлдириб юборишади-ку! Биз очлик эълон қилдик, тегишли жойларга айтинг – бизнинг шикоятларимиз ташқарига чиқарилмаяпти, уряпти. Очлик эълон қилганмиз, ёрдам бўлмаяпти. Агар натижа бўлмаса, боллар венасини кесишга тайёр”, деяпти, - деди колония маҳбуслари номидан мурожаат қилган Лола.

Бунинг ортидан, Свердловск вилоят оммавий ахборот воситаларида 3 июль кунидан бери Невьянскдаги 46-сонли қаттиқ режимли колониянинг 400 яқин бандиси очлик эълон қилгани, ОМОН ва маъмурият жисмоний тазйиқи олдини олиш мақсадида ерга бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари келгани айтилди.

Свердловск вилояти бўйича Тергов қўмитаси одам ўлдирилиши ва колония маҳбуслари норозилиги оқибатида 6 июль куни муассаса раҳбари Илья Чикин ишдан бўшатилганини тасдиқлади:

Колония собиқ бошлиғи Илья Чикин (чапда) ҳибс этилди
Колония собиқ бошлиғи Илья Чикин (чапда) ҳибс этилди

- ИК-46 бошлиғи махсус буйруқ асосида ушлаб қолинди. У билан терговчилар ишламоқда. Уни айбланувчи сифатида ҳибсга олиш масаласи кўриб чиқилмоқда – ҳозирча дастлабки тергов ишлари бормоқда. Шунингдек, Тергов қўмита ходимлари колониядаги жиноятларга алоқаси бўлган бошқа маъмурият вакилларини аниқламоқда, деди Свердловск вилояти бўйича Тергов қўмитаси расмий вакили Александр Шульга.

Тергов вакили тафтишчилар аллақачон Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111-4 (қасддан оғир жароҳат етказиш ортидан эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш) ва 286-3 (зўравонлик ишлатган ҳолда мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш)моддалари асосида жиноий иш қўзғатганини ҳам билдирди.

“Синдириш бошланса, ҳамма томирини кесади!”

Озодлик 46-сонли колонияда сақланаётган бир гуруҳ ўзбек маҳбуслари билан боғланиб қамоқхона ичкарисидаги вазиятни аниқлади. Ўзбекистонликлардан бири очликка 1989 йилда туғилган қирғизистонлик ўзбек йигити Акбаралиев Акбарали маъмурият ходимлари томонидан изоляторда уриб ўлдирилгани сабаб бўлганини тасдиқлаб берди.

Аҳрор судланганлар бевосита колония маъмурияти зўравонлигига қарши кўтарилганини айтиб, бундай дейди:

- Колонияда 2013 йилда худди шундай переворот бўлган эди. Бизга ўшанда “Бўлди, начальникларни ишдан олдик, индамайди”, дейишган эди. Бир ҳафтадан кейин янги начальник келиб одамларни изоляторга ёпиб, уриб, тепиб қийнашни бошлади. Музикани баланд овозда қўйиб, одамларни тевалашади! Карантинда янги одамларни уришади, ҳожатхонага каллаларини тиқишади.Бу ишларни маъмурият бошлиғи ва ходимлар қиляпти! Мақсади – “сен қизил бўласан, сен дневальний бўласан”, дейди. Сен админиятрацияга албатта қизил бўлишинг керак. Ҳозир терговчилар келиб “тергов очилди, уни қамаймиз” деяптию, лекин телевизорда шунчаки ишдан четлатилди дейилди, деди Аҳрор.

(2013 йилнинг май ойида 46-колонияда маҳбуслар ғалаён кўтарган)

Озодлик ўз манбаларидан жорий йилнинг 4 июль куни эрталаб ИК-46 колониясидан Невьянск шаҳар марказий шифохонасига келтирилган 1989 йилда туғилган Акбаралиев Акбарали Муродович экани, суд тиббий экспертиза мутахассислари у юракка берилган зарбадан ўлгани тўғрисида хулоса чиқарилганини аниқлади.

Аҳрор ички тартиб ва маъмурият бедодлиги тўғрисида ташқарига хабар бера олмаётгани, колония раҳбари четлатилиши ортидан босимлар янада кучайиши мумкинлиги маҳбусларни хавотирга солаётганини айтди.

- Жума, 3 число куни начальник обход қилади иккита ёрдамчиси билан. Бизни бола изоляторда ўтирган бўлади. Обходдан кейин улар кириб чиққандан кейин соат 11-12ларда уни ўлигини носилкада олиб чиқишади. Қирғизистонлик ўзбек бола, бировга ёмон гапирмаган, бирор касаллиги йўқ бола! Баққуват, спортивний бола эди: бўйи 180-190, оғирлиги 110 кило эди. Уни наручникка осиб уришган экан юраги олдидан. Бундан олдин яна бир андижонлик болани уриб белини, курагини синдиришган эди – мана инвалиб бўлиб ётибди. Бунга жавобан биз бунт эмас, норозилик акциясини уюштирдик: овқат ейишдан тийилдик. Қачонки пойтахтдан вакиллар келади, биз кўрсатмалар берамиз ва уларни қамашади – кейин овқат ейишни бошлаймиз, деб учинчи кун очликдамиз. Лекин режимни бузганимиз йўқ, қонун асосида бўляпти бу. 400 одам очлик эълон қилди дейишяпти, аслида 800-900 киши турли миллат вакиллари очликда ўтирибди. Синдириш бошланса ҳамма қўлини кесади, - деди ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Аҳрорбек.

Маҳбуснинг билдиришича, маҳбуслар нафақат назоратчилар зўравонлиги, балки улар томонидан олиб борилаётган товламачилик йўли билан пул ундиришга, колонияда авж олган коррупцияга қарши ҳам чиқмоқда.

ГУФСИН раҳбари вазиятни шахсий назорат остига олди

46 – сонли колониясидаги 1200 га яқин маҳбуснинг 100-120 нафар ўзбекистонликлар экани маълум бўлди.

Невьянскдаги қамоқхонада бўлиб қайтган ҳуқуқ ҳимоячилари вазиятни ўрганиб, маҳбуслар иддаолари ўз исботини топганини аниқлади.

Россия ГУФСИНининг Свердловск вилояти бўйича бошқармасида радиомиз сўровига маҳбуслар бераётган маълумот ҳақиқатга зид эканини билдиришди. Жазони ижро этиш бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Александр Левченко:

- ГУФСИН раҳбариятига судланганлар томонидан ҳеч қандай талаблар қўйилмаган. Аллақандай муаммоли вазиятлар Тергов қўмитаси вакиллари, прокуратура ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан бўлган учрашувлар давомида берилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, дея гапни қисқа қилди.

Идора ходими сўзларига кўра, колония маҳбуслари ва уларнинг яқинлари билан Свердловск вилояти бўйича ГУФСИН бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Сергей Худорожков учрашгани ва тафтишни шахсий назорат остига олишга ваъда қилган.

Айни пайтда, ўлдирилган 26 ёшли Акбарали Акбаралиев жасади бугун дафн этилиш учун яқинлари томонидан ўз юртига олиб кетилгани айтилди.

Озодлик Свердловск вилоятидаги 46-сонли ахлоқни тузатиш колониясидаги вазиятни кузатиб хабар бериб боради.

XS
SM
MD
LG