Афғонистоннинг Ҳизби Исломий гуруҳи раҳбари Гулбиддин Ҳикматёр ўз тарафдорларини толибларга қарши курашда “Исломий Давлат” жангари гуруҳини қўллашга чақирди. Афғон матбуотига кўра, бу ҳақда Ҳикматёр 5 июль куни билдирган.
Хабарларга қараганда, шу кунларда Афғонистон шимолидаги Нангарҳор вилоятида “Исломий Давлат” жангарилари билан толиблар ўртасидаги тўқнашувлар кучаймоқда.
“Исломий Давлат”нинг матбуот қаноти январь ойида Хуросон вилоятига киришини эълон қилиши ортидан юзлаб толиблар “Исломий Давлат” сафига қўшилгани ҳақида хабар берилган эди.
Ўтган ойда Нангарҳор расмийлари 100 маҳаллий оила тўқнашувлар сабаб уйини тарк этишга мажбур бўлганини билдирди. 6 июль куни маҳаллий ахборот воситалари вилоятда ҳукумат уюштирган дрон ҳужумларида “Исломий Давлат”нинг камида 49 жангариси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Афғонистонда “Исломий Давлат” илдиз отаётганидан хавотирга тушган толиблар июнь ойида очиқ хат эълон қилди. Мактубда толиблар етакчисининг ёрдамчиси Мулла Ахтар Муҳаммад Мансур “Исломий Давлат” раҳбари Абу Бакр ал Бағдодийни Афғонистондан йироқ бўлиш ҳақида огоҳлантирди. Хатда Бағдодий толибларни жангари гуруҳ сафига жалб қилишни тўхтатишга ва Афғонистонда исён кўтармасликка чақирилди.
“Ислом амирлиги (толиблар) жиҳодчи унвонлар кўплигини жиҳод ёки мусулмонлар учун фойдали, деб ҳисобламайди”, деб ёзди Мансур.
5 июль куни Ҳизби Исломийнинг “Шаҳодат” газетаси расмий сайтида эълон қилинган билдирувда Ҳикматёр толиблар Ҳизби Исломийнинг душмани бўлгани сабаб ўз издошларини толибларни тарк этиб “Исломий Давлат” сафига қўшилганларга ёрдам беришга чақирди.
Ҳизби Исломий 1980 йилларда совет аскарларига қарши курашган энг кучли мужоҳид гуруҳлардан бири бўлган. Гуруҳ Афғонистон пойтахти ва бошқа бир неча ерда уюштирган ҳужумлари билан маълум. Ҳизби Исломий 2013 йилнинг май ойида Қобулда амалга оширган худкуш ҳужумда камида 15 одам ҳалок бўлган эди.
Афғонистонда 1990 йилларда бўлган фуқаролар уруши даврида Ҳикматёр Бош вазир лавозимида ишлаган. 2003 йил АҚШ Давлат департаменти уни глобал террорчилар рўйхатига киритган. Ҳикматёр Ал Қоида ва толиблар уюштирган ҳужумларда иштирок этишда ва уларни қўллашда айбланади.