Линклар

Шошилинч хабар
28 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:10

Пахтакор Ўзбекистонда пахтадан қилинадиган калава ип танқислашди


“Ўзбекистонда пахтадан ишлаб чиқарилган иплар камайиб¸ нархлар осмонга чиқди. Айтилишича¸ ҳамма ип Хитойга экспорт қилинаяпти экан. Бу кетишда ички бозордаги тадбиркорлар банкрот бўлади”¸ деб мурожаат қилди ўзи шу муаммо ортидан банкротликка яқинлашиб қолганини айтган хусусий тадбиркор. Бу муаммони эътироф этган ип калава ишлаб чиқарувчилар¸ маҳсулотини нақд валютага хорижга сотмаса¸ ўзлари ҳам банкротликка маҳкум эканини билдирдилар.

Маҳаллий кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар ипсиз қолди

“Бундан чамаси икки ой олдин трикотаж маҳсулотларига ишлатиладиган тўқув иплари кўп эди. Ҳозирда уни Хитойга экспорт қилишаяпти экан. Билишимизча¸ ички бозорда бу ипларга талаб катта эди¸ эндиликда ип тақчиллиги сабаб кўп ишхоналар фаолиятини тўхтатаяпти. Ип танқислиги ортидан маҳаллий ип сотадиган ипфурушлар ҳам нархни ошириб юборди. Ўзбекистон ичида туриб¸ биз пахтадан чиқадиган калава ипни долларга сотиб оламиз. Яқинларгача биз ипни 1 доллару 90 центдан олаëтган эдик¸ албатта¸ маҳаллий қора бозор нархида. Ўзбек сўмида бу 8400 эди. Ҳозир бу нарх 2 доллар 50 центга кўтарилди¸ бу 11 000 сўм дегани. Бунинг устига¸ кунда-кунга долларнинг нархи ошаяпти¸ биз умуман зиëндамиз. Маҳсулот нархини кўтарсангиз¸ уни бозорда сота олмайсиз. Бу дегани трикотажчилар ўз зиëнига ишлаяпти. Аҳволни солиқчиларга тушунтирсак¸ тушунишни умуман истамайди. Фойдага ишлайсанми-ишламайсанми¸ солиқни тўла деяпти. Асосан хотин-қизларни иш билан таъминлаб турган шу кичик корхоналар эди¸ булар ҳам энди бирин-кетин банкрот бўлаяпти. Ипнинг ҳаммасини Хитойга сотмасдан¸ ички бозорга ҳам беришсин. Бошқарувдаги фаоллар шунга эътибор берса бўларди. Ахир тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат қиладиган асосий ишлардан эмасми?” деб ëзди Озодликка ўз шахси очиқланмаслигини сўраган тадбиркорлардан бири.

Ип бор¸ фақат нақд долларга

Ушбу мурожаатда тилга олинган муаммони ўрганиш жараëнида Озодлик мухбири Ўзбекистондаги калава ип ишлаб чиқарадиган қатор фабрикалар билан боғланди.

Уларнинг аксари¸ калава ипнинг айрим турлари йўқлиги¸ борларининг эса¸ фақат хориж валютасига сотилишини билдирди.

Ўзбекистондаги тўқимачилик соҳасидаги йирик корхоналардан бири вакили¸ ички бозордаги мижозлар талабини қондириш билан боғлиқ муаммо борлигини эътироф этди:

- Ички бозорда калава ипга талабнинг катталиги рост. Муаммо шундаки¸ биз ички бозорга маҳсулот чиқариш билан бир пайтда¸ экспорт бўйича олган мажбуриятларимизни ҳам уддалашимиз керак. Ҳозирги шароитда¸ биз на унисини¸ на бунисини эплай олмаяпмиз. Сабаби¸ бизга ип калава чиқариш учун керак пахта қолмаган¸ ҳаммаси четга сотилган. Ўзимизга кераки сифатли пахтани топа олмай оворамиз ҳозир. Буни орқасидан¸ ички бозоргаям маҳсулот еткизиб бера олмаяпмиз¸ экспортни ҳам вақтида жўната олмаяпмиз¸ дейди Ўзбекистондаги йирик тўқимачилик ширкати вакили.

"Йўқ дўстим¸ мен сендан бечорароқман..."

Озодлик суҳбатлашган соҳа мутахассисларидан бири таъкидича¸ Ўзбекистондаги барча текстил корхоналари ўзбек пахтасини Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестициялар ва савдо вазирлигига қарашли тўртта ташқи иқтисодий компания орқали хориж валютасида сотиб олади. Бу пахтани олар экан корхона¸ маҳсулот нархининг 15 фоизини олдиндан тўлаб¸ қолган қарзини 4 ой ичида тўлаши керак. Аммо тўқимачилик корхоналарининг кўпчилиги қарзга ботган ва бу қарзини уза олмаëтгани боис¸ катта миқдорда ип калава ишлаб чиқаришга имкон берадиган даражада пахта сотиб олишга қурби етмайди. Қарзини узиб¸ ишлаб чиқаришни давом эттириш учун эса улар маҳсулотини хориж валютасида сотишга мажбур. Шунинг учун маҳсулотнинг 80-90 фоизи экспорт (асосан Хитой ва Россия)га¸ қолгани эса¸ ички бозорда ҳам долларда тўлайдиган харидорга сотилади¸ деб изоҳлади айни кунларда Ўзбекистон тўқимачилик саноатида юзага келган қийин вазиятни бу мутахассис.

- Агар Ўзбекистондаги трикотаж ширкатлари¸ ип калавамизни экспорт нархида нақд валютада сотиб олса¸ уларга жон деб сотамиз. Чунки ҳисобимизга доллар тушиши билан биз уни пахтага тўлаймиз. Лекин бундайлар чиқмади бизга ҳозиргача. Экспорт қилмасак¸ биз ҳам ишлай олмай қоламиз. Пахтани валютада олганимиздан кейин маҳсулотимизни ҳам валютага сотмасак¸ биз ҳам синамиз¸ дейди Ўзбекистондаги йирик тўқимачилик ширкатларидан бири вакили.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акционерлик ширкати расмийси Озодликка берган изоҳига кўра¸ мамлакат тўқимачилик корхоналари ўзлари ишлаб чиқараëтган ип калавани ҳам валюта¸ ҳам сўмда сотиш ҳаққига эга. Нархни эса¸ ҳар бир корхонанинг ўзи¸ маҳсулот таннархидан келиб чиққан ҳолда белгилайди¸ дейди Ўзбекистондаги 300 дан ошиқ тўқимачилик корхонасини бирлаштирувчи “Ўзбекенгилсаноат” вакили.

Ўзбекистонда кичик тадбиркорларни банкрот қилиш даражасида ип калава тақчиллиги йўқ¸ деб таъкидлаган бу расмий¸ ип топа олмаëтган корхоналар бизга мурожаат қилсин¸ муаммосини биз ҳал қиламиз¸ дея ваъда берди.

- Бизга мурожаат қилиб¸ қайси турдаги ип калава топа олмаëтганини айтишса¸ биз уларни шу турдаги ип чиқарувчи корхоналарга бириктириб қўямиз¸ бўлди¸ деди “Ўзбекенгилсаноат” вакили.

Ўзбек пахтасини Ўзбекистон ичида ўзбек ишлаб чиқарувчисига хориж валютасида сотиш автори - Ислом Каримов

Ўзбекистон президентининг “Пахта толасини республиканинг ички истеъмолчиларига сотишни такомиллаштириш ва тўқимачилик саноатиниривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2007 йил 21 ноябрь куни қабул қилган қарорига мувофиқ 2008 йилдан бошлаб “республиканинг пахта толасини қайта ишлайдиган барча корхоналари учун пахта толасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 августдаги ПҚ-456-сонли қарорида назарда тутилган шартлар асосида эркин айирбошланадиган валютада Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси орқали харид қилиш тартиби жорий этилган..

Ҳозирча “Ўзпахтасаноат”¸ “Ўзбекенгилсаноат” давлат ширкатларидан ўзбек пахтасининг Ўзбекистон ички бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нима учун ташқи иқтисодий ширкатлар воситасида хориж валютасига сотиб олиши шарт эканига оид изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Мустақил кузатувчилар ва ўзбек пахта саноатига яқин мутахассислар¸ бутун саноатнинг Ўзбекистон бошқарувининг энг тепасида ўтирган саноқли шахслар ва уларга яқин гуруҳлар монополиясига айлантирилгани ва пахта олди-сотдиси билан боғлиқ қарор ва тартибларнинг ана шу гуруҳлар манфаати учун қабул қилинишини таъкидлаб келади.

Пахтани ичкарида олиб қолиб¸ уни ички бозорда ташқи нархда сотиш давом этади...

Ўтган йил октябрида Тошкентда очилган халқаро пахта ярмаркаси арафасида ўтказилган анжуманда Бош вазир Шавкат Мирзиёев

2015 йил охиригача ички ишлаб чиқариш қувватини кучайтириш ортидан 500 минг тонна пахта толасини экспорт қилишдан воз кечилиши¸ 2020 йилгача эса Ўзбекистон пахтанинг 70 фоизини ўз ҳудудида қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлиши ҳақида гапирган эди.

Бу баëнот ортидан “Ўзбекенгилсаноат” ширкати¸ бош вазир белгилаган бу мақсадга эришиш учун мамлакат текстил саноати модернизациясига 2015-2020 йиллар мобайнида 1 миллиард доллар маблағ ажратилишини билдирган эди.

Расмийларга кўра¸ ҳозирги пайтда Ўзбекистон ўзида етиштирилаëтган 3¸5 миллион тонналик пахтанинг 44 фоизини қайта ишлай олади.

XS
SM
MD
LG