Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

Панфиловчилар афсонасининг “уйдирма” экани фош қилинди


Панфиловнинг 28 гвардиячиси ўлароқ маълум бўлган совет аскарларининг афсонавий дивизияси 1941-42 йилларнинг қишида немис танклари билан курашиб ҳалок бўлганидан кейин миллий жасорат рамзига айланди.

Уруш тугаганидан етмиш йил ўтиб Россия ва бошқа собиқ совет мамлакатларида “Панфиловчилар” деб аталувчи кўчалар бор. Ўтган ойда Россия маданият вазирлиги қўллови билан панфиловчиларнинг қаҳрамонлигини олқишловчи бадиий фильмни суратга олиш жараёни бошланди. Москва гимнида “И в веках будут жить двадцать восемь, Самых храбрых твоих сынов” мисралари бор.

Аммо ягона муаммо афсонанинг ёлғон эканлигидир.

Ошкор бўлган янги ҳужжатларга кўра, қаҳрамонларча ҳалок бўлгани айтиладиган аскарларнинг айримлари аслида узоқ йиллар яшаган.

8 июль куни давлат архиви аввал ўта махфий бўлган, эндиликда ошкор қилинган 1948 йилги ҳужжатнинг сканердан ўтказилган нусхасини чоп қилди. Ҳужжатда СССРнинг бош ҳарбий прокурори совет политбюросининг нуфузли аъзоси Андрей Ждановга панфиловчилар ҳақидаги афсона “ҳақиқатдан йироқ” экани, аслида Қизил Армия журналистининг “уйдирма”сига асослангани ҳақида ёзган.

Тарихчилар узоқ пайтдан бери 28 гвардиячи афсонасида қўпол хатолар борлигини айтиб келади.

Россиялик таниқли тарихчи Андрей Зубовнинг айтишича, чоп этилган ҳужжатлар кўпдан бери изланиб келинаётган далил бўлиб, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди.

Озодлик билан суҳбатда Зубов “Бу жуда муҳим, сабаби ҳаммамиз бу ҳақда билар эдик, аммо, табиийки, ҳамма ҳужжат очиқ эмас эди”, деди. Зубов Москва давлат халқаро алоқалар институтида тарихдан дарс берган. Ўтган йили Россиянинг Қримни аннексия қилиб олганини танқид қилгани учун ишдан бўшатилган.

“Энди барча шубҳалар ариди, бу миф йўқ бўлиб кетади”, деди Зубов. “Нима бўлганда ҳам, мен шундай бўлишига умид қиламан. Ҳайратланарлиси, “Панфиловчилар” номи билан аталувчи кўчалар бор ва энди уларнинг номини қандайдир қилиб ўзгартиришлари керак”.

Генерал-майор Иван Панфилов етакчилик қилган 316-ўқчи дивизиянинг машҳур 28 жангчиси 18 танкни яксон қилгани ва душман ҳужумини қайтаргани ҳақида “Қизил юлдуз” газетасида мақолалар чоп этилиши ортидан 1942 йилнинг июль ойида уларга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган. Сўнгра жангчилар хотирасига эсдалик ўрнатилган.

Зиддиятлар

Аммо уруш тугаганидан бир неча йил ўтиб қарама-қаршиликлар юзага чиққан. Лекин бу оммадан пинҳон тутилган.

Ждановга 1948 йил юборилган ҳисоботда ёзилишича, ҳалок бўлгани айтилган ва “Қаҳрамон” унвонини олганларнинг бири Иван Добробабин аслида тирик эканлиги аниқланган: 1947 йилда у “ватанга хиёнат қилишда” айбланиб қўлга олинган.

Ҳужжатда кейинроқ Добробабиннинг фашистларга таслим бўлгани аниқлангани ёзилган. Бундан ташқари, ҳужжатда 28 аскарнинг бошқа беш нафари ҳам тирик қолгани, яна бири бўлса тўқнашувдан икки кун аввал жангда ҳалок бўлгани айтилган.

1948 йилги ҳужжатда 28 аскарнинг қаҳрамонлиги ҳақида илк бор Қизил Армия газетасида Коротеев фамилияли мухбир қаламига мансуб мақолаларда ёзилгани кўрсатилган.

Ҳужжат хулосасида “тергов жараёнида 28 Панфилов гвардиячисининг матбуотда ёритилган қаҳрамонона ишларини мухбир Коротеев ўйлаб топгани аниқланди”, деб ёзилган.

Юзага чиққан ушбу далиллар панфиловчилар номи билан аталувчи кўчалар номини ўзгартириш кераклигини англатишига Зубовнинг ишончи комил. Аммо Зубов бу нарса қандай амалга оширилишини билмаслигини айтади.

Президент Владимир Путиннинг ҳукумати ўзининг Иккинчи жаҳон уруши ва фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба ҳақидаги оқ-қора ҳикояларига қачонки шубҳа билдирилса, ғазаб отига минади. Уруш давомида миллионлаб аскар ва оддий фуқароларидан айрилган мамлакат учун Иккинчи жаҳон уруши чексиз ғурур манбаидир.

Панфилов ҳақидаги фильмни суратга олаётганлар чоп этилган архив ҳужжатига кўз юммоқда. Фильм ижодкорлари “мазкур қаҳрамонликка путур етказишга қилинаётган” уринишларга қарамасдан фильмни суратга олишда давом этишларини билдирдилар.

XS
SM
MD
LG