Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:33

Россия парламенти одам савдоси учун жазони кучайтирмоқчи


Одам савдоси қурбонларидан бири - аёллардир.
Одам савдоси қурбонларидан бири - аёллардир.

Россия Давлат Думаси бир гуруҳ депутатлари одам савдоси ва қуллик меҳнатидан фойдаланиш учун жазони кучайтириш тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Таклиф этилаётган ўзгартишларга кўра, одам савдоси билан шуғулланганликда айбдор деб топилганлар жазоси 3 йилдан 7 йилгача узайтирилиши кўзда тутилган.

Россия Давлат Думасидаги ЛДПР фракцияси депутати Ярослав Нилов ўз касбдошлари билан “Россия Жиноят Кодексининг ”Одам савдоси. Қуллик меҳнатидан фойдаланиш” моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Қонун лойиҳасига кўра, одам савдосида айбдор деб топилган шахс 7 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Россия парламенти вакилларининг сўзларига кўра, “Одам савдоси тўғрисида”ги Қонун асосида суд ҳакамлари арзимаган жазоларни тайинлаши мумкин. Ҳозирги кунда қул меҳнатидан фойдаланиш учун Россия қонунчилигида 6 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Агарда бу жиноят бир гуруҳ одамлар қаторида содир этилган бўлса, суд жиноий гуруҳ аъзоларига 3 йилдан 10 йилгача жазо тайинлаши мумкин.

Шу сабабли Ярослав Нилов бошчи депутатлар гуруҳи одам савдосида ва уларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланганларга энг кам жазо муддати 3 йил, энг юқори жазо муддати – 7 йил қилиб белгилаш таклифини илгари сурмоқда.

Депутатлар Ярослав Нилов (чапда) ва Вадим Деньгин
Депутатлар Ярослав Нилов (чапда) ва Вадим Деньгин

- Ҳозир бизнинг қонун лойиҳамиз Думанинг фуқаровий, жиноий, арбитраж ва процессуал қонунчилиги бўйича қўмитасида муҳокама этилмоқда. Қул меҳнатидан фойдаланиш жиноий жавобгарликни кучайтиришни талаб қилувчи жиноий эпидемияга айланди, деди Ярослав Нилов.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2013 йилда Россияда 2013 йилда “Одам савдоси” моддаси билан 66 жиноят қайдга олингани, ўтган йилда бу кўрсаткич 25 тага тушгани қайдга олинган.

Полиция одам савдоси қурбонига асосан аҳолининг энг ҳуқуқсиз ва ночор қатламлари, жумладан меҳнат муҳожирлари, аёллар, болалар айланаётганини таъкидлаб келмоқда.

Халқаро Миграция ташкилотининг Россиядаги ваколатхонаси таҳлилчиси Павел Шалюз Озодлик билан суҳбатда ҳукуматнинг мамлакатдаги қулчилик масалаларига қилган эътиборини ижобий баҳоласада, биргина жазони кучайтириш муаммони бартараф эта олмаслигини қўшимча қилди:

- Бундай ташаббуснинг пайдо бўлишининг ўзи жуда яхши белги, чунки демак одамлар бунга эътибор қилаяпти экан, давлат идоралари, депутатлар муҳокамасига тушибди. Бу муаммо мавжуд ва у жуда долзарб! Бу лойиҳанинг мазмуни қандай бўлишидан қатъий назар, у яхшиликка хизмат қилади. Бошқа масала – Россия жамиятининг қулдорлик ва қулчилик масалаларига қарши кураш самарасида. Бу қонунни чиқишидан олдин соҳа мутахассислари билан ҳар томонлама муҳокама этилиши керак, жамиятда тегишли профилактика ишлари ҳам олиб борилиши зарур. Қолаверса, одам савдоси биргина Россия учун хос эмас, у бошқа қўшни мамлакатларга ҳам илдиз отиб кетган, яъни унга қарши ҳамкорликда курашиш зарур. Биргина қўрқитиш билан ҳеч бир муаммо ҳеч қачон ҳал этилмаган, деди таҳлилчи Павел Шалюз.

Унинг фикрича, Россияда ўрта асрлардан қолган бундай иллатнинг сақланиб қолаётгани ва тараққий этаётганига энг аввало мамлакатлар иқтисодиёти ривожланишидаги кескин тафовут сабабчидир. У кўп ҳолларда, масалан, ноқонуний меҳнат қилаётган ёки фохишалик билан шуғулланаётган одамлар полиция ва бошқа давлат идораларига мурожаат қилишдан қўрқади, дейди.

Шунга қарамасдан, мутахассис одам савдоси ва мажбурий меҳнатни фақат ички ва ташқи меҳнат мигрантлар билан боғлашни бироз нотўғри деб атади.

- Нопок иш берувчилар ҳақиқатан жуда кўп, аммо одам савдосига жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат, тиланчилик каби ноқонуний ҳаракатлар ҳам киритилади. Шахсан мен Россия ҳукумати бу масалага кенг жамоатчилик ва давлат идоралари эътиборини тинимсиз қаратиб бориши керак, деб ҳисоблайман. Энг аввало, ҳуқуқ-тартибот идораларига бу масалада янада кенгроқ ваколатлар ва енгилликлар берилиши тарафдориман, дея хулоса қилди Халқаро Миграция ташкилоти вакили Павел Шалюз.

Соҳа экспертлари фоҳишалик, тиланчилик ва мажбурий меҳнат билан бирга сўнгги йилларда қарз билан боғлиқ тутқунлик, одам органларини трансплантация қилиш каби одам савдоси билан боғлиқ муаммолар авж олаётганига эътибор қаратмоқда.

Бир қатор халқаро ташкилотлар мутахассислари берган ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили асоратнинг турли кўринишларига тушаётган одамлар сони 700 мингдан 4 миллионга етади. Бироқ, экспертлар қул бўлаётган ва мажбурий ишлатилаётган одамларнинг аниқ сонини келтиришнинг иложи йўқлигини ҳам гапирмоқда.

Ўзбекистонлик Бақия Қосимова ва Лайло Ашировалар бир неча йил Москвада қулликда бўлган
Ўзбекистонлик Бақия Қосимова ва Лайло Ашировалар бир неча йил Москвада қулликда бўлган

Бундан бир неча йил олдин Озодлик Москванинг Голяново туманида жойлашган қозоғистонлик тадбиркор эр-хотин Сакен Муздибаев ва Жансулу Истанбековаларга тегишли дўкондан ҳуқуқ фаоллари томонидан 12 нафар ўзбек ва қозоқ мардикорлари озод этилгани ва тергов маҳаллий ҳукумат идоралари томонидан “босди-босди” қилингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига биноан, ҳозирги кунда дунёда 21 миллион одам ноқонуний эксплуатация қилинаётгани, “одам савдоси” бизнеси эса йилига 150 миллиард доллар даромад келтириши тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Россия Федерал миграция хизмати мамлакатда яшаб келаётган 11 миллион муҳожирдан 2,9 миллиони ноқонуний фаолият юритаётганини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG