Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:35

ЎИҲ тугатилди, ўзбек жангарилари ИД лашкарига айланди


Усмон Ғозий
Усмон Ғозий

Ўзбекистон Исломий ҳаракати "Исломий давлат" сафига ўтгани ва 1996 йилда тузилган ҳаракат тугатилиб, ИДнинг бир қисмига айлангани эълон қилинган видеони тарқатди. Ҳаракат раҳбари Усмон Ғозийнинг халифа Бағдодийга байъат бергани акс этган видеода Хуросон минтақаси халифалик тасарруфига ўтгани иддао қилинди.

"Саид Ҳофиз Бағдодийнинг Хуросондаги волийси"

Видеода таъкидланишича, Саид Ҳофиз исмли шахс "Исломий давлат" халифаси Абу Бакр Бағдодийнинг Хуросондаги волийси, этиб тайинланган ва ЎИҲ унинг итоатига ўтган:

"Эндиликда халифалик томонидан Хуросон вилояти эълон қилиниб, унга волий этиб, Саид Ҳофиз тайинланганларидан сўнг Усмон Ғозий ва ҳаракатимиз ҳам у кишининг итоатига ўтдилар. Яъни, эндиликда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг мужоҳидлари расмий шаклда халифаликнинг Хуросон вилоятидаги лашкарларидан, ҳисобланадиган бўлган. Яъни, ҳаракат миқëсидан давлат миқëсига ўтилди. Узоқ йиллардан буëн куфрга қўл бермаган, аҳдига содиқ мужоҳидлар амир Усмон Ғозийнинг қўлига қўл қўйган ҳолда мусулмонлар халифаси Абу Бакр Бағдодийга байъатларини ошкор қилдилар", дея баёнот берилди ЎИҲ номидан эълон қилинган видеода.

ЎИҲ "Исломий давлат"га қўшилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:06 0:00
Бевосита линк

Озодликка етиб келган бу видео қачон ва қаерда олингани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Видеога "Исломий давлат" байроғи тиркалган ва унинг остига "Жундуллоҳ" сўзи битилган. Бу ЎИҲнинг тарғиботи билан шуғулланиб келувчи студия сифатида танилган номдир.

Видеода, афтидан, Бағдодийдан борган номани ЎИҲ жангарилари ўқиб бераётган шахс Саид Ҳофиз, дея тақдим этилган.

Араб тилидаги номани, одатан, туркий миллат вакилларига хос талаффузда ўқиб бераётган кимсанинг Саид Ҳофиз экани, агар шундай бўлса, бу Саид Ҳофизнинг ўзи ким экани ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Видео давомида ЎИҲ жангарилари, шу жумладан, Усмон Ғозийнинг ҳам бу киши орқали "Исломий давлат" халифаси Абу Бакр Бағдодийга байъат бергани акс этган.

Шу йилнинг мартидан буён Ўзбекистон Исломий ҳаракати амири Усмон Ғозий халифа Бағдодийга хайрихоҳлигини билдириб, бир неча видео ва аудео баёнотни тарқатди.

Илк бор, 30 март куни унинг овозли файл тарзидаги баëноти тарқатилди ва унда ҳаракатнинг Толиблар етакчиси мулла Умардан масофалангани, унинг ўрнига ИД этагини тутишга ошиқаётгани билдирилган эди.

Усмон Ғозий Бағдодий эълон қилган халифаликни "заиф мусулмонларнинг ушалмиш бир асрлик орзуси" деб атади.

ЎИҲ Толибларга ультиматум қўйди

Бундан ташқари, 2 август санаси билан тарқатилган яна бир матнли баёнотда Ўзбекистон Исломий ҳаракати Толибларнинг янги раҳбарига байъат бермаслигини билдирди.

Аксинча, баёнотда мулла Умарнинг 14 йил муқаддам ўлганини даъво қилган ЎИҲ Толибларнинг амалдаги раҳбариятини "ёлғончилик, афғонпарастлик, қавмпарастлик"да айблади:

"Суюкли амиримиз Мулла Муҳаммад Умар роҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва вафоти ҳақида ўн тўрт йил давомида умуман Ислом умматига, хусусан Хуросон диёридаги мужоҳидларга ёлғон айтиб алдаб келинди. У кишининг номидан ёлғон баёнотлар, билдиришлар тарқатилиб, кимларнидир сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланилди. Ҳозирда эса у зотнинг вафоти атрофида бир-бирига қарама-қарши ёлғонлар уюштирилиб, Ислом умматини алдаш давом эттирилмоқда", деб таъкидланди ЎИҲ 2 август куни тарқатган баёнотда.

Шунингдек, баёнотида ҳаракат раҳбарияти Толибларни Покистон махсус хизматлари назоратига бўйсунгани учун қоралади.

Натижада, ЎИҲ раҳбарияти мулла Умарнинг ўлганини тан олиб, унинг ўрнига ўнг қўли мулла Ахтар Мансурни амир, деб эълон қилган Толибларга бир неча талабларни қўйди:

"...Покистон махсус хизматлари бўлмиш ISI дан мукаммал алоқаларни узиш.., муртад Ашраф Ғаний ҳукумати билан... сулҳ музокараларини дарҳол тўхтатиш.., муртад Қатар ҳукумати соябони остида ташкил этилган сиёсий қўмитани дарҳол беркитиш.., Афғонистон Исломий Амирлиги томонидан нашр қилинадиган барча сиёсий баёнотларни афғонпарастлик, қавмпарастлик лафзларидан холи қилиш.., кўкнори ва бошқа наркотик моддаларни ўстириш ва савдо қилишни қатъий равишда узил-кесил тўхтатиш..."

Толибларга қўйилган энг жиддий талаб эса "заиф мусулмонларнинг бир асрлик ушалган орзуси бўлмиш Исломий Халифалик сафига бирлашиш томон жиддий қадамлар қўйиш"дир.

"Хуросон халифалик тасарруфида"

2 август кунги баёнотда ЎИҲ "14 йилдан бери бой берилган қурбонликлар эвазига Афғонистоннинг 70 фоиз замини мужоҳидлар қўлига ўтди" деб иддао қилган эди.

6 август куни Озодликка келиб тушган видеода эса Хуросон минтақаси "Исломий давлат" тасарруфига ўтди, деб иддао қилинди.

ЎИҲ раҳбарлари ўз баёнотида мунтазам тилга олган "Хуросон минтақаси" атамаси остида, одатан, ҳозирги Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиё минтақасини назарда тутишини такрорлайдиган.

Сўнгги маълумотларда ЎИҲ жангариларининг, асосан, Покистоннинг Жанубий Вазиристон минтақасида қолаётгани, шу йининг бошидан буён эса Афғонистоннинг шимолий қисмига ўтиб, Толиблар сафида ҳукумат қўшинларига қарши жанг қила бошлагани хабар айтилмоқда.

Хусусан, Озодликнинг Форёб минтақасидаги манбаларига кўра, 6 ой давомида ЎИҲнинг 100га яқин жангариси оиласи билан Форёбнинг Рамазон ойида Толиблар назоратига ўтган ҳудудида қолмоқдалар.

Форёблик ўзбек, 16 ёшидан буён Толибларга қарши жанг қилаётган 47 яшар Раҳмат Раис Озодликка берган интервьюсида вилоятда жанг қилаётган минг нафарга яқин Толибон жангариси орасида 100га яқини Ўзбекистондан борган ўзбек эканини аниқ биламан, деб даъво қилди.

- 40га яқин ўзбек жангарисининг помиллари (оилалари - таҳр.) билан Форёбда борлигини аниқ биламан. Умумий ҳисобда 100га яқин ўзбекистонлик жангари ҳозир Форёбда, - деб таъкидлади Раҳмат Раис.

Вилоятдаги Шўъролар кенгаши аъзоси бўлган Раҳмат Раис ЎИҲнинг Афғонистондаги жангарилари сони ҳақида аниқ рақамни тилга олган оз сонли манбалардан биридир.

Турли манбалар, жумладан ҳаракат ҳақида китоб битган покистонлик журналист Аҳмад Рашид, Афғонистон ва Покистон ҳудудидаги ЎИҲ жанггариларининг умуий сонини 200 нафардан 500 нафаргача, деб ҳисоблайди.

ЎИҲ ҳақида

АҚШ, Европа давлатлари, Россия ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан "террорчи ташкилот" деб эълон қилинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати 1996 йилда тузилган.

Ҳаракатни Ўзбекистонда экстремизм, радикализм ва терроризмга оид қатор айбловлар билан айбланган, 1993 йилда мамлакатдан қочиб чиққан наманганлик дин пешвоси Тоҳир Йўлдош томонидан тузилган.

Ҳаракат 1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида ўзининг илк қароргоҳини қурган ва ўша ердан туриб, Қирғизистоннинг Боткент вилоятига илк йирик ҳужумини уюштирган эди.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонда амирлик эълон қилган Толибларга қарши кураш бошлаган кезларда, ЎИҲ Толиблар сафига ўтди. Ўша кездаёқ Тоҳир Йўлдош Пентагон томонидан қидирувга берилди ва 2009 йилнинг 27 августида АҚШ дронидан отилган ракетадан яраланиб, ўлди.

Унинг ўлими 2010 йилда ҳаракат томонидан тасдиқланди ва ўша йили ҳаракатга куёви Усмон Одил раҳбар этиб тайинлангани эълон қилинди. 2012 йилда у ҳам ўлдирилди ва шундан буён ЎИҲга Усмон Ғозий раҳбарлик қилмоқда.

XS
SM
MD
LG