Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:11

Бекободда маҳкумни қийнагани гумон қилинган зобитлар судланмоқда


Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бекобод шаҳар суди Бекобод шаҳар ИИБнинг икки нафар ходими устидан очилган жиноят ишини кўришни бошлади. 7 август куни маҳкамага тортилган милиция ходимлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-модда (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланмоқда.

“Озодлик” манбасининг иддаосига кўра, милиция ходимлари совуққонлиги натижасида тергов изоляторида сақланган 28 яшар Камолиддин Қўзиев шу йилнинг 9 апрелига ўтар кечаси ўзини осиб ўлдирган.

ИВСда ўзини осган йигит ваҳҳобийликда айбланган. Бутун Бекободга шов-шув бўлган бу ишнинг ортида уголовний розиск ходимлари туришибди, дейишяпти. Болани роса уришган, қийноқларга солишган. Бечора диндор йигит экан, қийноқларни кўтара олмай ўзини осиб қўйибди. Ҳозирда болани қийнаган, мажбурий иқрорликка келтиришга уринганлар қолиб, ИВСнинг икки ходимини совуққонликда айблашмоқда”, деб иддао қилди “Озодлик” манбаси.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг даъво қилишича, шу йилнинг 8 апрель куни жиноий қонунчиликнинг диний экстремизмга оид моддалари билан ҳибсга олинган Камолиддин Қўзиевга нисбатан Бекобод шаҳар ИИБга қарашли тергов ҳисбхонасида шафқатсиз қийноқлар қўлланилган. Ҳозирча ҳуқуқ фаолларининг бу баёнотига Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари томонидан бирор расмий муносабат берилмади.

Жамият вакилига кўра, 30 июнга келиб тергов ҳибсхонаси вакиллари З.К. ва Ҳ.Т.га нисбатан иш қўзғатилган ва 2,5 миллион сўм гаров пули эвазига улар очиқда қолдирилган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти бўлими раиси, ҳозир "қора курси"да ўтирган милиция ходимлари билан гаплашган Абдураҳмон Ташановга кўра, жиноятда гумон қилинаётган милиция зобитлари айбни бошқа ҳамкасбларига юкламоқда.

Яъни, судланаётган зобитларга кўра, марҳум Камолиддин "чалажон ҳолда" изоляторга келтирилган. "У қийноқлар натижасида бутунлай ҳушини йўқотган ва деярли ўлик ҳолга келиб қолган" ва зобитлар "раҳбариятнинг гапига кириб, уни шу ҳолда қабул қилган".

"Камолиддинни қийнаб ўлдирганлар бизнинг ўрнимизга келиб ўтириши керак, дейишмоқда", дея судланувчилардан иқтибос келтиради "Эзгулик" жамияти вакили.

Жамиятнинг Тошкент вилояти бўлими раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, Камолиддин Қўзиевнинг ўлими тафсилотларини Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари яширишга уринмоқда:

Тергов изолятори ходимларини ҳам айблаш керак, аммо асосий айбдорлар гумондорга нисбатан қийноқ қўллаган шахслардир. Бу эса маълум маънода сиёсий айблов, чунки Ўзбекистон ҳукумати халқаро минбарларда мамлакатда систематик қийноқлар қўлланилишини рад этиб келади,” дейди А. Ташанов.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судида икки милиция ходими устидан очилган маҳкама 12 августда ўз ишини давом эттиради.

Милиция зобитларига қўйилаётган айбловлар тасдиқланса, улар 5 йилга қадар озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG