Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 00:31

Аҳмадали ёрдам берганларга миннатдорчилигини изҳор этди


Бундан бир ой олдин Москвада дайдилар орасидан топилган наманганлик Аҳмадали Умаров Москва вилоятидаги шифохоналаридан бирида даволанмоқда.

Ичкилик асоратларига қарши курашини Россияда яшаётган юртдошлари кўмагида давом эттираётган ўзбекистонлик бу йигит уларга миннатдорчилик билдирди.

Тўрақўрғонлик 38 яшар мусофир Аҳмадали Умаров бундан роппа-роса бир ой олдин Москванинг Речной вокзалида оғир аҳволда топилган эди.

Юз-кўзи шишган, тилдан қолган, жуда ночор аҳволда топилган Аҳмадали меҳнат муҳожирлари кўмагида салкам бир ойдан бери Солнечногорск шифохоналаридан бирида даволанмоқда.

Аҳмадали Умаров ва Соҳиба Ҳайитбоева
Аҳмадали Умаров ва Соҳиба Ҳайитбоева

​Аҳмадалини “бомж”лар орасидан олиб чиқишга катта ҳисса қўшган журналист ва блогер Соҳиба Ҳайитбоева куни кеча уни шифохонага бориб, кўриб келганини Озодликка сўзлаб берди.

Соҳиба Аҳмадали Умаровнинг ичкиликка қарши кураши бошида жуда қийин кечганини эслади:

- Аввал уни ушлаб турган болалар роса қийналди. Унинг галлюцинацияси бор экан: кечалари уйқусираб, ваҳимага тушиб, туши билан ўнгини ажрата олмай, алахсираб қочиб кетарди. 3 маротаба қочиб кетди! Биз унга телефон олиб берган эдик. Уйқусираб чиқиб кетганидан кейин, қаерларгадир бориб қоладида, ўзи ҳам ваҳимага тушиб, бизга қўнғироқ қилади, “Мени олиб кетинглар, қўрқяпман!”, деб. Охири бўлмади, доимо орқасидан югуриб юра олмайманку – шифохонага жойлаштирдик, деди Соҳиба.

Суҳбатдош Аҳмадали Умаров ичкилик одамни бу даражада тезлик билан тубанликка “элтиб қўйишини” ўзида ҳис этганини гапирганини айтди. Соҳиба Ҳайитбоева муҳожир йигит уни ночор ва ёқимсиз аҳволда кўрган барча юртдошлардан кечирим ҳам сўради, дейди.

Унинг сўзларига кўра, Аҳмадалини дайдилар орасидан олиб чиқишда, шифохонага ётқизишда 10-15 киши иштирок этган. Маълум бўлишича, Аҳмадалига ёрдам қўлини чўзганларнинг асосий қисми Одноклассникидаги "Ўзбек муҳожирлари" гуруҳига аъзо бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидир. Қийин вазиятда қолган наманганлик муҳожирга ёрдам берганлар орасида "Озодлик" мухлислари ҳам борлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жойиз.

Соҳиба Аҳмадали жонини сақлаб қолишда ёрдам берган барча юртдошларига алоҳида миннатдорчилигини изҳор этганини ҳам билдирди.

- Ўша пайт рўзанинг охири бўлгани учун 2-3 киши ўз закотини сир сақлашни сўради. Мана Фарҳоджон уйидан жой берди, Алишер деган йигит ёнимизда қарашиб юрди, Анваралининг роса ёрдами тегди – қаерга десак машинасида олиб бориб-олиб келди, ёнимдагилар жуда кўп қўллаб турди. Жами 10-15 киши қатнашди Аҳмадалининг тақдирида, деди Соҳиба Ҳайитбоева.

Ҳозирда алкоголизм асоратларидан даволанаётган Аҳмадали анча ўзига келиб қолгани, хотираси жойига тушгани ва ичкиликка берилиб кетганидан пушаймон еяётгани айтилди.

Аҳмадалининг бир ой олдинги аҳволи
Аҳмадалининг бир ой олдинги аҳволи

Москва кўчаларида 6 ой юриб, ҳақиқий “бомж”га айланиб қолган Аҳмадали Умаровни кўздан кечирган врачлар унинг ўпкасида сил касалининг енгил шакли ривожланиб бораётганини аниқлаган.

“Ҳозирда олиб борилган муолажалар натижасида унинг аҳволи анча яхшиланди, даволаниш курси тугаса уни тўғридан-тўғри шифохонадан уйига депортация қилишга уриниб кўрамиз”, дея давом этади Соҳиба.

- Ҳозирча даволанаяпти, аслида туберкулёзлар камида уч ой ётади. Энди бир ойи ўтди. Кеча борганимда кўрдим, алаҳсирашлар йўқ, ҳаммаси жойида, нормал одам ҳолатига келибди. Наманганда вилоят ҳокимияти матбуот котиби Фарҳод ака деган одам ўзлари “Аэропортда кутиб олиб, уйига олиб бориб қўяман, болнисага ҳам жойлаштириб қўйишни бўйнимга оламан”, деб айтдилар. Ҳозир энди бошқаттан ҳужжатларини расмийлаштиришга ва Ўзбекистонга юборишга ҳаракат бошлаймиз, деди Аҳмадали аҳволи анча яхшиланганига гувоҳ бўлиб қайтган журналист Соҳиба Ҳайитбоева.

Соҳиба Ҳайитбоева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:54 0:00
Бевосита линк

Тўрақўрғонлик Аҳмадали Умаровни маҳаллий полиция ходимлари қаттиқ калтаклангани, ҳамма ҳужжатларини тортиб олиб, кўчага чиқариб юборганидан кейин 6 ой давомида Россия пойтахти кўчаларида санғиб юрган.

Уни Москванинг Речной вокзали чорраҳасида учратиб қолган ва суратга олган москвалик Валентина Елецкая ёрдам сўраб, ижтимоий тармоқлар орқали бефарқ бўлмаган ўзбекистонликларга мурожаат қилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG