Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:49

Тожикистонлик момо Ҳажга борадиган пулига кўприклар қурдирди


Норбиби Дўстмуродова Ҳажга бориш учун 10 йил пул тўплаган.
Норбиби Дўстмуродова Ҳажга бориш учун 10 йил пул тўплаган.

Тожикистонлик 80 ёшли Норбиби Дўстмуродова “Ҳажга бораман”, деб ўн йил давомида тўплаган 16 минг доллар пулини икки қишлоқда кўприк қуриш учун эҳсон қилди. Норбиби момо Бешинчи фарзни бажаришга кетиш арафасида мана шундай қарорга келган ва Ҳажга бориш ўрнига юзлаб ҳамқишлоқларининг узоғини яқин, оғирини енгил қилганидан мамнун.

Тожикистон шимолидаги Ғончи туманида яшовчи 80 ёшли Норбиби Дўстмуродова Метк ва Хишекат қишлоқларига 16 минг долларга иккита кўприк қурдириб берди. Норбиби момо бу пулни пенсияси, томорқасида етиштирилган мева-сабзавотларни сотиш, ўғиллари Россиядан юборган ёрдам пулларини ўн йил давомида Ҳаж зиёратига бориш учун тўплаган экан.

Жорий йилда Ҳажга бориш навбати унга ҳам етиб келган. Бироқ у Бешинчи фарзни адо этиш ўрнига, ҳамқишлоқларига кўприк қуриб беришга аҳд қилган.

- Мен ҳаётимни яшаб ўтдим, кўрадиганимни кўрдим. Қанчалик орзу қилмай, Каабага боришга мажолим йўқ. Ўзимча ўйланиб, Ҳажга бир амаллаб бориб келиш ўрнига, мендан одамларга бирор фойдали нарса қолсин, деб қарор қилдим. Пешона терим билан топган пулимни ҳамқишлоқларимнинг оғирини енгил қилишга сарфлашни лозим кўрдим, - деди Норбиби Дўстмуродова Озодлик радиоси тожик хизмати мухбири саволларига жавоб берар экан.

Метк ва Хишекат қишлоғи аҳолиси узоқ йиллардан бери мана шу кўприклар қурилишини орзу қилиб келар экан. Негаки, туман марказидан мазкур қишлоқларга элтадиган 55 километрли йўл тоғлар орасидан ўтади. Бу йўлнинг асосий қисмини сув ювиб кетган. Одамлар ва автомашиналар жилғалар ва ўпирилиб кетган жойлардан жон ҳовучлаб ўтишга мажбур эди. Ҳукумат эса йиллардан бери бу йўлга кўприклар қуриш учун маблағ ажратмай келган.

- Худога шукур, 7 ўғлим, икки қизим, 30 неварам, 15 чеварам бор. Улар ҳам энди бу йўлдан қийналмай юрадилар, - дейди Норбиби Дўстмуродова.

Момонинг турмуш ўртоғи олти йил олдин вафот этган экан. Ҳозир уни фарзандлари парваришламоқда. Ўғилларининг кўпи Россияда меҳнат муҳожирлигида.

Ҳамқишлоқларининг эса Норбиби момога миннатдорчилиги чексиз. Ғончи туман расмийларидан бири Ихтиёр Ражабов “Маҳаллий бюджетда пул йўқлигидан кўприкларни қура олмай иложсиз бир аҳволда қолган эдик. Биз бир қатор бой одамлардан кўприклар қурилишига ёрдам беришни илтимос қилганмиз, бироқ улар илтимосимизни назар-писанд қилган эмасди. Норбиби момо бой бўлмаса ҳам жуда катта саҳийлик қилди”, деб миннатдорчилик билдирди.

Ҳар йили Тожикистондан олти минг одам Ҳаж зиёратига боради. Тожикистондан ҳажга бориш ҳақи 4 минг долларга тенг.

XS
SM
MD
LG