Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:21

Краснодарда муҳожирлар шарафигига ёдгорлик лавҳалари ўрнатилди


Ўзбек меҳнат муҳожирларига аталган тош лавҳ
Ўзбек меҳнат муҳожирларига аталган тош лавҳ

Россиянинг Краснодар шаҳрида янги қурилган биноларда қурувчиларга атаб раҳматномалар битилган тахтачалар пайдо бўлди. “Мардикорлар ҳимоя остида” арт-гуруҳи ташаббуси билан осилаётган хотира лавҳалари шаҳарнинг мигрантлар ёрдамида қурилган деярли барча иншоотларида пайдо бўлиши кераклигини гапирмоқда.

Краснодарлик “Гастарбайтеры под защитой” (“Мардикорлар ҳимоя остида”) арт-гуруҳи вакиллари янги қурилган биноларда Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова ва бошқа қўшни мамлакат меҳнат муҳожирларига атаб битилган ёдгорлик тахтачаларини жойлаштира бошлади.

Сентябрь бошларида шаҳар қурилиш иншоотларида пайдо бўлган бу лавҳалар, ғоя ташаббускорлари фикрича, “минтақанинг гуллаб-яшнатишга ҳисса қўшаётган ҳақиқий қахрамонлар” тўғрисида эслатиб туришга қаратилган.

- Бу сиёсий вазият эмас, балки қалб ва юрак даъватига бўйсинувчи жамоатчилик фаолларининг ота-боболаримиз сайи-ҳаракатларини йўққа чиқариш ва хотирамиздан ўчиришга бўлаётган уринишларга жавобдир. Краснодар 21 аср бошларидан бошлаб бир қаватлидан замонавий шаҳарга айланиб бормоқда. Афсуски, янги жозибали шаҳарни барпо этиш учун бўлган ташаккурлар фақат қурувчи компания раҳбарларига тегмоқда, қозиқоёқ қоққан ҳақиқий қаҳрамонлар номлари эса номаълум қолмоқда. “Мардикорлар ҳимоя остида”лойиҳаси билан биз нафақат Кубань фаровонлигини таъминлаётганлар меҳнатини хотирлаш, балки ҳар биримиз ҳам бу оламда меҳмон (нем.“Gastarbeiter”–“ишчи-меҳмон” – таҳр.) эканимизни эслатиб қўйишни мақсад қилдик, деди ўзи исмини ҳозирча ошкор қилмасликни сўраётган арт-лойиҳа иштирокчилари.

(Фотосуратлар "ВКонтакте" тармоғидаги "КЮС" гуруҳи саҳифасидан олинди / vk.com/kiuss)

Краснодарнинг ҳозирча ўнга яқин биносида собиқ иттифоқдош республикалардан келган мардикорларга бағишлаб “Тожикистон, Ўзбекистон, Молдова, Украина, Вьетнам каби бародар республикалардан келган жасоратли ишчиларга миннатдорчилик билдирамиз”, “Ўзбекистон Республикасидан келган ишчиларга ташаккур билдирамиз”, “Бу уй қуйидаги қурувчиларнинг меҳнатисиз барпо этилмаган бўларди:...”, “Бу бино Тожикистон Республикасидан бўлган меҳнат қаҳрамонлари иштирокида барпо этилган” каби тош ва темир ёдгорликлар ўрнатилди. Улардан бирида эса том маънода бу бинони қуришга жон фидо қилганлар номлари ҳам акс этган: “Бу бино қурилишида ўз касбий бурчини адо этаётиб Кахор Ўлжабоев (1965-2014), Жаббор Набиев (1989-2014)лар халок бўлди”.

Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов Озодлик билан суҳбатда меҳнат муҳожирларисиз Краснодар ҳақиқатан замонавий кўринишга эга бўлмаслигини гапиради:

- Менга бу масалада аллақачон кўпчилик қўнғироқ қилди: “Мабодо сизларнинг ташаббусларинг эмасми?”, дея. Мен ўзим битта лавҳада ўзбек ва молдованларга раҳматнома битилганини кўрдим. Бундай тахтачалар борлиги рост гап: чиройли қилиб рамкага жойлаштиришибди. Бу ишчиларсиз янги бинолар қад кўтара олмаслиги ҳам ҳақиқат. Мана мен яшаётган уйнинг яқинида олтита ўзбек йигити иккита 16 қаватли бинони кўтаряпти! Ахир одамлар кўряпти уларнинг меҳнатини: тез, чиройли, пухта қилиб қуряпти йигитлармиз. Соат 7 да аллақачон ишда, кўпинча кечки соат 1-ларгача ишлашади,- дейди Краснодар ўзбеклар жамияти раҳбари.

Аммо, "меҳмон-ишчилар" меҳнатини улуғловчи тоштахталар маҳаллийларнинг ҳаммасига ҳам ёқди дейиш қийин.

- Шаҳримизда бу ташаббус қўпол тушунмовчилик келтириб чиқарди: битилган лавҳалардан биттасигина шармандаларча ўрнида қолди – қолган барчаси ношукур фуқаролар ва вандаллар дастидан вайрон қилинди. Аммо биз бунинг ҳам бирор иложини топармиз, дея маълум қилди фаоллардан бири.

Унинг маҳаллий журналистларга айтишича, янги бино эгаларининг ўзи мавжуд хотира тахтачалари ҳимоясига чиқиб, уни туну-кун қўриқлашга киришди.

“Гастарбайтеры под защитой” арт-гуруҳи аъзолари эса Краснодар шаҳрининг янги барпо этилган туманларидан бирига меҳнат муҳожирига бағишлаб ҳатто ҳайкал ўрнатиш ниятида эканини билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG