Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:18

Хоразмда теримчи-шифокорлар автобуси ағдарилди


20 сентябрь куни Хоразм вилояти Янгибозор туманида урганчлик шифокорлар чиққан теримчилар автобуси ағдарилиб кетди. Воқеа гувоҳларига кўра, автобус ичида бўлган саксонга яқин теримчидан йигирмадан зиёди тан жароҳати олган ва улардан икки нафари шифохонага ётқизилган. Мутасаддилар воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилмаганини маълум қилишди.

Воқеа якшанба куни эрталабки соат саккизларда Янгибозор туманининг Бошқирших қишлоғида содир бўлган.

Урганч шаҳридаги 2-поликлиниканинг саксонга яқин ходимини олиб кетаётган автобус далага етган жойда ағдарилиб кетган.

Воқеа гувоҳларига кўра, автобус бир ёнига ағдарилиб кетган ва ойна томонда ўтирган теримчилар тан жароҳати олган.

Тафсилотлардан хабардор Озодлик манбасига кўра, воқеа жойига Янгибозор тумани ва Урганч шаҳаридан тез тиббий ёрдам машиналари чақиртирилган.

“Автобус пахта даласига тушган пайти ағдарилган. Одамларнинг юзи шилинган, қонаган, кўпчилиги қўрқанидан ваҳимага тушган. Ҳаммасига даланинг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Энг оғир жароҳат олганларни Урганчга олиб кетишди”, деди манба.

Мутасаддилардан олинган маълумотга кўра, автоҳалокат оқибатида поликлиника ишчиларидан икки нафари жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор яна бир манбанинг айтишича, автоҳалокат оқибатида жами 23 нафар теримчи тан жароҳати олган.

“Поликлиника ходимлари пахта теримига ўрнига одам ёллаб жўнатаётган эди. Автобус ичидаги теримчиларнинг асосий қисми ўша ёлланган кишилар бўлган. Фақат бир неча нафар поликлиника ходими бўлган автобуснинг ичида. Поликлиника ишчилари кунига 10 минг сўмдан ўрнига теримчи ёллайди ҳар куни. Аварияда 23 киши турли хил тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган”, деди исмини очиқламаётганимиз манба.

Манбаларга кўра, жароҳатланганларнинг кўпчилиги ҳам ўша ёлланган теримчилар бўлган, бироқ Озодликда ҳозирча ёлланма теримчилардан неча нафари шифохонага ётқизилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Воқеа жойига Янгибозор туман Ички ишлари бўлими ходимлари ва вилоят прокуратураси масъуллари зудлик билан етиб келган.

Мутасаддилардан олинган маълумотга кўра, автоҳалокат автобус ҳайдовчисининг айби билан содир бўлган. Лекин воқеа юзасидан милиция ходимлари ҳеч қандай иш қўзғамагани айтилаяпти.

XS
SM
MD
LG