Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:05

Москва Жоме масжидида асосан марказий осиëликлар намоз ўқиди


Қурбон ҳайити арафасида очилган Москва Жомеъ масжидида 24 сентябрь куни ўн минглаб мусулмон намоз ўқиди. Ҳайит намозига йиғилганлар аксарини Москва ва унинг атрофида ишлаëтган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ташкил этди.

23 сентябрь куни очилган “Проспект Мира”даги Жомеъ масжиди Москвадаги Қурбон ҳайити ибодати марказига айланди.

Москвада янги очилган масжидда Қурбон Ҳайит намози ўқилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:18 0:00

Россия Бош муфтийси Равиль Ғайнуддин намозхонларга Россия ҳукумати, хусусан Владимир Путин ва Дмитрий Медведев номидан юборилган табрикномаларни ўқиб берди. Ғайнуддин Москва Жомеъ масжидининг очилишига айрим мусулмон давлати раҳбарларининг келишини Россиянинг ислом дунëси билан муносабатларини яхшилаш уриниши сифатида талқин қилди:

- Президентимиз Владимир Путиннинг кеча араб дунёси вакиллари, жумладан¸ Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан олиб борган музокаралари Россиянинг ислом оламида обрўга эга экани, мамлакатимиз эса ислом дунёси билан ҳамкорликка очиқ эканини намойиш этди, деди Равиль Ғайнуддин намоздан олдин қилган чиқишида.

Россия Бош муфтийси биргина Москванинг ўзида доимий ва вақтинча яшаётган 2 миллиондан зиёд мусулмон Қурбон ҳайтини нишонлаётганини билдирди. У Москва шаҳридаги оммавий ибодат жойларига шулардан ўндан бири чиқиши одатий ҳол эканини маълум қилди.

Серҳашам ва маҳобатли қилиб қурилган ибодатхонага тонг саҳардан минглаб намозхон йиғила бошлади.

Янги масжидда¸айрим ҳисоб-китобларга кўра¸ 10 мингга яқин одам намоз ўқиди. Одатдагидек полиция ва махсус идораларнинг қаттиқ назорати остида ўтган ҳайит намозига йиғилганларнинг асосий қисмини Москва шаҳри ва вилоятида яшаб, меҳнат қилаётган марказий осиёлик муҳожирлар, жумладан ўзбекистонликлар ташкил этди.

- Мен ҳамма мусулмонларни Қурбон ҳайити билан чин юракдан табриклайман. Ҳаммасига соғлик-саломатлик, оиласида хотиржамлик ва тотувлик бўлсин. Дастурхони ҳам тўкин-сочин бўлсин, деди ҳайит намозини ўқиб бўлган ўзбек муҳожирларидан бири.

Москва ва Москва вилоят ҳукуматлари диндорлар учун бир қанча ибодат жойлари ажратилганини билдирмоқда. Пойтахтнинг ўзида фаолият юритаётган бешта масжид ва иккита махсус жойда байрам намози ўқилди.

Шунингдек, Москва вилоятининг шаҳар ва қўрғонларидаги 34 майдончада мусулмонлар учун байрам ибодатларига шароит яратилди.

XS
SM
MD
LG