Линклар

Шошилинч хабар
30 март 2024, Тошкент вақти: 08:15

Кино артистлари пахта теримига сафарбар қилинди


Шуҳрат Аббосовнинг фильмида пахта терган артистлар шу кунларда ростдан ҳам пахта теришга мажбурланди.
Шуҳрат Аббосовнинг фильмида пахта терган артистлар шу кунларда ростдан ҳам пахта теришга мажбурланди.

Ўтган шанба ва якшанба кунлари “Ўзбеккино” ДАК ва “Ўзбекфильм” киностудияси ходимлари ëппасига пахта теримига жўнатилди. Мажбурий пахта терими ҳажв қилинган “Темир хотин” фильмини суратга олган Исамат Эргашевнинг ўзи ҳам пахта даласига сафарбар этилди. Озодликка маълум бўлишича¸ театр жамоалари ҳам пахта теримига чиқарилган.

Кино соҳасидаги таниқли артистлар Тошкент вилоятидаги фермер ҳўжаликларига пахта теришга жўнатилди.

“Ўзбекфильм” киностудиясидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ таниқли кино артистларнинг уйларига “Ўзбеккино” ДАК кадрлар бўлимидан қўнғироқ қилиниб, шанба ва якшанба кунлари пахтага чиқиши мажбурлиги айтилган:

- Анча қаттиқ тайинланди. Кейин шанба куни эрталабдан автобусларда ҳаммамизни йиғиб далага олиб кетишди. Бизни уялтирманглар пешингача 30 килодан теринглар деб шарт қўйилди. Олдин кино артистлари пахтага чиқиб, теримчилар билан учрашув ўтказиб, маданий тадбирда қатнашиб қайтар эди¸ бу сафар эзиб пахта тердиришди¸- дейди Озодликнинг “Ўзбекфильм” киностудиясидаги манбаси.

Озодликка маълум бўлишича¸ “Темир хотин” фильмини суратга олган Исамат Эргашевнинг ўзи ҳам пахта даласига сафарбар қилинган. Ўз фильмида ўзбекларнинг пахта теришга мажбурланишини ҳажв қилган кинорежиссёр Наманган далаларига пахта тергани кетганини билдирди.

- Исамат ака Наманганнинг Уйчи туманига пахтага кетди. Ундан Поп туманига ўтади. Билсангиз, Поп тумани ҳокими "Мен сизларни далада кутаман!" деган мақола эълон қилиб санъаткорларни пахта даласига чорлаган эди. Киночилар бу мурожаатга жавобан Наманганга йўл олишди¸- дейди Озодлик манбаси.

Манбанинг айтишича, пахтага чиқмаган киночиларни жазо кутмоқда.

- Кадрлар бўлимида пахтага чиқмаган артистларни қора рўйхати тузилган. Келажакда ролга тайинлаш¸ кастинг ва мукофотга тақдим қилиш масаласида бу рўйхатга тушганлар эътиборга олинади¸- дейди Озодлик манбаси.

Озодлик “Ўзбекнаво” тизимида теримда қатнашмаган қўшиқчиларни лицензиядан махрум қилингани ҳақида мақолалар эълон қилган эди.

Масалан, ўтган мавсумда Ўзбекистонлик таниқли қўшиқчи Жасур Умеров пахтага чиқмагани учун "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан танқид қилинган ва лицензиясидан маҳрум бўлган эди.

Фарҳод ва Ширин ҳам пахтада

Озодликка маълум бўлишича¸ пахта йиғим-теримида қўшиқчининг “иштирок этгани” "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тахсинига сабаб бўлмоқда.

Шу боис Ўзбекистонда сал номи чиққан қўшиқчилар пахта даласига чиқиб пахта терган холатда расмга тушиб ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасига қўйгани кузатилади.

Озодбек Назарбеков "пахта термоқда"
Озодбек Назарбеков "пахта термоқда"

Масалан, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков қўлида олтин соати, устида чарм куртка, ва топ-тоза кийимлари билан пахта тераëтган тарзда тарғибот суратини тармоққа қўйди.

Бу аснода қўшиқчилар Зилола Мусаева (Шаҳзода)¸ Толибжон Исроилов¸ Азиза Ниëзметовалар ҳам “Пахта териб” расмга тушишди.

Шу кунларда дуэт айтадиган Фарҳод ва Ширинларнинг кунига 60 килодан “пахта териб” тургани акс этган фотоси тармоқда тарқалди.

"Пахтакор" қўшиқчилар
"Пахтакор" қўшиқчилар

"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ашулачиларнинг пахта теримчиларига хизмат қилиши учун "Сафар муборак, пахтакорлар”, деган режани амалга ошира бошлади.

Эстрада бирлашмасининг ўзини таништирмаган мулозими пахтага бориши шарт бўлган қўшиқчиларнинг рўйхати тузилганини маълум қилди.

- Рўйхатга тушган қўшиқчилар ҳар қандай шароитда ҳам пахтага боришга мажбур¸ уларнинг концерт¸ гастрол ëки касалликни баҳона қилиб, пахтадан қолишига йўл қўйилмайди,- деди "Ўзбекнаво” мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдош пахта мавсумида қатнашмаганлар аëвсиз жазоланиши ва пахта мавсумида фаол қатнашганлар тақдирланишини ҳам билдирди.

- Масалан, ўтган йилги пахта мавсумида фаол қатнашган Ўзбекистон халқ аристи Озодбек Назарбеков ичида бир миқдор пул бўлган пластик карта билан мукофотланган эди¸- дейди мулозим.

Пахта майдони театр саҳнасига айланди

Озодликка маълум бўлишича, Тошкентдаги театр жамоалари ҳам пахтага чиқарилган.

Манбаларимизнинг айтишича¸ йигирма кишилик актёру мусиқачилар ва театр хизматчиларидан иборат гуруҳ 15 кун мобайнида ётоғи билан мажбуран пахта теримига жўнатилган.

- Бу йил артистлар пахта термоқда. Ўтган йили театрнинг фақат техник ходимлари пахта теримига чиққан эди. Бу йил санъаткорлар ҳам эгилиб пахта термоқда¸- дейди Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG