Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:15

Краснодарда ўзбек қурувчисини поезд босиб кетди


Краснодарда юк поезди остида 54 ёшли Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлди. Ҳодиса 29 сентябрь куни юз берган. Транспорт полицияси ушбу ҳодисанинг гувоҳи бўлган иккинчи муҳожир қидирилаётганини билдирди.

Краснодар темир йўлида юк поезди уриб кетган Ўзбекистон фуқароси ҳодиса жойида нобуд бўлган.

Россия ИИВнинг Жанубий Федерал округи бўйича Транспорт бошқармасида Озодлик Радиосига хорижликнинг жасади Краснодар-1 ва Лорис бекатлари оралиғида топилганини маълум қилишди.

- Юк состави машинистининг бизга тушунтиришича, у кетаётганига йўлда икки киши гаплашиб ўтирганини кўриб қолган. У овоз сигналини бериб, фавқулодда машинани тўхтатишга уринган. Бу шахслар четга қочган, аммо терговчиларимиз орқада келаётган вагонлардан бири улардан бирини қоронғуда туртиб кетган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Гап шундаки, айнан ўша ерда темир йўл бироз эгилади. Шу эгрилик туфайли уни вагон тортиб кетган бўлиши мумкин. Ҳужжатлар бўйича унинг шахсини аниқладик: Ўзбекистон фуқароси, ёши 54-да экан, деди полиция бошқармаси расмий вакиласи Елена Котельник.

Машина ҳайдовчиси йўлда турганлар келаётган составни кўргани ва четга қочганига амин бўлиб, ўз йўлида кетаверганини маълум қилгани айтилди.

Елена Котельник терговчилар 54 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг исмини ҳозирча ошкор этмаслиги, у Краснодарда ишга рухсатномаси борлиги ва маҳаллий стадион қурилишида ишлаётганини маълум қила олиши мумкинлигини айтди.

Соат кечки 10-ларда содир бўлган бу ҳодисага, полиция ходимаси сўзларига кўра, гувоҳ бўлган иккинчи шахс ҳам кўринишидан осиёлик бўлган, аммо шеригини поезд туртиб кетганини кўриб у қаергадир ғойиб бўлиб кетган.

Ички ишлар бошқармасида терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётгани, ўлган Ўзбекистон фуқароси билан суҳбатлашиб турган иккинчи шахс ҳозирча қидирилаётганини билдиришди.

XS
SM
MD
LG