Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко меҳнат муҳожирларига берилаётган патентлар нархини пастлатишни ҳамда муҳожирларнинг рус тилини билишига оид талабларни юмшатишни таклиф қилди.
Меҳнат муҳожирлигидан тушаётган даромад ярим йилда 23 миллиард рублни ташкил этганини таъкидлаётган Миграция вазирлиги раҳбарияти даромаднинг асосий манбаи саналган қурилиш соҳасида тартиб ўрнатиш вақти етиб келгани ва пудрат тизими ислоҳотга муҳтож эканини билдирди.
“Патентлар ва сертификатлар нархини арзонлаштириш керак”
Россия Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко меҳнат муҳожирлари рус тили ва тарихидан топшираётган имтиҳонларни енгиллаштиришни таклиф этди.
Кенгаш президиумида қилган чиқишида Матвиенко патентлар нархларининг юқорилиги туфайли ишчиларнинг бир қисми Россияни тарк этаётгани, қолган қисми эса ноқонуний ҳолатга ўтишга мажбур бўлаётганини таъкидлади:
- Патентлар берилиши билан бирга минтақа бюджетларига бўлган солиқлар ҳажми ҳам кескин ошди. Ўтган йилнинг айни мавсумига солиштирганда ўсиш 45 фоиздан ошганини кўрсатди. Минтақа бюджетлари бу қонун ҳисобига тўлаётгани яхши, аммо юзага келган иқтисодий вазиятда патентлар ва хизматлар нархларини қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман. Хато қилмасам, рус тилидан имтиҳон топшириш 4 минг рублга тушяпти. Бу фақат имтиҳон олган ўқув юртига тушаётган фойда, миграция маркази ҳам ўз хизмат ҳақини олади-ку. Рости гап, қимматроқ.... Қолаверса, нима сабабдан муҳожир яна 5 йилдан кейин рус тилидан қайта имтиҳон топшириши зарур – нима у 5 йилда тилни унутиб юборадими?! Кўпчилик патент нархларини ҳам ўта баланд деб ҳисобламоқда. Шу сабабли айрим мигрантлар Россияни тарк этди, яна бир қисми нолегал ҳолатга ўтди, деди бу масалада “баланс” яратиш кераклигини уқтирган Валентина Матвиенко.
Федерация Кенгаши раҳбари меҳнат муҳожирларининг тиббий кўрикдан ўтишининг ягона нархини белгилашни ҳам Федерал миграция вазирлиги раҳбарларига тавсия қилди.
Матвиенко 2014 йилнинг ноябрида мигрантлар тўғрисидаги янги қонуннинг қабул қилинишидан ўтган бир йил давомида ишга рухсатнома бериш мамлакатда 85 фоизга қисқарганини маълум қилди йиғилганларга.
52 минг муҳожир имтиҳондан ўтмади
Йиғилишда иштирок этган Россия фан ва таълим вазирлиги раҳбари Дмитрий Ливанов яқинда Россиянинг ҳамма субъектларида рус тили, тарихи ва қонунчилигидан мигрантларнинг имтиҳон топшириши мониторинги ўтказилганини очиқлади:
- 2015 йилнинг 30 сентябрига қадар комплекс имтиҳонларни 1,3 миллион мигрант топширди, айни пайтда, комплекс имтиҳонларни топшира олмаганлар сони 52 мингни ташкил этди. Яъни, имтиҳон муҳожирлар билимини реал баҳолаш ва Россия Федерацияси ҳудудида ишлаш иштиёқи бор-йўқлигини яққол намоён этади, деди таълим вазири Дмитрий Ливанов.
У мониторнинг натижасида меҳнат муҳожирларига таълим бериш ва имтиҳон олиш ҳуқуқи 130 дан ортиқ ташкилотга берилган, деди. Дмитрий Ливанов имтиҳоннинг минтақаларда топширилиши тўғрисидаги ягона реестрнинг йўқлиги “берилган сертификатларни назорат қилишни қийинлаштираётгани ва уларнинг қалбакилаштирилаётгани”дан хавотир билдирди.
Шу тариқа, Россия фан ва таълим вазирлиги муҳожирлардан имтиҳон олиш регламентини қонунийлаштириш таклифи билан чиқди.
ФМС Россия минтақаларида “ягона ойна” тизимини жорий этади
Мажлисда сўзга чиққан Россия ФМСи директори Константин Ромодановский патентлар берилишининг кескин камайишига Россияда иқтисодий вазиятнинг мушкуллашиб бораётгани ва қалбаки патентлар сони камайишини сабаб қилиб келтирди.
Шу билан бирга, у айрим Марказий Осиё давлатларининг Ягона Иқтисодий ҳудудга қўшилгани ва бу мамлакат фуқаролари учун ишга рухсатнома олиш зарурати йўқолганини ҳам эслатди:
- Жорий йилда биз аллақачон бир миллиондан зиёд патент бердик – юридик ва жисмоний шахслар учун тенг баробарида. Муҳожирларнинг легаллашиши масаласи мавжуд. Сертификат учун Москвада 4 минг рубл олиниши рекорд эмас – айрим узоқ ўлкаларда бу кўрсаткич 7,5 ва ҳатто 9,5 минг рублни ташкил этади. Шунга ўхшаш ҳолат тиббий кўрикдан ўтишга ҳам тегишли. Бунинг ҳаммаси, дарҳақиқат, ягона минимал талабларнинг йўқлигидан келиб чиққан, деди Константин Ромодановский.
ФМС бошлиғи Россиянинг барча минтақаларида “ягона ойна” шаклидаги миграция марказлари ишга туширилишини ҳам маълум қилди.
У шу тариқа идора муҳожирларни “талаётган” турли “посредниклар” ва “ўртакаш фирмалар”дан тозаланишини билдирди. Константин Ромодановский бугунга келиб бундай тизим Москва шаҳри ва вилояти ҳамда Санкт-Петербургда синовдан ўтганини айтди.
Ромодановский қурилишда ишлатилаётган пудрат ва субпудрат схемалари соҳадаги вазиятни бундан ҳам чигаллаштириб юбораётгани ва қонунни бузаётган фирмаларга кўп миллионли жарималардан қочиб қутулишга имкон бераётганини гапирди.
- Ноҳалол иш берувчиларнинг мигрантларнинг ноқонуний меҳнатидан фойдаланиши оқибатида қурувчи-муҳожирларда патент олишга қизиқиш қолмаётир, деди ФМС бошлиғи.
Россия парламентининг Қуйи палатаси раиси Сергей Наришкин мамлакатдаги миграция вазиятига Украинадаги ҳодисалар ортидан кириб келган 1 миллиондан ортиқ украин қочқинлари ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда, деди. Дума депутати Суриядан қочқинларнинг катта оқимини Россияда кузатилмаётгани, зеро мамлакатда ўрнатилган қаттиқ миграция режими бунга тўсиқ эканини ҳам айтиб ўтди.
Федерал миграция хизмати очиқлаган расмий маълумотларга кўра, ўтган ярим йилда қарийб 1,5 миллион хориж фуқаросига ишга рухсатнома – патент расмийлаштирилган, минтақа бюджетларига 23 миллиарддан зиёд даромад келиб тушган. Ромодановский ўтган йилга нисбатан бу 1,7 баробарга кўплигини ҳам қўшимча қилди Қонун чиқарувчилар кенгаши мажлисида (2014 йилда – 13,5 млрд. рубль – таҳр.).
Маълум қилинишича, ўтган йил охирларидан бошлаб меҳнат мигрантлари солиқларидан тушаётган даромад тўлиқ минтақавий бюджетга тушмоқда ва ҳар бир субъект ўз ҳудудида унинг нархини белгилаб олишга ҳақли. Ҳозирга келиб Россияда патентнинг ўртача нархи 2,5 – 3 минг рублни ташкил этади.
2015 йилнинг 4 октябригача, ФМС маълумотига кўра, Россиядаги муҳожирларнинг энг катта қисми Ўзбекистон фуқароларидир. Ҳозирда мамлакатда 2 миллион 30 минг Ўзбекистон фуқароси қайдга туриб, меҳнат қилмоқда. Улардан 1,655 миллиони – эркаклар, 375,4 мингги – ўзбек аёлларидир.