Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:10

Қирғиз парламенти янги раиси: Худога шукур, светимиз Ўзбекистонникидай эмас-ку!


Асилбек Жээнбеков қирғиз парламенти раислигига сайланди.
Асилбек Жээнбеков қирғиз парламенти раислигига сайланди.

Бу гапни бугун Қирғизистоннинг янги сайланган олтинчи чақириқ парламенти раислигига сайланган Асилбек Жээнбеков имтиёзлардан воз кечиш тўғрисидаги саволларга жавоб бераётиб гапирди. Янги парламентнинг депутатлари даҳлсизлик мақоми ва имтиёзлардан воз кечишларини билдиришаяпти.

Бугун Қирғизистоннинг янги сайланган олтинчи чақириқ парламентида ҳукмрон коалиция тузилгани билдирилди. Депуталар парламент раисини, Бош вазирни ва ҳукуматни сайлаш жараёнига киришди.

Қирғизистон янги парламентининг бугунги сессиясида “Республика –Ота Юрт” ва “Бир бўл” фракциялари мухолифатда қолишларини расман эълон қилди.

Ҳукумрон коалиция Социал демократлар, “Ота Макон”, “Қирғизистон” ва “Тараққиёт – Прогресс” партияларидан тузилди.

Ҳукмрон коалиция раҳбарлигига сайланган Чинибай Турсунбеков ҳукмрон коалицияга кирган фракциялар ўз чиқимларини қисқартириш ва айрим имтиёзлардан воз кечишга рози бўлганликларини айтди.

Аввалроқ парламентдаги фракциялар депутатлик даҳлсизлигидан воз кечиш масаласида якдил фикрда эканликларини эълон қилган эди.

Бугунги йиғинда парламент раислигига кўпчилик овоз билан Асилбек Жээнбеков сайланди. Асилбек Жээнбековнинг номзоди муҳокама қилинаётган пайтда, депутатлар ундан “Раис лавозимига сайлансангиз ўз имтиёзларингиздан воз кечасизми?” деган саволни ҳам беришди. Бунга жавобан Жээнбеков имтиёзлари деярли йўқлигини айтди. Бироқ депутатлар парламент раисининг президент резиденциясидаги дала ҳовлисида яшаётганини имтиёз сифатида баҳолашди.

- Раис сифатида ўша ерда яшашим имтиёз бўлмаса керак. Очиғини айтсам, ўзимнинг уйимда яшаш мен учун осонроқ бўлар эди. Резиденциядаги уй учун барча чиқимларни, коммунал хизматларни ўз ҳисобимдан тўлайман. Ўз уйимда яшасам, чиқимлар озроқ бўлар эди. Бироқ парламент раиси давлат томонидан қўрқиланадиган шахс бўлгани учун ўша ерда яшашим керак экан. Билмадим, балки бу имтиёздир. Бироқ мен яшаётган жойдаги барча шарт-шароитлар Қирғизистоннинг ҳар бир пунктида бор. Худога шукур, ҳамма жойда иссиқлик, иссиқ сув, совуқ сув бор, электр энергияси ўчмайди. Ҳар ҳолда Ўзбекистон ёки Тожикистондай эмасмизку, - деди янги парламентнинг раиси.

Сўнгги хабарларга қараганда, 3 ноябрь куни парламентдаги олти фракция Бош вазирликка Темир Сариев номзодини ёқтирган ва унинг Бош вазирликка сайланиши кутилмоқда. Темир Сариев шу йилнинг 2 майида аввалги парламент томонидан Бош вазирликка сайланган эди.

Темир Сариевнинг “Оқ Шумқор” партияси 4 октябрда ўтган парламент сайловида иштирок этмаган ва парламентда депутатлик ўринларига эга эмас.

"Бироқ Темир Сариев бошқарувидаги ҳукуматнинг парламент сайловларини демократик тамойилларга асосланган ҳолда ҳолис ва адолатли ўтишига қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, у Бош вазирлик лавозимида қолдирилмоқда", деб ҳисоблайди кузатувчилар.

4 октябрь куни Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайловини кузатган ЕХҲТ вакиллари мазкур сайловни “Марказий Осиё учун уникал ҳодиса” сифатида баҳолаб, овоз бериш рақобат асосида ўтгани, унда иштирок этган барча партияларга тенг имкониятлар яратилганини қайд этдилар.

Сайлов натижаларига кўра, 120 ўринли қирғиз парламентидаги 38 ўрин социал-демократларга, 28 ўрин “Республика – Ота Юрт”га, 18 ўрин “Қирғизистон” партиясига, 13 ўрин “Тараққиёт–Прогресс”га, 12 ўрин “Бир бўл”га, 11 мандат эса “Ота Макон” партияларига берилди.

4 октябрдаги парламент сайловида жами 14 партия депутатлик ўринлари учун курашган эди.

XS
SM
MD
LG