Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:20

Мирзиëев ислоҳоти: фермерлар ëппасига ерини давлатга қайтаришга мажбурланмоқда


Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг фермер хўжаликлари ер участкаларини мақбуллаштириш ҳақидаги қароридан сўнг, фермерлардан ëппасига ерларини давлат захирасига топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздириб олинмоқда. Озодлик суҳбатлашган фермерлар янги фермер хўжаликлари ташкил қилишга қўйилган талаблардан норози эканликларини айтмоқдалар.

Ўзбекистонлик фермерларга жорий йилнинг 1 декабригача ихтиёридаги экин ерларини давлат заҳирасига топшириш шарт қилиб қўйилди.

Озодлик боғланган Фарғона, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари маҳаллий ҳокимиятлар экин ерларини давлат захирасига топшириш ҳақида ўзларидан мажбуран ариза ёздириб олинаëтганини билдирди.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, фермерлар мажбурий ариза ёздиришга келган ҳокимият вакилларидан яшириниб юришибди:

“Ҳар куни тўполон бўлаяпти. Телефонларни ўчириб қўйиб, қочиб юрибмиз. Ҳокимият вакили, қишлоқ фуқаролар йиғини оқсоқоли милиция ходимлари ҳамроҳлигида фермерлар уйларигача бориб, улардан зўрлик билан ерини “ўз ихтиёри” билан топшириши ҳақида ариза ёздириб оляпти. Ҳамма фермердан шундай ариза олинаяпти. Ёзмаган фермерга прокурор,"сени текшираман" деб таҳдид қилаяпти”, дейди фермер.

Унинг айтишича, фермердан ерини қайтадан расмийлаштириш талаб қилинмоқда:

“Ерингни бошқатдан оласан, дейишаяпти. Лекин энди 80 гектардан ошмаслиги керак экан. Мен давлат режаларини ҳаммасини ўз вақтида бажариб келаётган бўлсам, қарзим бўлмаса, нега энди ариза ёзиб ерни топширишим керак экан? Нега меҳнатим сингган еримни бошқага беришим керак экан?", дейди оққўрғонлик фермер.

Жиззах вилоятининг Жиззах туманидаги фермерлардан бири ҳам, ерни топшириш ҳақида ёппасига ариза ёздириб олинганини айтади:

“Бизнинг туманда ҳам фермерлар 100 фоиз ёпилди. Ҳаммадан мажбуран ариза ёздириб олишди. Фермерликни ёпасан, қайтадан иш бошлайсан, еринг 80-100 гектардан ошмаслиги керак, дейишаяпти. Янги қоидага кўра, ҳар уч гектар ерга биттадан ишчи олиш керак экан. Агар менинг ерим 90 гектар бўладиган бўлса, демак 30 та ишчи олишим мажбурий экан. 30 та ишчининг ойлигини қаердан бераман, бунисини ҳали ҳеч ким билмайди”, деди жиззахлик фермер.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишларича, янги фермер хўжаликларининг Низом фондига ҳар гектар ер учун бир миллион сўмдан маблағ қўйишлари ҳам Мирзиëев қарорига мувофиқ шарт қилиб белгиланган.

Фарғоналик фермер Очил Бегматов фикрича, бу адолатсиз қарор шундоқ ҳам оғир аҳволга солинган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини мутлоқ бўҳронга ташлайди:

“Янгиликни бошқача қилиши керак эди булар. Ҳозир булар ҳукуматимизга бутунлай нотўғри принципда иш тутаяпти. Аслида булар шундай иш қилиши керак эдики, масалан, фермерликка адашиб кириб қолган, ҳисоб-китоби йўқ, ишни билмайдиганларни ҳайдаши керак эди. Ҳозир булар нима қилаяпти, 1 декабргача барча ариза ёзиб топшириши керакмиш. Шудгор ишлари қолиб кетади энди, буғдойни парвариш қилиш керак, бошқа ишлар бор. Президентимизга ёлғон сводкаларни бериб алдаяпти, булар”, дейди Очил Бегматов.

Фермерларга уларнинг ерлари тақдири қачон¸ қандай бўлиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаяпти.

Сирдарё вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, кутилмаганда чиқарилган бу қарордан ҳамма гангиб қолган:

“Бизда ҳам ҳамма фермерлардан ариза ёздириб олинди. Энди бу ёғи нима бўлади, ҳеч ким билмайди. Қарорда ҳам бу ҳақда мухтасар бўлса ҳам маълумот берилмаган”, деди мулозим.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни ўтказган селектор мажлисида фермерлардан ёппасига ариза олдириб олаётган ҳокимларни танқид қилган. Бу ҳақда селектор мажлисини эшитган жиззахлик маҳалла фаоли Очил Мирзаев шундай дейди:

- Бош вазиримиз Мирзиёев ҳокимларга “Мен сенларга ҳаммасини аризасини ол”, деб айтганим йўқ деди. “Мен сенларга уч йил планни бажармаган, катта қарздор бўлган фермерлар билан гаплаш деганман, агар фермерларга халақит бериб, бир сантиметр ер экилмай қолса, бошинг билан жавоб берасан”, деб айтди”, дейди Очил Мирзаев.

Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров Озодлик билан суҳбатда фермерлардан ерларини топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздириб олинаётганини инкор қилишга уринди:

“Оптималлаштириш (амалда оптималлаштиришнинг тескариси - мақбуллаштириш жараëни бормоқда - таҳр.) жараёни ўз вақтида ва қонуний олиб борилаяпти. Ҳаммасини тўлиқ кузатиб турибмиз, бирорта фермернинг манфаати поймол бўлаётгани ҳолати мавжуд эмас. Фермерлар ҳеч қанақа эътироз билдираётгани йўқ, қуруқ паника бу. Ҳукуматнинг сиёсати тўғри амалга оширилаяпти”, деди Чорихон Қодиров.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев раислигида октябрь ойида ўтказилган Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси йиғилишида фермерларнинг экин ерларини мақбуллаштириш ҳақида қарор қабул қилган эди.

XS
SM
MD
LG