Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:54

Мирзиёевнинг "ойболтачилари" қорақалпоғистонлик- ларнинг шолисини тортиб олмоқда


Қорақалпоғистонда фермер хўжаликлари қарздорлигини тугатиш бўйича чора-тадбирлар доирасида шоликорларнинг ҳосилини тортиб қўйиш давом этмоқда. Беруний туманида 60дан ортиқ юк машинасига ортилган шоли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тўхтатилиб, махсус майдончага олиб кириб қўйилганини айтмоқда Озодлик манбалари. Бундан ташқари, бир неча кундан бери ёмғир ёғаётганига қарамасдан, ҳосилнинг катта қисми шолипояда қолиб кетгани деҳқонларни хавотирга солмоқда. Пахта мавсумида давлатдан қарздор бўлиб қолган фермер хўжаликларига қарашли ерлардаги шоли ҳосилини гаровга олиш ҳукуматнинг “Ойболта” амалиёти доирасида амалга оширилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, пахта мавсуми оқибатида давлатга қарздор бўлиб қолган фермерлар билан шартнома асосида шоли етиштирган деҳқонларни жазолаш Қорақалпоғистоннинг бир нечта туманида камида уч ҳафтадан бери давом этмоқда.

Озодликка мурожаат қилган шоликорлардан бирининг айтишича, Қорақалпоғистоннинг биргина Беруний туманида “Камаз” русумидаги 60 дан ошиқ юк машинасига ортилган шоли ҳосили ички ишлар тумани назоратидаги майдончага қамаб қўйилган.

“Берунийда ГАИ (йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими-таҳр.) машина сақлайдиган паркка 60 дан ошиқ “Камаз”ни олиб кириб қўйишган. Ҳаммаси хоразмлик деҳқонларга қарашли. Ҳар бир “Камаз”да 10 тоннагача шоли бор, чунки кўпчилиги иккита прицеплик “Камаз”лар. 20 кундан бери шу аҳвол, деҳқонлар ўз шолисини олиб чиқа олмаяпти. Берунийдаги фермерлар давлатдан қарз бўлиб қолгани учун хоразмлик деҳқонларнинг шолисини олиб қўйишяпти. Лекин бошқа туманларда ҳам шу аҳвол”, дейди асли хоразмлик шоликор.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида шоли экадиган яна бир деҳқоннинг айтишича, прокуратура, ички ишлар, ҳокимият вакилларидан иборат гуруҳ қарздор фермерларга босим ўтказиш учун йиғиб олинган шолини хатлаб қўйиш билангина чеклангани йўқ. "Уч кундан бери ёмғир ёғаётганига қарамасдан, энди шолипояда қолиб кетган ҳосилни йиғиб олишга тўсқинлик қилинмоқда", дейди у.

“Ҳозир менинг ҳосилимдан учдан бир қисми қолиб кетган. Бошқа шолипояларда ҳам тахминан шунақа вазият. Уч кундан бери ёмғир тўхтамай ёғяпти. Ҳеч бўлмаса йиғиб олаqлик десак, қўйишмаяпти. Фермер қарзини узсин олдин, дейишяпти. Шоли сувда қолиб кетиб, увол бўладику”, дейди деҳқон.

Озодлик билан гаплашган шоликорларнинг барчаси давлатдан қарзи йўқлигини айтишмоқда. Уларнинг кўпчилиги Қорақалпоғистонга қўшни Хоразм вилоятидан келиб, маҳаллий феремерлардан ижарага олинган ерларда шоли етиштириш билан шуғулланади.

“Биз шунчаки фермер хўжаликлари билан шартнома асосида ерни ижарага олиб, шоли экамиз. Фермерлар банк, солиқ, агрохимиядан қарздор бўлган бўлса, бунинг бизга дахли йўқку?! Биз фермерга ижара ҳақи ва бошқа тўловларни шартнома асосида тўлаб келганмиз. Бир тийин ҳам қарзимиз йўқ”, дейди деҳқонлардан бири.

Тўрткўл тумани ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбаси Қорақалпоғистонда кўпчилик фермер хўжаликлари давлатдан қарздор бўлиб қолгани, улардан қарзни ундириб олиш учун техника, хусусий мулклари хатланаётганини айтади. Хатланган мулки қарзини қопламаётган фермерлардан эса, уларга қарашли ердаги шоли ҳосили гаровга олиб қолинаётганини тасдиқлади милиция вакили.

“Биз нефтебаза, агрохимия вакиллари, ундан кейин суд ижрочилари департаменти вакиллари бириктирилган гуруҳ билан юриб қарздор фермерларга қарашли мулкларни хатлаб юрибмиз. Феремерлар еридаги шолини чиқармаяпмиз, бу рост. Ҳатто шолининг сомонини ҳам олиб қўйяпмиз. Бундан ташқари фермерларнинг техникаси бўлса, техникаси, машинаси бўлса машинасини хатлаяпмиз. Бу энди вазирлар маҳкамасидан келган топшириқ бўйича қилиняпти”, дейди туман ички ишлар бўлими мулозими.

Ўзбекистонлик фермерларнинг кўпчилиги, айниқса, жорий йилги пахта ва ғалла режасини топшириш ҳаракатлари оқибатида давлатдан қарздор бўлиб қолган. Давлат хусусий фермерларга пахта ва ғалла учун тўлайдиган ҳақ харажатларни қопламаслиги боис, давлатдан қарзга олинган олинган нефть маҳслуотлари ва ўғит ҳақини тўлай олгани йўқ.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан ташкил этилган “Ойболта” номли махсус гуруҳлар фермерлар қарздорлигини тугатиш чора-тадбирларини амалга оширмоқда.

“Ойболта” амалиёти оқибатида кейинги ҳафталар ичида мамлакат бўйлаб юзлаб фермерларнинг хусусий машинасидан тортиб, телевизор, гилам ва маиший рўзғор буюмларигача мусодара этилди.

XS
SM
MD
LG