Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:05

Ўзини асир-ўзбек деб таништирган шахс муқаддам судланган Владимир бўлиб чиқди


Ўзини Қайрат деб таништирган Владимир.
Ўзини Қайрат деб таништирган Владимир.

Украинадаги Донбасс телевидениеси ўзини Донбасс Халқ республикаси деб эълон қилган гуруҳ махсус хизмати ертуласида бир йил асирликда сақланган Ўзбекистон фуқароси тўғрисида репортаж эълон қилди. Ўзини Қайрат Муҳамедов деб таништирган тутқун шу йилнинг 29 октябрида украин Қуролли Кучлари томонидан бир гуруҳ ДНР жангарисига алиштирилган.

2015 йилнинг 3 ноябридан тан олинмаган “ДНР” ички хавфсизлиги подвалида бир йил тутқунликда ушлаб турилган ўзбек тўғрисида видео Интернет тармоғи орқали тарқала бошланди.

“Донбасс жамоатчилик телевидениеси” томонидан тайёрланган видеолавҳада ўзини Қайрат Муҳамедов деб атаётган шахс рус тилида 2014 йилнинг ноябрида айирмачилар зиндонига тушгани ҳақида ҳикоя қилади:

- Мен у ерга иш излаб борган эдим. Бироз пул ишлаб, кетаман, деган фикрда эдим. Мен у ерда подвалда бир йил ўтириб чиқдим. Улар мени уруш ҳаракатларида иштирок этганликда гумонлаб қамоққа ташлашди. Мен ҳеч қаерда жанг қилмаганман! Мени ўрага ташлашди. У ерда яна 23 киши ўтирибди, асосан Украина ҳарбийлари. Улар қаторида 6 нафар уруш қилмаган оддий фуқаро ҳам мен билан ўтирди. Бошида муносабат бизга жуда ёмон эди, кейинроқ илиқлашди. Биз кўча супуришда, чиқинди тозалашда, кабинетларни ювишда ишлатилдик. Бир неча маротаба ишлаб чиқариш корхоналарига ҳаммол сифатида олиб чиқилгандик. Кунига икки маротаба овқат беришди, масалан, тушёнкали макарон, шўрва... Хонамда кичкина радио бор. Ўшандан уруш тугагани, танклар орқага тортилганини эшитиб қолдик. Менинг барча қариндошларим Тошкентда. Бу ерда қолиб ишласам ҳам бўларди, фақат бирорта ҳужжатим қолмаган, бошим қотиб қолди, деди видеолавҳада “Карат Мухамедов” сифатида таништирилган собиқ маҳбус.

29 октябрда у саккиз нафар гаровга олинган Украина ҳарбийлари қаторида озодликка чиқарилгани ҳақида Украинанинг 24 канали махсус хабар ҳозирлади.

Шу куни озод этилганлар орасида бир нафар “киборг” – Донецк аэропортини ҳимоя қилган Алексадр Михайлюк ҳам борлиги маълум бўлди. Украина Президенти Петро Порошенко эса ўзининг Твиттер саҳифасида озод қилинган жангчилар билан учрашаётгани фотосини эълон қилди.

Дўстлар, хушхабар – 9 нафар Украина Қахрамони асирликдан озод этилди. Яшасин Украина!”, - деб ёзди Петро Порошенко.

Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) 9 киши ўрнига ДНРга 11 нафар айирмачини топширганини маълум қилди.

Тутқунликдан чиқарилган Қайрат Муҳамедов ва бошқа собиқ асирларга “Патриот” гуруҳи, ҳуқуқ ҳимоячилари ва “Славянск Тикланиш” (“Славянск Возрождение”) хайрия жамғармаси кўнгиллилари ёрдам қўлини чўзди.

“Славянск Тикланиш” ташкилоти вакиллари хориж фуқаросига бирор ҳужжат расмийлаштириш борасида ëрдам беришга уринаëтганини билдирди.

“Себзорданмисан, Юнусободдан?”

Бу лавҳа ортидан Интернетда “Ўзбек бир йил жангарилар тутқунлигида сақланди”, “ДНР ертўласида бир йил”, “Ўзбек асир олиниши ҳақида гапирди” каби лавҳалар ва хабарлар тарқалиб кетди.

Озодлик Қайрат Муҳамедовнинг ҳозирги аҳволини билиш мақсадида уни ўз ҳимоясига олган “Славянск Тикланиш” жамғармасига мурожаат қилди. Ташкилот раҳбари Андрей Крисин ўзбекистонлик муҳожир тўғрисида саволларимизни тинглаб, хижолатда эканини айтди:

- Биз асирликдан озод этилган одамга кўмаклашдик. Аммо, кейинги текширувлардан бу одам Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги аниқланди. Юмшоқ қилиб айтсак – тошкенлик экани унинг фантазияси. У ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаган, тутқунликда бир йил ўтириб чиққани ҳам рост. Фақат у ўзбек эмаслигини мен дарров аниқлаб олдим. Мен “Тошкентнинг қаеридансан: Себзорданми Юнусободданми?”, десам жавоб бера олмади. Кейин “Мумкин Самарқанддандирсан?”, деган эдим у тасдиқлади. Ўзбек тилида бир-икки луқма ташладим. “Яхшимисиз?” десам, у менга кўзини лўқ қилиб ўтиришидан унинг Ўзбекистонга алоқаси йўқлигини билиб олдим. Унга “Қизил Хоч” ва биз кийим-кечак бердик, телефон совға қилдик, кейин поездга чипта олиб бердик - ўртоқлариникига кетди, дейди ўзи асли Қозоғистоннинг жанубидан экани ва ўзбеклар маҳалласида катта бўлганини гапириб берган Андрей Крисин.

Кейинроқ, Украина хавфсизлик хизмати ўзини Қайрат деб таништирган одамнинг асл исми Владимир экани, у бир неча маротаба судланиб, қамоқда ўтириб чиққанини эълон қилди.

Андрей Крисин¸ айни пайтда¸ шахсан ўзи Украина ҳарбий қисмларида жанг қилаётган ўзбекларни бир неча маротаба учратганини айтади:

- Мен Украина патриоти ва ДНР-ЛНР учун жавоб бера олмайман. Аммо украин қисмларида қаҳрамонларча жанг қилиб келган кўплаб қрим татарларини кўрдим. Улар орасида бир нечта ўзбеклар ҳам бор эди - мен уларни шахсан кўрдим, суҳбатлашдим. Улар аввалига кўнгиллилар батальонларида хизмат қилишди. Ҳозир улар кетишибди. Яқинда қрим татарлари батальони командири билан суҳбатда “Ўзбек дўстлар қани?”, десам у “Уларда фуқаролиги йўқлиги сабабли кетишга мажбур бўлишди”, деди, деди Андрей Крисин.

Айни пайтда, Озодлик нима учун ўзини “ўзбек” сифатида таништирганини билиш мақсадида Қайрат-Владимир билан телефон орқали уланиб кўрди, бироқ у қўнғироқларга жавоб бермади.

Озодлик Украина шарқидаги можарода икки урушаётган тарафда ҳам ўзбеклар ва ўзбекистонликлар борлиги тўғрисида хабар берган.

XS
SM
MD
LG