Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:42

Ангренда коллеж ўқувчисини пахтага бормагани учун ўқишдан ҳайдашмоқчи


Баҳодир Эрматов сўнгги икки йил давомида пахта бормагани айтилаяпти.
Баҳодир Эрматов сўнгги икки йил давомида пахта бормагани айтилаяпти.

Тошкент вилоятидаги Ангрен маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Баҳодир Эрматовни пахтага бормагани учун ўқишга қўйишмаяпти. Баҳодирнинг яқинларига кўра, у ўтган йили пахтага бормагани учун 1 йилга ўқишдан четлатилган ва жорий йил ўқиши қайта тикланган Баҳодир яна пахтага бормагани учун унга коллеждан ҳайдалганини айтишган.

Ангренлик 20 яшар Баҳодир Эрматов 2011 йили Ангрен маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг 1-курсига қабул қилинган. Баҳодирнинг яқинларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ўтган йили коллежни битириши лозим бўлган Баҳодир пахта теримига бормагани учун 1 йилга ўқишдан четлатилган.

Суҳбатдошга кўра, Баҳодир жорий йилда коллеждаги ўқишини қайта тиклаган, бироқ яна пахта теримига бормагани учун пахта тугаганидан сўнг коллежга қўйилмаяпти:

“Қариндошимга ичим ачияпти. Ўқувчи пахта терсин деб ҳеч қаерда ёзиб қўймаганку. Нимага уни “пахтага бормадинг”, деб ўқишдан ҳайдаши керак? Пахтадан қолиши учун 600 минг сўм пул сўрашганмиш. Шунча пулни қаердан топади камбағал оила. Энди Баҳодирнинг дипломи масаласи нима бўлади? Баҳодир 2014 йилда дипломини олиши керак эди. Ота-онаси яқинда коллежга борган экан, уларга Баҳодирнинг ўқишдан ҳайдалганини айтишган”, деди ўзини ошкор қилмасликни сўраган суҳбатдош.

Озодлик Баҳодирнинг ўзи билан боғланиш имконига эга бўлмади. Яқинларининг айтишича, оилавий шароити ночорлиги боис Баҳодир устачилик қилиб, пул топиб оиласига кўмаклашади. 23 ноябрь куни ҳам унинг устачилик қилишга кетганини айтишди.

Баҳодир ўқийдиган коллеж раҳбарияти пахтага бормагани учун ўқувчини коллеждан ҳайдаш амалиёти умуман бўлмагани фақат ўзлаштириши паст бўлган ўқувчи бир неча огоҳлантиришдан сўнг коллеждан маълум муддатга четлатилишини айтишди.

Коллеж директори Фурқат Исроилов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда эртага Баҳодир Эрматов билан шахсан суҳбатлашиб, вазиятни батафсил ўрганишини таъкидлади.

Жорий йил пахта терими пайти коллеж ўқувчиларидан Озодликка бўлган мурожаатларда, коллеж раҳбариятлари пахтага чиқмаганларга дипломлари берилмаслигини айтиб таҳдид қилганлари ҳақида айтилган.

Жумладан, “WhatsApp Пахтакор” блогига хабар йўллаган Тошкент вилояти туманлардан биридаги коллеж ўқувчиси, пахта теримига чиқишга мажбурланаётганликлари ва пахтага чиқмаса, дипломи берилмаслигидан огоҳлантирилгани ҳақида ёзганди.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига кўра, мамлакатда ўрта-махсус таълим мажбурий бўлиб, ўқувчини коллеждан ҳайдаш билан таҳдид қилиш ёки уни ўқишдан ҳайдаш мумкин эмас.

Лекин Ўзбекистонда ўқувчиларга бу каби таҳдидлар оз бўлсада, учраб туради.

Жумладан, жорий ой бошида Жиззах вилояти Зарбдор тумани маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 2- босқич ўқувчиси Рухсора Абдураҳимова металлолом учун пул бермагани сабабли дарсдан ҳайдаб чиқарилган ва унга “пул бермасанг, коллеждан ҳайдаймиз”, деб таҳдид қилинган эди.

Ҳозирча Рухсора Абдураҳимова билан боғлиқ сўнгги тафсилотлар Озодликка маълум эмас. Озодлик 23 ноябрь куни Рухсора билан телефон орқали боғлана олмади.

XS
SM
MD
LG