Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:55

Тожикистон хавфсизлик чораси ўлароқ SIM карталарни қаттиқ назоратга олмоқчи


Тожикистон парламенти хавфсизлик қўмитаси раиси Жўрахон Мажидзода Озодлик билан суҳбатда: “Жуда кўп жиноятчи бирор жиноятни режалаштириш ва уни амалга оширишда 10 тадан 15 тагача SIM карта ишлатади”, деди.
Тожикистон парламенти хавфсизлик қўмитаси раиси Жўрахон Мажидзода Озодлик билан суҳбатда: “Жуда кўп жиноятчи бирор жиноятни режалаштириш ва уни амалга оширишда 10 тадан 15 тагача SIM карта ишлатади”, деди.

Тожикистон парламенти мамлакатнинг электрон коммуникациялар қонунига Тожикистонда сотилган 7 миллионга яқин ва айни дамда ишлаётган уяли телефон карталарини рўйхатга олишга йўл очиб берувчи ўзгартиришлар киритишни маъқуллади.

Бундан мақсад собиқ совет мамлакатида хавфизликни ошириш ва қўшни Афғонистондаги жангариларнинг Тожикистонда рўйхатга олинган телефонлардан фойдаланишига қарши курашишдир.

Киритилган ўзгартиришга кўра, абонентни идентификациялаш модули (SIM) картасини харид қилаётганда харидорлар ўз паспортларида берилган маълумотларни ва бармоқ изларини қолдиришга мажбур бўладилар. Бу эса, ўз навбатида, ҳукуматга янги SIM карталар савдосини яхшироқ назорат қилиш имконини беради.

2 декабрь куни Тожикистон парламенти олдида чиқиш қилган разведка вазири ўринбосари Мансур Умаров бундай назоратнинг йўқлиги кўплаб тожик SIM-карталарининг Афғонистондаги толиблар томонидан қўлланилишига олиб келганини билдирди.

Умаров бошқа тафсилотларга тўхталмади, бироқ ҳукумат ноқонуний равишда SIM карта сотаётганларни жазолашини айтди.

Бундан бир ҳафта аввал парламент спикери Шукуржон Зуҳуров сентябрь ойида Душанбеда ва шаҳар яқинида амалга оширилган ва йигирмадан ошиқ одам умрига зомин бўлган ҳужумлар “давлат тўнтарилишини амалга оширишга қаратилган бу каби уринишларнинг кўп қадамлари уяли телефонлар орқали амалга оширилишини кўрсатади”, деган эди.

Ҳукумат сентябрь ҳужумларини амалга оширишда собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзодани ва ҳозирги кунга келиб йўқ қилинган исломий партия аъзоларини айблаб келади. Назарзода ҳужумлар ортидан ўтказилган махсус амалиёт давомида ўлдирди.

Ҳозирги кунда Тожикистонда уяли телефон сотиб олар экансиз, расмий сотувчилардан, жумладан, мобил операторлардан ёки дўконлардан янги SIM карта олиш учун паспортингизни кўрсатишингиз керак.

Тожикистон парламенти хавфсизлик қўмитаси раиси Жўрахон Мажидзода Озодлик билан суҳбатда: “Жуда кўп жиноятчи бирор жиноятни режалаштириш ва уни амалга оширишда 10 тадан 15 тагача SIM карта ишлатади”, деди. Мажидзода янги чоралар хафсизликни оширишини ва жиноятлар олдини олишини қўшимча қилди.

“Ҳозирги кунда айрим мамлакатларда, жумладан, Покистонда расмийлар уяли телефонларни рўйхатга олиш орқали жиноятчиларни қўлга олмоқда”, деди Мажидзода. Жорий йилда Покистон мамлакатдаги ҳар бир уяли телефон фойдаланувчиси шахсини тасдиқлашни бошлаган эди.

Тожик расмийлари қонунга киритилаётган ўзгартиришлар парламент томонидан маъқулланганидан кейин ва уни президент Эмомали Раҳмон имзолаганидан кейин Тожикистонда ҳам Покистондагидек кампания бошланишини айтишмоқда.

Расмийларга кўра, барча ишлаётган SIM карталарни рўйхатга олиш 12 ойгача вақт олиши мумкин. Бундан кейин SIM карта эгалари ҳар йили регистрацияларини янгилаб туришлари керак бўлади.

SIM карталарни рўйхатга мобил операторлар олади.

Тожикистон уяли телефон операторлари уюшмаси етакчиси Ғофуржон Эркаев тожик расмийлари таклифини “жуда кўп маблағ ва вақт талаб қиладиган улкан иш” деб атади, чунки кўп сонли абонентларни рўйхатга олиш учун ширкатлар қўшимча ходимларни ёллашга мажбур бўлади.

Эркаев минглаб абонент, жумладан, 1 миллиондан ошиқ муҳожир Тожикистон ташқарисида яшагани сабаб мобил операторлар рўйхатга олиш қандай амалга оширилишини ҳали билмаслигини айтди. Тожикистонлик муҳожирларнинг аксари бир йилда тахминан бир марта Тожикистонга келиб кетади.

Айрим SIM карта сотувчилар янги ўзгаришлар, жумладан, бармоқ изларини олиш ва ҳар йили регистрация қилиш уларнинг бизнесларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирдалар.

Душанбенинг Шоҳмансур бозорида SIM карта сотувчи Акмал Қурбонов: “SIM карталар арзон бўлгани учун одамлар уларни тез-тез сотиб олишади”, деди. “Масалан, айримларга янги телефон рақами ёқади ёки айримлар PIN кодларини эсларидан чиқариб қўйишади ва янги SIM карта сотиб олишади”.

Қурбоновнинг айтишича, бундай ҳолларда “харидорлар кўпинча дўстларининг ёки ҳамкасбларининг паспортларидан фойдаланиб, янги SIM карта оладилар, чунки одамлар, одатда, паспортларини ўзлари билан олиб юришмайди”.

Қурбонов янги қоидалар остида одамлар SIM карталардан фойдаланишда ёки бошқалар янги номер олиши учун паспортларини бериб туришда эҳтиёт бўлишларини айтди.

Тожик расмийлари мамлакатда 12 миллионга яқин SIM карта сотилганини айтишмоқда. Уларнинг нархи 0,7 доллардан 1,5 долларгачадир.

SIM карта сотувчиларнинг аксари расмий лицензия билан иш олиб борса-да, бу карталарни ноқонуний иш олиб борадиган бозорларда паспортсиз харид қилиш мумкин.

Аммо разведка вазири ўринбосари расмийлар ноқонуний иш олиб борувчи операторларга қарши чора кўришини билдирди.

25 ноябрь куни Тожикистон парламенти аксилтеррор қонунига ҳуқуқ-тартибот органларига аксилтеррор амалиётлари давомида Интернет ва уяли телефон хизматларига тўсиқ қўйиш ҳуқуқини берувчи ўзгартириш киритди.

Ўша қонун муҳокамаси давомида парламент спикери: “Париж, Афғонистон, Миср ва бошқа мамлакатлардаги террор ҳужумлари ўз мамлакатимизда ҳам бундай ҳужумларга қарши чора кўришга ундади”, деди.

Зарангез Наврузшоҳ ва Фарангиз Нажибулла ҳаммуаллифликда ёзган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG