Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:26

Миср тергови: Россия самолёти ҳалокати террор ҳужуми оқибати эмас


Миср расмийлари Синай яриморолида қулаган Россияга тегишли самолёт ҳалокати бўйича дастлабки суриштирув тугагани ва фожиага бомба портлаши сабаб бўлмаган, деган хулосага келинганини маълум қилди. Яриморолда октябрь ойида қулаган самолёт бортидаги 224 одамнинг ҳаммаси нобуд бўлган. Ҳалокат ортидан Россия Миср билан авиақатновни тўхтатган.

Миср расмийлари 14 октябрь куни тарқатган баёнотида Синай яриморолида қулаган Россияга тегишли А321 учоғи ҳалокати бўйича дастлабки тергов якунланганини маълум қилди.

Миср Фуқаролик авиацияси вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, техник тергов билан шуғулланган қўмита "ҳозирга қадар самолёт бортига ноқонуний кирилгани ёки террор акти содир этилгани"ни кўрсатувчи бирорта далил топмаган.

Бунга қадар Россия ва Ғарб расмийлари А321 ҳалокатига бомба портлаши сабаб бўлган, деган хулосани берган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников ўтган ойда Мисрда қулаган Россия самолёти “террорчилик акти” оқибати бўлганини тасдиқлагач, мамлакат президенти Владимир Путин “қасос олишга онт ичган" эди.

Metrojet ширкатининг Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳридан Санкт-Петербургга учган Airbus 321 самолёти 31 окятбрь куни Синай ярим оролида қулаган. Унинг бортидаги 224 кишининг ҳаммаси қурбон бўлган. Ҳалок бўлганларнинг деярли барчаси Россия фуқароси эди.

“Исломий давлат” гуруҳининг Мисрдаги қаноти кўрилган террорчи гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников 16 ноябрь куни Путин етакчилигида бўлиб ўтган йиғилишда самолёт парчалари орасида “ёт портловчи моддалар излари” топилганини айтган. Бортниковнинг айтишича, бомба 1 килограмм тротил эквивалентига тенг бўлган.

ФСБ Россия самолётини қулатганларни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 50 миллион доллар мукофот пули ваъда қилган.

Айни пайтда Қоҳира самолёт жиноят сабаб қулаганини кўрсатувчи далил ҳали топилмаганини таъкидлаб келади. Жумладан, Миср авиация вазири Ҳоссам Камол Россия баёнотига аввалданоқ шубҳа билдирган.

XS
SM
MD
LG