Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Ҳукумат хонандалардан мустақиллик ҳақида қўшиқ куйлашни талаб қилмоқда


Ўзбекистон ҳукумати куни кеча қабул қилган қарорда айтилишича, “ёш ва иқтидорли ижрочиларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, ёшларни ватанпарварлик ва миллий мустақиллик ғоялари руҳида тарбиялашга ҳисса қўшадиган мусиқа асарлари яратишни рағбатлантириш, соғлом ижодий муҳитни шакллантириш борасидаги вазифаларни амалга ошириш борасидаги вазифаларни амалга ошириш бўйича фаолияти қониқарсизлигича қолмоқда”.

Ҳукуматнинг бу танқиди концерт-томоша фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, маданий-оммавий тадбирларни ўтказиш ҳамда юқори савиядаги бадиий мусиқий асарларни яратишга масъул вазирликлар ва идораларга қаратилди.

Ҳамманинг “пўстаги қоқилди”

Вазирлар Маҳкамаси 9 декабрда қабул қилган “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг концерт-томоша фаолияти соҳасини мувофиқлаштириш ва назорат қилишга доир ишлари қониқарсиз деб топилгани қайд этилган.

Ҳукумат қарорига “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом” илова қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби, ижрочиларнинг рейтинг гуруҳларини белгилаш бўйича мезонлар ва малака талаблари белгилаб қўйилган.

Буёғи нима бўлади?

Ҳукумат қарорининг тўхтам қисмида тегишли вазирликлар ва идоралар олдига қўйилган талаблар баёни “сўзсиз риоя қилиниши таъминлансин”, “қатъий риоя қилиниши таъминлансин”, “тизимли назорат ўрнатилсин”, “жавобгарликка тортилишини таъминласинлар” каби амрлар билан тугаган.

Масалан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига “маданий қадриятларга ва миллий урф-одатларга мувофиқ бўлмаган, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий аҳлоқий тарбиялашга салбий таъсир кўрсатадиган қўшиқлар ва видеоклипларнинг эфирга чиқишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш” вазифаси юклатилган.

Хонандалар полицияси

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига ҳукумат томонидан берилган ваколатлар ўзига хос полиция ваколатлари даражасида эканлиги тушуниш учун Озодликнинг қуйидаги учта сарлавҳаси остидаги фактлар етарли бўлса керак:

"Ўзбекнаво" Лоланинг Facebookдаги суратларига эътироз билдирди.

Телеканалларда қандай қўшиқ янграшини бундан буён "Ўзбекнаво" ҳал қилади.

“Миллион” жамоаси “Тошкентда тошкентлик камайиб кетди” ҳажвияси учун “Ўзбекнаво”га тушунтириш берди.

Ҳукуматнинг кечаги қарори билан бирлашмага рухсат берувчилик ва назорат қилиш ваколатларини янада кучайтириш вазифаси юклатилди.

Ойпопук Эшонхонованинг айтганлари

Таниқли хонандадан ҳукумат қарорига муносабатини сўрадик.

Таниқли хонанда Ойпопук Эшонхонова
Таниқли хонанда Ойпопук Эшонхонова

Унинг фикрича, янги қарорнинг қабул қилинишига “бўлар-бўлмас қўшиқлар кўпайиб кетгани” сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Айни пайтда, Ойпопук Эшонхонованинг фикрича, “ана ўша бўлар-бўлмас қўшиқлар ҳам керак. Чунки улар қўшиқчилик санъати ривожи учун керак”.

Ойпопук Эшонхонова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:31 0:00
Бевосита линк

“Ўзбекнаво”нинг кўнгилли ёрдамчилари

Мавзуни ўрганар эканмиз, Ўзбекистонда шаклланиб келаётган шоу-бизнес янгиликларини ёритиб келаётган sayyod.com сайтида

хонанда “Райхоннинг концерт баннери шахар кўчаларига илиниш арафасида реклама сервиси тарафидан ўтказилмагани” тўғрисидаги хабарга кўзимиз тушди.

Sayyod.com сайтидан олинди
Sayyod.com сайтидан олинди

​"Занжирлар мумкин эмасмиш. Вей чуқурлашишадией. Занжир запретда экан! Зўрми?!) Реклама сервисларигаям мансаб битибди. Демакки уларнинг хам запретлар китоби тайёр)) Одам қолиб нарсалар запретга кирмоқда. Оддий темирни нима айби бор экан, тушунарсиз. Балки хамма гап занжирлар яланғоч бўлганидадир? Оёғи ёки бели очиқдир? Балки занжирнинг кўкрагини реклама сервиси кўриб қолишканмикан?) Тавба)) Кийинтиринг занжирларни!” деб киноя қилганsayyod.com сайти.

Озодбекнинг ўгити

Вазирлар Маҳкамасининг қарори Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги Биринчи қўшиқчиси Озодбек Назарбековнинг бундан 1-2 йил олдин Нью-Йоркдаги концертида айтган гапларини ёдимизга солди.

Озодбек Назарбеков
Озодбек Назарбеков

Концертни бошлар экан, Озодбек бундай деган эди:

“Энг аввало бир нарсани яхши билишимиз керак: орқамизда Ватан деган, Ўзбекистон деган буюк давлат турибди. Ҳар бир ҳатти-ҳаракатимизда албатта, орқамизда ватан турганини, миллат турганини унутмаслигимиз ва албатта ватанга қайтганда бошни тик тутиб ғурур билан қайтиб бориш ҳаммага насиб қилсин. Энди, айтиш мумкин, шунақа инсонлар борки, Ўзбекистондаги кичкинагина камчиликларни шишириб, пуфлаб катта қилиб дунёга жар соладиган ўзимизнинг одамлар бор. Шулардан эҳтиёт бўлинглар”.

Афтидан, бошқа хонандалардан ҳам бундан буён ўз концертларида Озодбекка ўхшаб томошабинга панд-насиҳат айтиш талаб қилинади.

Вазифаси янгиланган идорага янги бошлиқ

Ҳукумат бу соҳадаги қарори қабул қилиниши арафасида - 4декабрь куни президент Каримовнинг фармони билан “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси директори этиб Фарҳод Жўраев тайинланган эди. “Ўзбекнаво” раҳбари, айни пайтда, Маданият ва спорт ишлари бўйича вазир ўринбосари ҳамдир.

XS
SM
MD
LG