Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:41

Алишер Усмоновга "Йил ҳомийси" мукофоти берилди


А.Усмонов Кремль томонидан ҳам кўп маротаба тақдирланган
А.Усмонов Кремль томонидан ҳам кўп маротаба тақдирланган

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов ва у бошқараётган “Санъат, фан ва спорт” хайрия жамғармаси “Йил ҳомийси” унвонига сазовор бўлди. Петербургда бўлиб ўтаётган IV Халқаро маданий форумнинг махсус комиссияси Алишер Усмоновнинг Россия маданиятига қўшган ҳиссаси учун тақдирлаганини маълум қилди. Алишер Усмонов Россия олигархлари хайр-эҳсон қилаётган маблағларининг учдан бир қисмини бир ўзи сарфлаши айтилмоқда.

Алишер Усмонов яна “Йил ҳомийси”

Россиянинг шимолий пойтахтида бўлиб ўтаётган IV Халқаро маданий форумда “Йил ҳомийси” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. 2014 йилда Россия Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко ташаббуси билан тузилган бу мукофот жюрига кирувчи саккиз нафар аъзо томонидан бир овоздан Алишер Усмоновга топширилди.

- Алишер Усмоновнинг театр, спорт, музейларга кўрсатаётган ёрдами Алишер Бурхоновични буюк ҳомий деб аташга ижозат беради, деди тақдимот маросимида сўзга чиққан Пушкин номидаги Давлат санъат музейи президенти Ирина Антонова.

Россия Федерацияси Маданият вазирлигида Озодликка “Йил ҳомийси” номзодини танлашда энг аввало унинг Россия нодавлат маданий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йирик моддий маблағ сарфлагани ҳисобга олинганини таъкидлашди.

Жумладан, Алишер Усмонов ҳисса қўшган ҳомийлик ишлари қаторида Тархон қишлоғида, Михаил Лермонтов музейи биносида, “Петергоф” Давлат музейи-қўриқхонасида маданий-тарихий ва мемориал комплексларнинг қайта тикланиши, Россия Тинчлик жамғармаси билан ҳамкорликда Александр Твардовскийга, Ле Корбюзьега ва “Нормандия-Неман” учувчиларига бағишлаб ҳайкаллар ўрнатилиши, Кичик Академик драма театри – Европа Театрига кўрсатилган моддий ёрдам ва бошқалар кўрсатилди.

- Бу мукофот атиги 2 йил олдин таъсис этилган ва иккинчи маротаба топширилаяпти. Усмоновда, сўзсиз, ҳомийлик соҳасига катта ҳисса қўшган одам сифатида саҳийлиги учун бошқа мукофотлари ҳам борлиги аниқ. “Йил ҳомийси”ни тақдирлаш маросими кеча Санкт-Петербургда Маданий форум доирасида топширилди. Ундан ташқари, 2015 йилда яна еттита йўналиш бўйича ҳомийлар аниқланди, деди Николай Тертичний - Россия Маданият вазирлиги расмийси.

Шунингдек, асли ўзбекистонлик меценат Бутунроссия волейбол федерацияси, Россия қиличбозлик федерацияси, Россия футбол иттифоқи ва бошқа спорт муассасаларига моддий кўмак бериб келиши айтилди. Алишер Усмоновнинг шахсий иштирокида Пушкин музейига охирги 100 йилда энг катта совға қилинди - Франс Хальс Каттанинг ноёб “Авлиё Марк” картинаси сотиб олинди.

Николай Тертичний “Санъат, маданият ва спорт” жамғармаси Алишер Усмоновга бу мукофот Маданият вазири муовини Алла Манилова томонидан топширилганини ҳам қўшимча қилди.

“Йил ҳомийси” мукофоти Россия Маданият вазирлиги томонидан 2014 йилда – “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган йилда таъсис этилган. Мукофотнинг асосий мақсади – корхона, муассаса, ташкилот ҳамда жисмоний шахсларнинг Россия маданият ва санъатига хайр-эҳсон ва ҳомийлик ажратмаларини ошириш экани маълум қилинди.

Алишер Усмонов: “Одамларни ўзингиз каби яхши кўринг!”

Сўнгги бир неча йилларда Алишер Усмонов Россияда “Йил ҳомийси” унвонига эгалик қилиб келмоқда. 2012 йилнинг ўзида у хайрия ишларига жами 150 миллион, 2013 йилда эса 194 миллион доллар сарфлагани маълум. Алишер Усмонов Россия олигархларининг хайр-эҳсон қилаётган маблағларининг учдан бирини бир ўзи сарфлаётгани маълум қилинган эди.

- Ҳомийлик мен учун, шунингдек, бутун жамиятимиз учун, бир нарсада намоён бўлади – одамлар ўз яқинларини ўзларидек яхши кўришлари зарур. Агарда сенда яхшилик қилишга имконинг бўлса, ўз бизнесинг ривожланиши сайин бу ишни қилишинг керак, зеро моддий оламда молиявий кўмак бериш имкони кўпчиликда мавжуд, деди Алишер Усмонов.

Жорий йилнинг июлида Bloomberg агентлиги тузган дунёнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида россиялик олигарх Усмонов 14,2 миллиард доллар маблағ билан катта 100-ликка кирди.

Россия иқтисодиётининг асосий секторларидан бир нечтасида асосий фигура бўлган, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов йирик “Металлоинвест” металл-маъдан ширкати, “Мегафон” уяли алоқа оператори, Mail.ru Group интернет-холдинги, “Коммерсантъ” нашриёт уйи, Disney Russia, “МУЗ-ТВ”, “Ю” телеканаллари ва бошқа мулклар эгаси ҳисобланади.

Алишер Усмонов “Металлоинвест” холдинги акциядорлари ва корхоналари сўнгги беш йилда ижтимоий лойиҳаларга 110 миллиард рубль юборганини Россия президентига очиқлади. Шу жумладан, ўзбек тадбиркорига тегишли бўлган маблағлар ҳисобига Новотроицкда хоккей маркази, Орск шаҳрида театр ва Белгородда Россиянинг энг йирик офталмологик клиникаси қурилгани айтилди.

Эслатиш жойизки, 61 ёшли Aлишер Усмонов Россия футбол иттифоқигa ёрдaм сифaтидa 300 миллион рубл aжрaтгани, жорий йилнинг феврaль ойидa Фaбио Кaпеллонинг етти ойлик мaошини тўлaш учун 400 миллион рубл aжрaтгaн эди. Шунингдек, у шу йилнинг 17 июнь куни америкалик генетика олими Жеймс Уотсонга унинг Нобель медалини қайтаргани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

“Форбс” журнали Алишер Усмоновни Россияда 2014 йилнинг энг яхши тадбиркори деб ҳам топган эди.

XS
SM
MD
LG