Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:27

2015 йилда ўлган муҳожирлар хотирланмоқда


18 декабрда Халқаро муҳожирлар куни нишонланмоқда. Миграция бўйича Халқаро ташкилот (IOM) 2015 йилда муҳожиратда нобуд бўлган одамлар хотирасига бағишлаб “Шам ёқ” глобал кампаниясини бошлаб, #IamaMigrant (Мен мигрант) хештеги битилган билагузукларни тарқатиб, ўлган ҳар бир мигрантни эслашга чақирмоқда.

Нобуд бўлган мигрантлар хотирланмоқда

18 декабрь- Халқаро муҳожирлар кунида Миграция бўйича Халқаро ташкилот (IOM) ўтиб бораётган йилда ўз ватанидан ташқарида нобуд бўлган муҳожирларни хотирлаш акциясини бошлаб юборди.

Уларнинг ҳар бири ўз исмига эга бўлган, ҳар бири ўзини ёки оила аъзоларини хавф-хатардан сақлаш учун она юртини тарк этган”, дейилади БМТнинг бу кунга бағишлаб эълон қилинган хабарида.

Муҳожирлар кунига бағишланган нутқида БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 2015 йил тарихда инсоният азоб-уқубатлар ва мигрантлар фожеаси йили сифатида ном қолдиришини алоҳида тақидлади.

19 яшар Абдусамад Фазлиддинов ҳам муҳожирликда нобуд бўлган
19 яшар Абдусамад Фазлиддинов ҳам муҳожирликда нобуд бўлган

Ўтган 12 ой давомида 5000дан зиёд аёл, эркак ва болалар яшашга қулайроқ жой излаб нобуд бўлди. Яна ўн минглаб киши одам савдоси қурбонларига айланди. Миллионлаб одам эса ксенофобия ва ваҳимачилик қурбонларига айланган “балога қолганлар”дир”, деб нома битди Бан Ки Мун.

Бан Ки Мун ўз нутқида БМТга аъзо барча давлатларни “Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Конвенция”ни имзолашга даъват этди.

Айни пайтда 2015 йил жаҳон ҳамжамияти мигрантларнинг олам тараққиётига қўшган ҳиссасини ўта юқори баҳоламоқда.

- Биз нобуд бўлган муҳожирларнинг ҳаётлари беҳуда кетмаганини кафолатлашимиз керак. Биз уларни ёдда тутишимиз зарур, деди ўз ўрнида халқаро муҳожирларни хотирлаш кампанияси ташкилотчиси Уильям Лейси Свинг.

Жаҳон Банки мутахассисларига кўра, муҳожирликка чиқаётганлар сони йилига 1,6 фоизга ошиб бормоқда. Айрим мамлакатларда мигрантлар жўнатаётган пул маблағлари киритилаётган ташқи инвестициялардан жиддий тарзда ошгани кузатилди.

БМТ маълумоти бўйича, меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари бўйича Тожикистон дунёда биринчи ўринни эгаллайди, тожикистонликларнинг муҳожирликда топган пули мамлакат ЯИМининг 49 фоизини ташкил этади.

Жумладан, ўзбек муҳожирлари пул ўтказмалари ҳам Ўзбекистоннинг Ялпи ички маҳсулотининг сезиларли қисмини ташкил этаётгани ҳеч ким учун сир эмас. Бироқ, 2015 йилнинг 9 ойи давомида ўзбекистонлик ишчилар олдинги йилларга нисбатан Россиядан 2,5 баробар кам пул жўнатгани қайдга олинди ва 1 миллиард 874 миллион долларни ташкил этди.

Россия ФМСи расмий рақамларига кўра, 2015 йилнинг декабрь ойигача биргина Россияда 1 миллион 880 мингдан зиёд муҳожир расман қайдга олинган.

Россиядаги муҳожирларнинг энг кўпи - ўзбекистонликлардир

Хўш, Россиядаги ўзбек муҳожирлари Халқаро муҳожирлар кунида ўзларини қандай ҳис этяпти? Уларнинг истак-хоҳишлари нимадан иборат?

Бу саволларга жавоб берган қорақалпоғистонлик муҳожир Мақсад одатдагидек “Худога шукур!”, деб гап бошлади:

- Худога шукур, ёмон эмас. Ишим ҳам яхши, яшашим ҳам. Маошимни вақтида беришяпти. Яшашимдан нолимайман, лекин қани эди ўзимизга бориб ишласам, ўзимизда етарли пул топсам – бу ундан ҳам яхши бўларди. Лекин ўзимизда иш бўлмаганидан кейин иложсизликдан бу ерда ишлаяпмиз. Ўзимизда тирикчилик қилса бўлади, аммо бу пулга уй қура олмайсан, яхши кийим олаолмайсан... Олдинги даврлардан қийин бўлиб қолди: мана бу унга-бунга тўлашлари, документларга тўлаш масалалари қийинлашди,- деди меҳнат муҳожирлигида анча йиллардан бери юрган Мақсад.

Яна бир суҳбатдош – чустлик Шерали ҳам 18 декабрь- Муҳожирлар куни экани тўғрисида биринчи маротаба эшитаётганини гапирди.

У одамлар ўз жойидан яхшиликдан кўчмайди, фақат ночорлик ва мушкул вазиятгина уларни ўз юртларидан узоққа кетишга ундайди, дейди:

- Эшитмаган эканман... Айниқса ўзбекистонликларга нисбатан Божхона Иттифоқига қўшилмагани сабабли босим янада кучайган. Патент деган нарсасини 4 баробарга нархини қимматлаштирди, мигрантларга тиббий хизмат умуман йўқ. Мен гаплашган кўпчилик ўзбекистонликлар – 90 фоиздан ортиғи – агарда иложи бўлса бугун эмас, ҳозир кетворишга тайёр! Афсуски иқтисодий аҳволдан келиб чиқиб шу ерда. Бу кунда мен ўзимизнинг Ўзбекистонда шу ерда ишлаб юрганлар каби баракали иш насиб қилишини тилайман! Соғ-саломат уйга қайтиб боришсин! Ахир ўзининг оиласи олдида юрганига етмайди... Айниқса янги фарзанд кўриб, бу ерга келворганлар болаларининг энг ширин даврини ўтказиб юбормоқда, маҳрум бўлмоқда: борса танимайди кўпчилиги. “Кел ўғлим ёки қизим!”, деса танимайдилар. Бу ҳаммага ҳам жуда қаттиқ зарба: бу ҳолатда топган пули калласидан чиқиб кетади. Ҳаммамизга оиламиз билан бўлиш насиб қилсин, деди муҳожиратда юрганларнинг ички дардларини очиқлаган Шерали.

1990 йилнинг 18 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Конвенциясини қабул қилган эди.

10 йил ўтиб – 2000 йилнинг 4 декабрида, дунёда муҳожирлар сони кескин кўпайиб бораётганини инобатга олган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 18 декабрни Халқаро муҳожирлар куни, деб эълон қилди.

XS
SM
MD
LG