Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:20

Қозоғистон-2015: Амалга ошмаган ваъда, қадрсиз танга, Европа сари йўл


2015 йилда Нурсултон Назарбоев муддатидан олдин президентликка яна бир марта сайланиб олди.
2015 йилда Нурсултон Назарбоев муддатидан олдин президентликка яна бир марта сайланиб олди.

Нурсултон Назарбоев апрель ойида ўтган президентлик сайловидан сўнг танганинг долларга нисбатан қиймати ушлаб турилишини ваъда қилганига қарамай, август ойида қозоқ миллий валютаси бир кун ичида 30 фоизга арзонлади. Бу 2015 йилда нафақат қозоғистонликлар, балки ўзбекистонликлар ҳаётига таъсир кўрсатган муҳим воқеалардан бири бўлди.

Қозоғистон президентлигига навбатдан ташқари сайлов

2015 йилнинг 26 апрелида Қозоғистонда ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайлови, кузатувчилар башорат қилганидай, 1989 йилдан бери республикани бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимиятини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Расман эълон қилинган овоз бериш натижаларига кўра, Назарбоевнинг ҳокимиятда қолиши учун сайловчиларнинг 97,5 фоизи овоз берди. Сайловда сайловчиларнинг 95 фоиздан кўпроғи иштирок этган. Бу эса Қозоғистон янги тарихидаги рекорд сифатида эълон қилинди.

Назарбоев 29 апрель куни янги эски президент сифатида қасамёд келтирар экан, қозоғистонликларга бир қатор ваъдаларни берди. Бу ваъдалар орасида қозоқ тангаси қадрининг долларга нисбатан тушиб кетмаслигига йўл қўймаслик ваъдаси ҳам бор эди:

- Мен Қозоғистон халқига яна бир бор таъкидлайман: биз ҳеч нарсани яширмаймиз. Қийинчиликлар бўлса, халқ билан бирга шу қийнчиликларга бардош берамиз. Ҳеч нарсага жавоб бермайдиган, фақат тили билан ишлайдиганларга ишонманг Танганинг қадрсизланиши учун ҳеч қандай омиллар йўқ. Ҳар ҳил миш-мишларга эмас, расмийларга ишониш керак, -деган эди Назарбоев.

Танганинг қадри пастга шўнғиди

Бироқ Назарбоевнинг бу ваъдасидан тўрт ой ўтар ўтмас Қозоғистон валюта коридоридан воз кечиб, миллий валютасини эркин тебранувчи курсга ўтказиши ортидан танга долларга нисбатан 30 фоизга арзонлади.

Қозоғистон эркин тебранувчи курсга ўтиши ҳақида мамлакат бош вазири Карим Масимов 20 август куни Остонада бўлиб ўтган ҳукумат селектор мажлисида эълон қилди.

- Қозоғистон Миллий банки ва ҳукумати 2015 йил 20 августидан инфляцияга қараб иш кўришга асосланган янги пул-кредит сиёсатини амалга ошира бошлаш, валюта коридорини бекор қилиш ва эркин тебранувчи курсга ўтиш ҳақида қарор қабул қилди. Пул алмаштириш курсининг ўзгариши сусайиш томонга ҳам кетиши мумкин, кучайиш томонга ҳам. Буни жаҳон иқтисодиётидаги ва ички валюта бозоридаги вазият белгилаб беради, - деди Карим Масимов.

Бу хабар ортидан Қозоғистон фонд биржаси эрталабки сессиясида 1 АҚШ доллари нархи 255,26 тангага чиқиб кетди. Бу эса аввалги курсдан 66,88 тангага юқори эди. Шу тариқа Қозоғистон миллий валютаси бир кунда тақрибан 30 фоизга “арзонлади”.

Тажрибадан маълумки, Қозоғистон ва Россияда миллий валюта қадрининг тушиши Ўзбекистонга ҳам билвосита таъсир кўрсатади.

Масалан, Қозоғистон Миграция полицияси департаментига кўра, 2015 йилининг 8 ойи давомида мамлакат ички ишлар органлари томонидан жисмоний шахслар қўлида ишлаш учун 103 минг чет элликка рухсатнома берилган. Уларнинг 97 мингги ўзбекистонликдир.

Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири аввалроқ Озодлик билан суҳбатда танга курсининг АҚШ долларига нисбатан пасайиши Қозоғистондаги ўзбек муҳожирлар учун зарарли эканини, боиси бу муҳожирлар оиласига жўнатаётган пулнинг озайишига сабаб бўлишини айтганди.

Айдан Аимбетовнинг космосга парвози

2015 йилда Қозоғистон учун муҳим воқеалардан бири қозоқ фазогири Айдин Аимбетовнинг халқаро космик кемада коинотга парвоз қилгани бўлди.

Айдин Аимбетов Қозоғистондан космосга учган иккинчи қозоқдир.. Бундан аввал СССР даврида 1991 йилда қозоқ Тўқтар Аубакиров коинотга парвоз қилган эди.

Қизиғи шундаки, Тўқтар Аубакиров СССРнинг етмиш иккинчи ва сўнгги космонавти эди. Айдин Аимбетов эса мутсақилликдан сўнг Қозоғистон номидан космосга учган биринчи қозоқ, бироқ дунёнинг 545 –фазогири бўлди.

Айдин Аимбетовнинг коинотга сафарини Қозоғистондаги барча оммавий ахборот воситалари кундалик равишда, кенг миқёсда ёритиб борди. Қозоқ телеканаллари Айдиннинг бундан ўн йил олдинги телесюжетлардан бирида айтган гапларини топиб, намойиш этдилар.

Айдин Аимбетов 2015 йилнинг 2 сентябридан 12 сентябригача коинотда бўлди. У коинотда “Дастурхон-6” деб номланган бир қатор илмий тадқиқотларни ўтказди.

Қозоғистон ва Европа Иттифоқи алоқаларни яқинлаштириш битимини имзолади

21 декабрь куни Отостонда Қозоғистон Европа Иттифоқи билан алоқаларни яқинлаштириш битимини имзолади. Битимга Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов ва Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Федерика Могерини қўл қўйди.

Остона ва Брюссел битимга эришишга қаратилган тўрт йиллик музокараларни ўтган йили якунлаган эди. ЕИ Марказий Осиёда иқтисоди энг йирик бўлган Қозоғистон билан ҳамкорликни кучайтириш истагини билдириб келган.

Битимда томонлар 29 соҳада ҳамкорликни яқинлаштириши назарда тутилган. Улар орасида ҳудудий хавфсизлик, қуролсизланиш ва савдо-иқтисодий алоқалар ҳам бор.

Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Европа Иттифоқи билан алоқаларни яқинлаштириш битимини имзолади.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовнинг йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида билдиришича, Қозоғистон билан Европа Иттифоқининг ўзаро товар айрибошлаши бир йилда 50 миллиард доллардан ошиб кетган.

Қиёслаш учун айтиб ўтиш жоизки, Ерлан Идрисов 2015 йилда Қозоғистон бошқа давлатлар билан 60 миллиард долларлик шартномаларни имзолаган.

XS
SM
MD
LG