Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:15

Туркия Россия пропагандасининг янги нишонига айланди


Россия оммавий ахборот воситалари янги “душман” излаб топди. Рус пропагандаси Украина ва АҚШни ўз саҳифаларию ток-шоуларида камроқ танқид қилаётгани натижа бермоқда, кўринади. “Медиалогия” компанияси сўровига кўра, кейинги ойларда руслар ўзларининг асосий душмани сифатида Туркияни танлагани маълум бўлди. Русларнинг туркларга бўлган душманлик кайфияти ҳатто террорчи ИШИДдан ҳам ошиб ўтгани қайд этилди.

Россия оммавий ахборот воситаларининг Украина ва АҚШни камроқ ёдга олиши рус жамиятида “душманлик вектори” ўзгаришига олиб келди.

“Медиалогия” компанияси охирги бир йилда олиб борган кузатув хулосаларидан аниқланишича, 2015 йилнинг сўнгги 9 ойи давомида рус оммавий ахборот воситалари 1- рақамли душман деб Украина, 2- рақамли душман сифатида эса АҚШни ҳисоблаб келганини қайд этган. Бу вақтда Россия газета, радио, телевидениеси ва Интернет блогларида АҚШ билан қиёслаганда Украина ўртача ҳисобда 1,5 баробар кўпроқ “душман” деб аталган.

Айни пайтда, тадқиқот муаллифлари йил давомида бу икки мамлакатга нисбатан “душманлик кайфияти” сўниб борганини ҳам аниқлади.

Украинларга бўлган салбий муносабат рус аҳолисида 2014 йилдаги Украина президенти сайловидан кейин сусайгани маълум қилинди. 2015 йил охирларига келиб Россия ОАВи Украина ҳукуматини “нолегитим” ва “ўзини-ўзи сайлаган” деб номлашни бас қилди. Бундан ташқари, маҳаллий хабарларда “бандерачи”, “фашистлар”, “укроплар” каби украинларга нисбатан берилиб келган таърифлар йўқолди.

2015 йилнинг 24 ноябрида Сурия ҳудудида Россиянинг Су-24М бомбардимончи учоғи уриб туширилганидан кейин маҳаллий ва федерал телеканаллар ва Интернет саҳифаларида янги душман образи яратилди. Агарда бунгача “Туркия давлати” ибораси “террорчилик” сўзи билан биргаликда ҳафтасига атиги 20 маротаба ишлатилган бўлса, 24 ноябрдан кейин “Туркия ва террорчилик” иборси ишлатилган хабарлар 150 тага етди.

Йил бошида Россия матбуоти ва блогосферасида украин ҳукумати “хунта”, деб ўртача 2,5 минг маротаба тилга олинган бўлса, йил охирида бу кўрсаткич 1,3 мингтага тушгани қайд этилди.

Айнан шу даврдан ва президент Владимир Путиннинг кескин нутқидан кейин Туркия давлатига Россияда “ИШИД ҳомийси” ёрлиғи ёпиштирилди.

- Бугунги йўқотиш бизга террорчиларга кўмаклашувчилар томонидан ортимиздан берилган зарба натижасидир. Учоғимиз Сурия устида Туркиянинг F-16 учоғи томонидан уриб туширилди. Биз Туркия ҳудудида ИШИД босиб олган ерлардан катта миқдорда нефть ва нефть маҳсулотлари олиб кирилаётганини қайд этаётгандик. Бу пуллар бандитларга сарфланаётган эди. Бугунги ҳодиса Россия-Туркия муносабатлари жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, деган эди Туркия давлати ва аҳолисига нисбатан "сазойи қилиш" кампаниясини бошлаб берган Владимир Путин

Рус телеканаллари ва матбуот нашрлари Туркияни қоралаш ҳақида “юқоридан” бирор буйруқ тушганини инкор этиб келаётган бўлсада, учоқ уриб туширилганидан кейин маҳаллий телеканалларда туркларга қарши саноқсиз телесюжетлар ва ток-шоулар ташкиллаштирилди.

25 ноябрь куни Туркиянинг Россиядаги элчихонаси олдида
25 ноябрь куни Туркиянинг Россиядаги элчихонаси олдида

Бунинг ортидан Интернетнинг рус сегментини Туркияни қораловчи мемлар, ҳажвий карикатуралар, ҳақоратли плакат-постерлар ва изоҳлар тўлдириб юборди. Россия пойтахтидаги элчихона вандаллар ҳужумига учради, мамлакатнинг турли жойларида турк фирмалари ва ошхоналари жисмоний ва руҳий босим остида қолди, турк миллатига мансуб шахсларга очиқдан-очиқ таҳдидлар бўлди. Россия билан чегарада минглаб юк машиналари бирдан текширувларга учради, Россиядаги турк фирмаларини солиқ ва бошқа назорат идоралари босди, турк талабалари Россия олий ўқув юртларидан сабабсиз четлатилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги россияликларни Туркияга саёҳат қилмасликка чақирди, Кремль ўзининг жанубий қўшниси ва шу пайтгача энг асосий иттифоқчиси бўлган давлатга нисбатан иқтисодий-молиявий санкцияларни жорий қилди.

ВЦИОМ декабрда ўтказган сўров натижаларига кўра, 73 фоиз россияликнинг сўнгги бир ой давомида Туркияга нисбатан муносабати кескин салбий томонга ўзгарган.

Мана шундай кайфият ҳукм сураётган Россия жамиятида ўз-ўзидан Украина “хохолларию бандерачилари” ҳамда Америка “пиндослари”га нафрати йўқола борди. Бу тенденцияга ҳатто Украинадаги қрим татарларининг Қрим яриморолини қамалга олиши ва электр токини ўзиб ташлаши тўсқинлик қила олмади.

Таъкидлаш зарурки, Украинага нисбатан Россия ОАВидаги “нафрат кайфияти” 2015 йилнинг апрель ойида энг юқори нуқтасига етказилган эди: ўшанда Россия телеканалларида ойига камида 70 маротаба Украина “душман” деб аталган эди.

Шу тариқа, тез вақт ичида медиапропаганда кучи билан Туркия ҳукумати ва аҳолиси Россиянинг асосий “рақиби ва душмани”га айланди. Бугунга келиб бундай душманлик кайфияти россияликларда ҳатто ИШИДга нисбатан йўқлиги маълум.

Ваҳоланки, Туркия-Россия ўртасидаги можаро бошланмасдан олдин Россия ҳукумат журналистлари асосий душман сифатида “ИШИД, Ислом Давлати”ни танлаган эди ва Башар Асадга қарши курашувчи ҳар қайси кучга қарши Россия ахборот воситалари “ахборот урушини” очганди.

XS
SM
MD
LG