Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:53

Россияда ишлаш рухсатномаси - патент нархи оширилди


Ишга рухсатнома
Ишга рухсатнома

Жорий 2016 йилнинг 1 январидан Россияда ишлаш рухсатномасининг ойлик тўлови нархи мамлакатнинг аксар минтақаларида оширилди. Шу билан бирга ишчи кучига эҳтиёж катта бўлган Россиянинг саноқли вилоятларида патентлар ойлик нархи 2 баробаргача арзонлади. 2015 йилда эски нархлар асосида 2016 йилга аванс тўловини амалга оширган меҳнат муҳожирлари учун қўшимча тўловнинг зарурати йўқлиги айтилмоқда.

2016 йилнинг 1 январидан Россиянинг деярли барча минтақаларида меҳнат муҳожирлари учун ойлик патент тўловлари оширилди.

Россия Федерал миграция хизмати чоп этган янги нархномага кўра, мамлакатнинг мавжуд 85 минтақасидан 74тасида янги йилдан бошлабпатент нархлари оширилган. Патент нархи фақат Челябинск, Волгоград, Владимир, Ленинград вилоятлари ҳамда Санкт-Петербург шаҳрида ўзгармасдан қолди.

Россиянинг яна 6 минтақаси - Чукотка, Ингушетия Республикаси ҳамда Калуга, Воронеж, Томск вилоятларида ишлаш учун рухсатноманинг ойлик тўловлари камайтирилгани кузатилди. Кузатувчилар патент нархларини арзонлаштирган Россия вилоятлари ҳукуматлари ишчи кўчига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида шундай қарорга келганини таъкидламоқда.

Масалан, ўтган 2015 йилда патент нархи энг қиммат бўлган Чукоткада муҳожир ойига 8000 рубль тўлаган бўлса, жорий йилда у 4542 рубль тўлаши белгиланди. 2016 йилда патент нархининг ошиши бўйича Саха-Ёқутистон Республикаси биринчи ўринни эгаллади: бу минтақада меҳнат муҳожирларидан олинадиган солиқ 1100 рублга кўтарилиб, 8173 рублни ташкил этди.

Россиянинг патент нархида энг катта ўзгаришлар Ненец мухтор округида бўлиб, бу вилоятда илгари 1568 рубл турган патент 5 бараварга оширилиб, 7000 рублга етди.

Шу тариқа, патентнинг ойлик қимати Забайкалье ва Бурятияда 3 баробарга, Иркутск, Карелия ва Тувада 2,3 мартага, Киров, Новосибирск, Сахалин, Иваново, Красноярск, Олтой, Пенза ва кўплаб бошқаларда маҳаллий ҳукуматлар қарори билан 2 баробарга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, Россиянинг энг кўп ўзбек меҳнат муҳожирлари жойлашган марказий минтақаларда ишга рухсатномалар нархи жиддий ўзгармади. Масалан, Москва шаҳрида 4000 рубл турган патент 1 январдан бошлаб 4200га кўтарилди; Москва вилоятида эса меҳнат муҳожирлари 4000 рубллик ойлик тўлови ўзгармасдан қолди.

Айни пайтда, 2015 йилда эски нархлар асосида 2016 йилга аванс тўловини амалга оширган меҳнат муҳожирлари учун қўшимча тўловнинг зарурати йўқлиги айтилди. Бу ҳақда Озодликка Москва шаҳар ФМС бошқармасининг жамоатчилик алоқалари бўлими бошлиғи Татьяна Стретович қўшимча маълумот бериб, деди:

- Муҳожирлар ўтган 2015 йилда бир йил олдинга 4 минг рублдан тўлаб қўйишларига имкон берилди. Янги йилда улар Москва бўйича патентга 4200 рублдан тўлашади. Масалан, декабрда уч ой олдинга 4 минг рублдан тўлаган мигрантнинг тўловлари қабул қилинди ва улар ҳеч қандай қўшимча тўлов қилишлари зарур эмас, деди ФМС бошқармаси вакиласи.

Татьяна Стретович бу қоида Россиянинг барча минтақаларида амал қилишини ҳам қўшимча қилди.

Ўтган йилнинг октябрида Россия ФМСи мамлакатда 1,5 миллион ишга рухсатнома расмийлаштирилгани, бу патентлар минтақа бюджетларига жами 23 миллиард рубл қўшимча даромад келтирганини очиқлаган эди. Идора бошлиғи Константин Ромодановский патентлардан тушаётган даромаднинг 100 фоизи тегишли минтақа ғазнасида қолишини билдирган.

Россия ФМСи расмий ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда энг кўп муҳожирлар сонини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Расман қайдга олинган 2 миллионўзбекистонлик аёл ва эркак 2015 йил давомида ўз юртига 2 миллиарддан зиёдроқ маблағ ўтказган.

XS
SM
MD
LG