Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:53

Тошкент Ғарб банкларида музлатилган МИЛЛИАРД долларни қайтариб ола оладими?


Европада “ўзбек иши” номини олган коррупция жанжали ортидан Ўзбекистон фуқаролари номига Ғарб банкларида очилган ҳисоблардаги камида 1 миллиард АҚШ доллари музлатиб қўйилди. 2015 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Адлия вазири АҚШ маҳкамасига бу пулларни Тошкент ҳукуматига қайтариб беришни сўраб расман мурожаат қилди.

Тошкентнинг президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованики экани тахмин этилаëтган бу миллиард долларни қайтариб олиш имкони борми?

Озодликнинг бу саволига "Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди?" деган савол юзасидан махсус журналистик суриштирув ўтказган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ëритиш халқаро лойиҳаси бош муҳаррири Drew Sullivan жавоб берди.

- Ўзбекистоннинг бу сўровида манфаатлар тўқнашуви каби жиддий бир муаммо бор. Бу пулларни ўғирлаган одам Ўзбекистон президентининг қизи¸ яъни бевосита биринчи оила вакили. Ўзбекистон Адлия вазирлиги биз ўғриларни жазоладик¸ деяпти. Аммо Ислом Каримов ҳали ҳам президент ва унинг қизи Гулнора жазоланиб¸ қамалгани ҳақида бирор расмий маълумот йўқ. Гулнора Каримованинг уй қамоғида экани ҳақидаги гапларни ҳам тасдиқлаш имкони йўқ. Балки у айни дақиқаларда Сан Тропеда (Франция жанубидаги асосан зодагонлар яшовчи шаҳарча – таҳр.)мазза қилиб юргандир¸ балки у ҳали ҳам ҳукумат фаолиятининг сердаромад соҳаларини назорат қилаëтгандир. Биз буни билмаймиз. Шу боис¸ АҚШ маҳкамасини бу пулларни қайтариб бериш кераклигига ишонтириш жуда қийин бўлади.

Озодлик: Ҳозирча расман тасдиғини топмаган маълумотларга кўра¸ ўзбек маҳкамаси Гулнора Каримовани судлаб¸ унга уч йиллик уй қамоғи жазоси тайинлаган. Агар шу маълумот тўғри бўлса¸ унга асосан Тошкентнинг¸ Гулнора Каримова ҳам қилмиши учун жазоланди¸ ҳукумат ва Гулнора бир нарса эмас¸ аслида биз жабрланувчимиз¸ деган асосда 1 миллиард долларни қайтариб олиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз?

- Бир қараганда¸ ўзбек томонида қўйган талабда жон бордек. Агар кимдир давлат ва халққа тегишли пулларни коррупция билан ўғирлаган бўлса¸ бу одамлар маҳкамага тортилиб¸ айби исботлангач¸ пуллар асл эгасига қайтарилиши керак. Адлия вазири ўз мактубида шунга урғу бермоқда. Аммо фундаментал муаммо шундаки¸ Гулнора Каримова бу пулларни отаси президент бўлган даврда ўзлаштириб келди ва на ота ва на унга ҳисоб берувчи ҳукумат уни тўхтатиш учун 10 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳеч нарса қилмади. Ниҳоят¸ дейлик Гулноранинг маҳкамага тортилиб¸ унга уй қамоғи берилгани рост ҳам бўлсин. Уч йиллик уй қамоғи¸ биргина телекоммуникация соҳасида бир миллиард доллар ўғирлаш жиноятига лойиқ жазоми? Биз ўзбек адлия тизимини яхши биламиз. Минглаб одам 100 доллар нари-берисида пора олди деган айб билан узоқ йиллар қамоққа ташланмоқда. Бундай қаттиқ жазо усули нега бир миллиард доллар ўғирлаганга қўлланмаяпти? Биз ҳали президент қизининг ҳукумат тизимлари воситасида бошқа соҳалардан халқ ва давлатнинг қанча пулини ўғирлаганини билмаймиз. Яна такрорлайман¸ музлатилган бир миллиард бор-йўқ учта мобил алоқа ширкатидан олинган пора¸ айсбергнинг учи холос.

Озодлик: 28 январь куни Ню Йорк район маҳкамаси Ўзбекистон Адлия вазирининг расмий мурожаати юзасидан ўз дастлабки қарорини эълон қилиши кутилмоқда. Сиз Америка маҳкамаси қандай қарор чиқаради¸ деб ўйлайсиз?

- Биринчидан¸ мен Ўзбекистон томони маҳкамада ютқизади¸ деб ўйламайман. Шахсан мен учун¸ улар келтираëтган асослар жуда заиф. Аммо АҚШ маҳкама тизими шундай тузилганки¸ агар маҳкамада ютиш учун каттагина пул ташлаб¸ қудратли адвокатларни ëллашга қурбингиз етса¸ жараëн йилларга чўзилиши мумкин. Гап оз пул ҳақида эмас¸ 1 миллиард доллар устида бормоқда ва кўриб турганимиздек¸ ўзбек томонида адвокатлардан пул аяйдиганга ўхшамайди (Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳимоясига Ню Йоркдаги қудратлиHolwell Shuster&Goldberg адвокатлар ширкатини ëллаган – таҳр.).Шунинг учун¸ бу жараëннинг камида 2-3 йилга чўзилишини кутиш мумкин. Бундан ташқари¸ ўзбек томони бу пулни қайтариб олиш учун Вашингтонга сиëсий таъсир ўтказишга ҳам уриниб кўради. Лекин АҚШ адлия тизими сиëсий ҳукуматдан мустақил бўлгани учун¸ бундай уринишлар иш беришига кўзим етмайди.

Озодлик: Сиз АҚШ адлия тизимлари сўрови билан музлатилган бир миллиард доллар Ўзбекистон ҳукуматига қайтарилмаслиги керак¸ бундай қилиш¸ ўғирланган пулларни яна ўғриларнинг ўзига қайтариш бўлади¸ деган фикрдасиз? Агар пуллар Тошкентга қайтарилмаса¸ у кимга берилиши керак? Бунинг учун қандай механизмлар бор?

- Ўзбек халқини тамсил қилувчи намояндаларнинг йўқлиги жиддий муаммо. Ҳукумат халқ эмас¸ ҳокимият тепасидагилар манфаатини тамсил қилмоқда¸ халқнинг эса бу пулни талаб қилувчи легитим вакиллари йўқ. Ўғирланган 1 миллиард доллар оддий ўзбекларнинг пули. Бу пуллар мобил телефон эгаларидан ўғирланган ва қайсидир йўл билан уларга қайтарилиши керак. Қандай қайтарилиши кераклиги жиддий ўйлаб кўриладиган савол. Агар мен АҚШ ҳукумати ўрнида бўлсам¸ махсус жамғарма очиб¸ бу бир миллиард долларни шунга берардим. Бу жамғармадан эса¸ иқтидорли ўзбек ëшларини хорижда ўқитиш учун грант ва стипендияларга¸ Каримовлар жабридан мамлакатдан қочишга мажбур бўлган ўзбекистонликларга ëрдам беришга фойдаланган бўлардим.

XS
SM
MD
LG