Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Сокольникидаги тикув цехи ёқиб юборилган бўлиши мумкин


Москванинг Строминка кўчасидаги ёнғин кимнингдир қасди бўлиши мумкин. Оловда ёниб кетган 12 нафар меҳнат муҳожири ўлдирилгани тўғрисидаги тахминлар ўт ўчирувчилар ва терговчилар томонидан илгари сурилди. Москва ҳокимияти мазкур ҳодиса ортидан Россия пойтахтида махсус рейдлар ўтказишга чақирди.

Москванинг Сокольники мавзеси Строминка кўчасидаги тикув цехи биноси қасддан ўт қўйиш оқибатида ёниб кетган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда маълум қилган Москва шаҳар Тергов қўмитаси аввалига “қотиллик” асосида жиноий иш қўзғатгани аниқланди.

- Ҳодиса жойида ҳозир Тергов қўмитасининг Москва шаҳар Бош

Строминкадаги ёнғин
Строминкадаги ёнғин

бошқармаси терговчилари ва криминалистлари, бошқа оператив хизматлар ходимлари ишламоқда. Бузилган бинода ишлар давом этмоқда. Тергов маиший, техник, қасддан ўт қўйиш ва бошқа версияларни ўрганмоқда. Одамларнинг нимадан ўлганини аниқлаш учун қўшимча экспертиза тайинланади, деди Москва шаҳар Тергов қўмитаси расмийси Юлия Иванова Озодликка.

Москва полицияси ёстиқ ва чойшаб ишлаб чиқариш билан шуғулланган тикув цехида ишлаган ва ҳодиса жойидан ғойиб бўлган тўрт нафар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаросини топиб, терговчилар ихтиёрига топширгани маълум бўлди.

Шунингдек, цехда нобуд бўлган 12 одамдан ташқари бир нафар қўли куйган ўзбекистонлик енгил жароҳат олгани туфайли госпитализация қилинмади. У ёнғин чиққан куни ишчилар кимнингдир туғилган кунини нишонлагани ва шу сабабли цехда яшаб келганларнинг бир қисми маст ҳолатда бўлгани тўғрисида маълумот берди.

Озодлик манбаларига кўра, қасддан ўт қўйиш тўғрисидаги тахминларга ёнғин манбаи бир жойда эмас, икки жойда экани асос бўлган. Шунингдек, мавжуд рақобатчи ташкилотларнинг бу жиноятга алоқадорлиги ҳам текширилиши маълум қилинди.

30 январ куни Тергов қўмитаси аввалига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми (Икки ва ундан кўп одамни ўлдириш) асосида жиноий иш очгани тўғрисида хабар бергани, бир неча соатдан кейин эса модда енгиллаштирилиб, 167-2 модда (Одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган бировнинг мулкини қасддан йўқ қилиш)га ўзгартирилди.

Тергов қўмитаси томонидан муҳрланган тикув цехи эшиги
Тергов қўмитаси томонидан муҳрланган тикув цехи эшиги

Терговнинг билдиришича, Строминкадаги тикув цехи жойлашган бинода 22та фирма қайдда тургани, ёниб кетган бино “Интеграл Дизайн” ОАЖига тегишлидир. “Интеграл Дизайн” бинони турли ширкатларга ижарага бериб келган.

Айрим маълумотлардан тикув цехи бошлиғи Алимбек Тўғузақов исмли шахс экани, ёнғин вайрон қилган бино ичкарисида унинг ўғли Эркинбек исмли йигит ҳам қолиб кетганини аниқлади. Эркинбек тикув цехини бошқариб, тикувчилар устидан назорат қилиб келгани ҳам айтилди.

Ўт ўчирувчилар нобуд бўлган ўзбекистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари хавфсизлик техникасини қўпол бузган ҳолда ишлаб чиқариш биносида яшаб келганини таъкидлади.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғиндан бир кун аввал тикув цехи жойлашган бино 370 миллион рублга сотувга қўйилгани терговчилар эътиборини тортган.

Озодлик Москвадаги тикув цехларида анчадан буён ишлаб келаётган ўзбек муҳожири билан бундай ташкилотлар фаолияти борасида суҳбатлашди.

Андижонлик Ҳавасбек одатда фожеага ишчиларнинг ёнғин хавфсизлигига риоя қилмагани сабаб бўлади, дейди.

- Интернетда тикувчилик, чеварчиликка “Работа с проживанием”, яъни “ётоғи билан” деган ишга чорловчи рекламалар сероб. Айниқса, бизнинг ўзбекистонликлар, қирғизистонликлар ва тожикистонликлар айни шундан иш берувчини истайди. Биласиз, Москвада ётоқ қиммат, метро ҳаражатлари бор... “Массовка” дейиладиган иш қизғин бўлган пайтда баъзан чарчаганидан қўлида сигарет билан иш жойида ухлаб қолади. “Массовка” эрталабдан кечгача бир жойда ўтириб иш қилинадиган вақтга айтилади. Молдаванлар, беларус ва украинлар кўнмайди, 8-дан 5-гача ишлайди. Бизнинг ўзбек-қирғизлар эса катта заказ келса, эрталабгача ҳам ишлаб бераверади. Шу сабаб иш берувчига булар қулай! Бизникилар тезда тикиб беради ухламасдан, иш берувчи пулни берганидан кейин эса “байрам” бўлади. Ичкилик олиб келишади, эрталабгача ўтиришади, қаттиқ маст бўлиб қолишади, деди Ҳавасбек.

Ўзбек муҳожири кўп ҳолларда иш берувчи рухсати билан болаларини ҳам олиб келишини айтди.

Ҳавасбек билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:27 0:00
Бевосита линк

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянин МЧС ва миграция хизматига Россия пойтахтидаги барча саноат ҳудудларини текширувдан ўтказишни буюрди.

Содир бўлган ёнғин - одамлар, жумладан, болалар умрини олиб кетган катта фожеа. Бунга йўл қўймаслик керак. МЧС ва миграция хизматига нолегал мигрантларни аниқлаш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини текшириб кўришни буюрдим”, деб ёзди Твиттер саҳифасида Москва мэри.

Ёнғин жойида тергов ишлари давом этмоқда
Ёнғин жойида тергов ишлари давом этмоқда

Москва прокуратураси Сокольникидаги ёнғинда ўт ўчирувчилар, Шарқий округ ФМС ва полиция ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан текширув ишларини бошлади.

Озодлик мухбирлари ёнғин содир бўлган саноат зонасидаги барча корхона-ширкатлар иши ҳозирда тўхтатилгани, бино полиция ходимлари томонидан қўриқланаётганини аниқлади.

Москва шаҳар Федерал миграция хизмати вакиллари Собянин буйруғи бўйича иш олиб борилаётганини Озодликка тасдиқлашди:

- Аслида бу текширувлар доимий равишда олиб борилади. Собянин буйруғи асосидаги янги текширувларга оид ҳозирда махсус мажлис бўлиб ўтмоқда. Қўшимча тадбирлар тўғрисида кейинроқ хабар берамиз, деди Москва ФМС бошқармасининг ўзини Татьяна, деб тарништирган вакили.

Москвага ҳодисани шахсий назоратига олган Қирғизистон бош вазири муовини Гулмира Кудайбердиева жўнатилгани, мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев, ўз ўрнида, Строминкада куйиб ўлган қирғизистонлик муҳожирлар оилаларига моддий кўмак беришни буюргани маълум бўлди.

Москвадаги тикувчилик цехларидан бирида 31 январга ўтар кечаси чиққан ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 12 киши Марказий Осиёдан Россияга ишлаш учун келган муҳожирлар экани, улардан икки нафари Ўзбекистон фуқароси, қолганлари Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан бўлган мигрантлар бўлгани расман маълум қилинди. Нобуд бўлганлар орасида 2 нафар балоғатга етмаган бола ва битта чақалоқ ҳам бўлгани хабар қилинган эди.

Ёнғин пайтида бинодан тўрт киши қочиб чиқишга улгурган. Улардан икки нафари қирғизистонлик, бир нафари ўзбекистонлик ва бир нафари Россия фуқаролигини қабул қилган этник қирғиздир. Яна бир ўзбекистонлик енгил жароҳат олгани айтилди.

Ўлган ва жароҳат олган ўзбекистонликларнинг шахсига оид бирор ортиқча маълумот берилганича йўқ.

XS
SM
MD
LG