Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

OzodlikOnline: Ўзбек ижодкорларидан кимларни ўқигансиз¸ ўқияпсиз ëки ўқимоқчисиз?


Кечган ҳафта мумтоз ўзбек адабиëтининг асосчи оталаридан саналган Навоий ва Бобур таваллуд кунлари Ўзбекистон ва унинг ташқарисида турли тадбирлар орқали ëд қилинди. Бир йилда бир марта ўтказиладиган навоийхонликлару BoburDayдан бошқа 364 кун ичида бу шоирларни ўқиëтган борми? Айни пайтда¸ “истиқлол йилларининг муҳташам ўзгаришлари”ни тараннум қилиш вазифаси юклатилган замонавий ëзарлардан кимларни биласизу¸ қай китобини ўқигансиз? Душанба кунги жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

Интернет¸ хусусан¸ мобил телефонларга мослашган ижтимоий тармоқлар замонавий одамларнинг ахборотга бўлган ташналигини қондирувчи асосий воситага айланган ҳозирги кунларда жаҳон бўйлаб китоб ўқувчилар сони кескин камайиб бормоқда.

Айни пайтда¸ халқаро майдонда¸ хусусан¸ Ғарбда ўтказилаëтган ижтимоий сўров ва тадқиқотларга қараганда¸ янги электрон китоб ўқувчилар авлоди шаклланган ва э-китоб ўқувчилари сони ошиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқлар¸ Ўзбекистонда ҳам ëшлар ҳаëтининг шаклланишида кучли таъсир воситаси¸ëхуд¸ Каримов айтмоқчи¸ “бало”га айланиб улгурган бўлса ҳам¸ ҳозирча мамлакат аҳолиси¸ айниқса¸ ëш авлоднинг электрон китоб ўқишни одат қилганини кўрсатувчи далиллар йўқ ҳисоби.

Айрим ўзбек ашулачиларининг Twitter орқали ëшларни “бемаза Ғарб” анъанаси сифатида қора рўйхатга тушган Авлиë Валентин ëки Севишганлар кунига қасдма-қасд14 феврални BoburDay – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд куни байрамига айлантириш уринишлари самимий бобурсеварликдан кўра ҳукумат идеологлари кўрсатмасини бажариш сифатида кўрилмоқда.

Умумжаҳон трендлари баробарида¸қарийб 20 йилдирки¸ Ўзбекистон мактаб-коллежларини битирар-битирмас миллионлаб ëшларнинг хориж¸ асосан¸ Россияга меҳнат муҳожиратига чиқиб кетиши¸ уларнинг бу ерда асосан¸ қора меҳнат билан шуғулланиши ортидан китоб ўқиш бу қатлам ўзбеклар учун бегона ҳодисага айланиб бормоқда.

Сиз ўзингизни китоб ўқувчилардан деб биласизми?

Китобхонлардан бўлсангиз¸ сўнгги марта ўзбек шоир-ëзувчиларидан кимни¸ қай шаклда (онлайн ëки босма китоб) ўқидингиз?

Ўзбек ижодкорларидан, хусусан¸ замонавий ўзбек ëзувчи-шоирларидан қай бирига севимли сифатини қўллаган бўлардингиз?

Атрофингизда китоб ўқувчилар кўпми¸ ëки аксинча?

Бугунги ўзбек жамиятида ижодкорга муносабат¸ Сизнинча¸ қандай?

Бу каби саволлар атрофидаги мулоҳазаларингиз билан душанба¸ 15 февраль куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар бўладиган жонли мулоқотда қатнашинг. Суҳбатга OzodSkype, OzodOvoz, OzodlikOnline Skype манзиллари орқали қўшилишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG